Жаҳон | 16:16 / 04.12.2024
5605
7 дақиқада ўқилади

Россия армиясига кўнгиллилар оқими сезиларли қисқарди — тўлов икки баробар ортган бўлса ҳам

Ҳозирги кунда Россия Федерацияси Қуролли кучларига кунига ўртача 600 нафар кўнгилли аскар жалб қилинмоқда. Бу эса ҳозирги кундаги кунлик йўқотишлар сонидан кам бўлиши мумкин.

Дмитрий Ловецкий / AP / Scanpix / LETA

Россия Федерал бюджети ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисоботлар Россия Қуролли кучларига шартнома асосида ҳарбий хизматга жалб қилинаётган аскарлар миқёсини аниқлаш мумкин бўлган кам сонли воситалардан бири. Бу ҳужжатдан давлатнинг шартнома имзолаш учун тўловлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам ўрин олган ва уларга асосан мустақил тадқиқотчилар ҳар уч ойда Россия армияси сафига бориб қўшилаётган кўнгиллиларнинг тахминий сонини аниқлай олишади. «Медуза» нашри бюджетнинг июл-сентябр ойларидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботга кўра шу услубиятдан фойдаланиб, натижани аввалги чораклар билан таққослаб кўрди ва айни пайтда шартнома асосида хизматга жалб қилиш суръатлари Россия армиясининг урушдаги тикланмас йўқотишлари суръатларидан анча паст бўлиши мумкин, деган хулосага келди.

Россия армиясига шартнома асосида хизматга жалб қилинаётганлар сонида 2024 йилнинг учинчи чорагида иккинчи чоракка нисбатан сезиларли қисқариш рўй берган. Бу Бюджет тизими ягона порталига жойлаштирилган федерал тизим ижроси тўғрисидаги ҳисоботда акс этган.

1 октябрга келиб шартнома асосида ҳарбий хизмат ўтаётган аскарларга бир марталик тўловлар учун умумий суммада 48,56 млрд рубл сарфланган. Бу биринчи ярим йиллик натижаларидан 16,14 млрд рублга кўп. Иккинчи чоракда тўловлар суммаси 18,1 млрд рублдан иборат бўлган. Уларнинг катта қисми — 47,4 млрди армияга ва фақат 1,13 млрди Миллий гвардияга тўғри келади.

Шартнома асосида жанг қилаётганлар учун бир марталик тўловга умумий харажатлар пасайиши ўша тўловлар миқдори икки марта оширилиши фонида юз берган. Владимир Путиннинг 2024 йил 31 июлдаги фармонига кўра, 1 августдан йил охиригача Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганлик учун бир марталик федерал тўлов 195 минг рублдан 400 минг рублгача оширилганди. Бунгача белгиланган «нархлар» 2022 йил 21 сентябридан буён амал қилиб келаётганди.

Шартнома имзолаган чоғда аскар қўлга киритадиган бир марталик тўловларнинг катта қисмини федерал эмас, маҳаллий бюджетлар қоплаб беради. Айни пайтда аксарият жойларда улар бир неча миллион рублга етган, боз устига, ҳудудларга қараб суммалар фарқланади ва доимо ошиб бормоқда.

Федерал бюджетдан марказлаштирилган ва фиксация қилинган тўлов мавжудлиги шартнома асосида хизматга жалб қилиш динамикасини кузатиш имконини беради. Бюджет харажатлари тўғрисидаги ҳисоботлар бўйича умумий харажатлар суммаси ҳамда 195 минг рубллик (1 августдан 400 минг рубллик) федерал тўлов миқдорини билиб, имзоланган шартномалар сони ва кўнгиллиларни хизматга жалб қилиш динамикасини осонгина ҳисоблаб топиш мумкин.

  • Август ойи бошларида, биринчи бюджет чораги ижроси натижаларига кўра «Важние истории» нашри шундай ҳисоб-китоб юритиб, армия Мудофаа вазирлиги таъкидлаётганидан бир ярим баробар камроқ кўнгиллиларини армияга жалб қилаётгани тўғрисида хулосага келган.
  • Сентябр ойи бошларида «Важние истории» нашри учун кейинги чорак учун ҳисоботга қараб, Германия халқаро муносабатлар ва хавфсизлик институт ходими Янис Клюге ҳисоб-китоб қилиб берган.

2024 йилнинг уч чораги учун маълумотларга эга бўлиб, уларни 2022 ва 2023 йиллардаги тарихий ҳисоботлар билан умумлаштириб, «Медуза» нашри услубиётни бироз ўзгартирган ҳолда ҳисоб-китоб қилган.

Тўловларнинг умумий суммасига қараб шартнома тузганларнинг сонини аниқлаб топиш икки омилга кўра мураккаб ҳисоблади.

  • Биринчидан, шартнома имзолаш, бунинг учун маблағ ўтказиб бериш ва тўлов харажатларини бюджет ҳисоботларига киритиш давомида анча вақт ўтади. Бу кечикишнинг давомийигини баҳолаш қийин. Бундай муддат борлигидан йилнинг сўнгги чорагида — ажратилган бюджетни «ёпиш» талаб қилинган чоғда тўловлар миқдори кескин ошиб кетиши ҳам далолат беради. Лекин шуни ҳам инобатга олиш керакки, бемлол кечиктириш мумкин бўлган бошқа (ярадорлар ва ҳалок бўлганларга) бюджет тўловларидан фарқли равишда, шартнома тузганлик учун тўлов инсоннинг шартнома тузиш ёки тузмаслик қарорига бевосита таъсир кўрсатади. Бу тўлов бўйича кечикишлар бир неча ойдан ошмаслиги керак.
  • Иккинчидан, 1 августдан (чоракдаги уч ойнинг иккинчисидан) бошлаб тўлов миқдорининг икки баробар оширилиши бутун учинчи чорак бўйича тўловнинг ўртача миқдори қанча бўлганида ноаниқлик яратади. Бу ўртача қийматга шартнома тузган инсонларнинг ҳисобий сони бевосита боғлиқ.

Шартнома тузилган сана ва тўловнинг бюджет харажатлари сирасига киритилиши ўртасидаги кечикиш икки ойни ташкил этади, дейилган сценарийда учинчи кварталда ҳам тўловларнинг реал миқдори аввалгидек, 195 минг рубл даражасида қолиши керак. Бундан ҳисобот даврида 82 минг нафар янги шартнома имзолаган аскар сони келиб чиқади. Шундай «максимал» вариантда ҳам бу рақам иккинчи чоракдаги 93 минг одам ва 2023 йилнинг учинчи чорагидаги 113 минг одамга нисбатан кам.

Ёзда кўнгиллиларни жалб қилиш имконияти сарфланиб бўлгани ва тўловлар миқдори 400 минг рубл миқдоригача икки баробар оширилгунга қадар ҳеч ким шартнома имзолаган, деб олинадиган тескари сценарийда шартнома имзолаганларнинг умумий сони 40,3 минг кишини ташкил этади. Бу энг эҳтимоли паст сценарий ва янги кўнгиллилар сонининг энг қуйи чегарасидир.

Кечикишларни ҳам, тўлов миқдори оширилгани учун шартнома имзолаганлар сони ошишини ҳам инобатга олмайдиган энг консерватив ва оддий сценарий ҳам бор. Бу ҳолатда тўловларнинг ўртача («самарали») миқдори ⅓ × 195К + ⅔ × 400К = 332 минг рублни ташкил этади. Учинчи чоракда шартнома имзолаган кўнгиллиларнинг умумий сони 49 мингни ташкил этади. Бу кунига 500-600 нафар янги аскарлар жалб қилинаётганидан далолат беради.

Аввалроқ, «Медуза» ўзининг сўнгги баҳолашида 2024 йил ўрталарига келиб, РФ Қуролли кучларининг фронтда ўлаётган аскарлари сони ошиб бораётгани ва кунига 200-250 нафарни ташкил этаётгани ҳақида ёзган эди. Ўлганларни умумий йўқотишларга қўшувчи консерватив коэффициент (у 2022 йилда тўланган компенсацияларга асосланган, унга кўра ушбу урушда ўлган ҳар бир кишига 1,7-2 нафар оғир жароҳатланган аскар тўғри келишини билдиради) ҳисобга олинса, бу кунига 600-750 нафар аскар тикланмас тарзда тўлиқ сафдан чиқаётганини билдиради.

Шундай қилиб, анча ноаниқлик ва кўплаб эҳтимолларга қарамасдан, янги маълумотлар чиққунга қадар ҳозирги мавжуд маълумотларга асосланган ҳолда урушга янги жалб қилинаётган аскарлар ўртача ҳолатда йўқотишлар ўрнини тўлиқ боса олмаяпти, деган хулосага келиш мумкин. Янада қатъият билан айтиш мумкинки, ҳозирги вазият РФ Қуролли кучларига сезиларли катта захиралар яратиш имкониятини тақдим эта олмайди. Бироқ, кескин «коллапс» пайдо бўлишига ҳам изн бермайди.

Мавзуга оид