Спорт | 22:27 / 04.12.2024
3374
2 дақиқада ўқилади

Улуғбек Рашитов жаҳоннинг 2024 йилдаги энг яхши таэквондочиси бўлди

4 декабр куни Бутунжаҳон таэквондо федерацияси (WТ) 2024 йилнинг энг яхшиларини аниқлаш учун спортчилар ва мураббийлар ўртасидаги овоз бериш якунларини эълон қилди.

Овоз бериш натижаларига кўра, йилнинг энг яхши эркак спортчиси номинациясида Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси, икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби Улуғбек Рашитов ғолиб бўлди.

Тақдирлаш маросими Ҳонгконгда давом этаётган пумсе бўйича жаҳон чемпионати доирасида бўлиб ўтди. Унда чемпионимиз Улуғбек Рашитов ҳам иштирок этиб, Бутунжаҳон таэквондо федерацияси бош котиби Сео Жеонгкангдан ўз совринини қабул қилиб олди.

Қайд этиш жоиз, ўзбек таэквондочиси илк бор жаҳонда тенгсиз деб топилди. Бунга қадар юқори натижаларга эришган спортчиларимиз дунё миқёсида эътироф этилмаган эди.

Таэквондо бўйича жаҳоннинг 2024 йилдаги лауреатлари:

«Йилнинг энг яхши эркак спортчиси» — Улуғбек Рашитов (Ўзбекистон)

«Йилнинг энг яхши аёл спортчиси» — Вивиана Мартон (Венгрия)

«Йилнинг энг яхши аёл пара спортчиси» — Леонор Ангелика Эспиноза (Перу)

«Йилнинг энг яхши эркак пара спортчиси» — Имомиддин Халилов (Озарбойжон)

«Йилнинг энг яхши зарбаси соҳиби» — Парк Теэжун (Корея Республикаси)

«Йилнинг энг яхши мураббийи» — Есбол Султанов (Тунис)

«Йилнинг энг яхши пара мураббийи» — Эндрю Дир (Буюк Британия)

«Йилнинг энг яхши Олимпия ҳаками» — Муҳамадали Элсаед (Миср)

«Йилнинг энг яхши Паралимпия ҳаками» — Паула Рамирес Руис (Испания).

Мавзуга оид