Фан-техника | 14:42 / 05.12.2024
2507
2 дақиқада ўқилади

Руҳий касалликлар бош мия ҳажмини кичрайтиради

Техас университети олимлари руҳий касалликларнинг бош мия ҳажмига таъсири ҳақида қизиқ маълумотларга дуч келди.

Фото: Shutterstock

Илмий изланиш натижалари Molecular Psychiatry журналида эълон қилинди. Олимларнинг аниқлашича, шизофрения ва аутизм билан боғлиқ касалликлар гуруҳи мия ҳажмининг қисқаришига олиб келади. Tbx1 гени олиб ташланган лаборатория сичқонларининг мияси ва ижтимоий хулқ-атворини ўрганиш бўйича ўтказилган тажрибада шундай хулосага келинди. Бу гендан маҳрум бўлган сичқонлар миясида маълумотларни қайта ишлаш жуда секин кечган.

Тадқиқотчилар руҳий бузилишларнинг мияга таъсирини баҳолаш учун иккита тестдан фойдаланди: фазовий хотира сифатини аниқлашда Моррис лабиринти, диққатни тез ўзгартириш қобилиятини текширишда яна бир тест ўтказилди. Иккинчи тест ёрдамида когнитив мослашувчанлик, яъни тирик мавжудотнинг бир вазифадан бошқасига тезда ўтиш қобилияти текширилади, бу эса қарор қабул қилиш жараёнига бевосита таъсир кўрсатади.

Tbx1 гени етишмайдиган тажриба сичқонлари соғлом сичқонларга нисбатан анча паст натижалар кўрсатди. Биологлар ушбу генсиз сичқонларда бодомсимон без ва унинг атрофидаги мия пўстлоғи ҳажми кичрайганини аниқлади. Миядаги бодомсимон без тирик мавжудотларнинг ҳиссий хулқ-атворини бошқаришда муҳим аҳамиятга эга. Без ҳажмининг кичиклиги индивиднинг тўлақонли ижтимоий фаолияти ва фаоллигига тўсқинлик қилади.

Аввалги тадқиқотда болаликдаги қийинчиликлар миянинг ривожланишини секинлаштириши маълум бўлганди. Эрта ёшда бошдан кечирилган салбий тажрибалар инсоннинг руҳий саломатлиги ва фаровонлигига таъсир ўтказиб, чуқур из қолдириши мумкин.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид