Ўзбекистон | 17:15 / 04.12.2024
3918
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги Ашхобод боғи вақтинча ёпилди

Ашхобод боғи маъмурияти 14 декабргача боғ ташрифлар учун ёпиқ бўлишини маълум қилди.

Тошкент шаҳрида Ашхобод боғи вақтинча ёпилди. Бу ҳақда боғ маъмурияти хабар берди.

Қайд этилишича, боғ 14 декабргача ташрифлар учун ёпиқ бўлади. Бу вақт оралиғида боғда Янги йил байрамига тайёргарлик кўрилади.

Пойтахтдаги Ашхобод боғи 2018 йил апрел ойи охирида очилган эди. Ушбу боғнинг умумий майдони 12 гектарни ташкил этади. Бу ерда битта 1180 метр квадратни ташкил этувчи усти ёпиқ иншоот ичида 26 та ҳамда 31 очиқ типдаги ўйин аттракционлари, нуронийлар маскани, музқаймоқ ва салқин ичимликлар шохобчалари қурилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июн куни Ашхобод боғида 20 минг дона ўйинчоқ ва музқаймоқ текин тарқатилиши ҳақида эълон берилганди. Шундан сўнг 1 июн куни боғга жуда кўп одам келган. Оқибатда боғда тартибсизлик юз берган ва одамлар ўртасида ўзаро жанжал юзага келган. Айрим кўчаларда автомобилларнинг йирик тирбандлиги кузатилган, маълум вақт метро вагонларига одам сиғмай қолган.

Кейинроқ Ашхобод боғида фуқароларга хавф туғдирган тадбирни ўтказган боғ директори, унинг ўринбосари ва реклама бўлими бошлиғи 15 суткага қамалган эди.

Мавзуга оид