Жаҳон | 19:31 / 05.12.2024
1389
2 дақиқада ўқилади

Apple Индонезиядаги ишлаб чиқариш корхоналарига 1 млрд доллар сармоя киритади

Октябр ойида Индонезияда iPhone 16 сотуви тақиқланган эди. Шундан сўнг Америка компанияси мамлакатда 100 млн долларлик завод қуриш таклифи билан чиққан, аммо Индонезия ҳукумати ушбу таклифни рад этган.

Фото: Bloomberg

Apple технологик гиганти смартфонлар ва бошқа маҳсулотлар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарадиган Индонезиядаги корхонага 1 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат инвестиция вазири Росан Руслани маълум қилди.

Октябр ойида Индонезия Appleʼни мамлакат қонунларига риоя қилмасликда айблаб, iPhone 16 сотувини тақиқлаб қўйганди. Индонезия қонунчилигига кўра, мамлакатда сотиладиган телефонларнинг камида 40 фоиз эҳтиёт қисмлари маҳаллий ишлаб чиқаришга эга бўлиши керак.

Русланининг журналистларга маълум қилишича, ўзаро келишув шартлари ҳозирда ишлаб чиқилмоқда, аммо у инвестиция ҳажми 1 миллиард долларни ташкил этишини тасдиқлаган.

Ўтган ҳафта ҳукумат Appleʼнинг аксессуарлар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган 100 миллион долларлик заводни қуриш таклифини рад этганди.

Ноябр бошларида Apple корпорацияси Globalstar сунъий йўлдош компаниясига қарийб 1,5 миллиард доллар сармоя киритмоқчи экани тўғрисида хабар берилганди. Globalstar сунъий йўлдош тармоғидан ҳозирда iPhoneʼлардаги фавқулодда хабар юбориш хизматини бошқаришда фойдаланилмоқда. Мазкур функция илк бор iPhone 14 қурилмасида ишга туширилган ва унинг ёрдамида фавқулодда вазиятларда сунъий йўлдош орқали матнли хабар йўллаш мумкин.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид