Жаҳон | 13:33 / 05.12.2024
1280
3 дақиқада ўқилади

Шолц: Украина қочқинларга Германияда иш топишда ёрдам бермоқчи

Шолцнинг сўзларига кўра, Зеленский унга Германия ва Полшада қочқинларга ишга жойлашиш ёки ўз ватанларига қайтишга ёрдам берадиган Украина органларини яратиш ниятида эканлигини айтган.

Фото: REUTERS/Axel Schmidt

Киев расмийлари украиналик қочқинларнинг Германияда иш топишида ёрдам бермоқчи. Бу ҳақда 4 декабр, чоршанба куни Германия канцлери Олаф Шолц айтди, деб ёзмоқда Reuters агентлиги.

Шолцнинг сўзларига кўра, Украина президенти Володимир Зеленский унга Германия ва Полшада қочқинларга иш топиш ёки ўз ватанларига қайтишда ёрдам берадиган Украина органларини яратиш ниятида эканлигини айтди. «Биз бу йўналишда ҳамкорлик қила оламиз», деб таъкидлади Германия вазирлар маҳкамаси раҳбари Бундестаг депутатларининг саволларига жавоб берар экан.

Германия канцлери 2 декабр куни Украинага ташриф буюрди ва у ерда Зеленский билан узоқ муддатли учрашув ўтказди.

Reuters таъкидлаганидек, Германиядаги миллиондан ортиқ қочқиннинг кўпи бу мамлакатда иш топмаган. Шу билан бирга, Киев расмийлари ҳарбий хизматга яроқли эркакларни ватанига қайтаришдан манфаатдор.

Шолц немис аскарларини Украинага юбориш имкониятини рад этди

Олаф Шолц айни босқичда немис аскарларини Украинага юбориш имкониятини ҳам рад этди. «Мен учун бу ҳарбий вазиятда қуруқликдаги кучлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», деди у. «Ҳозирги вазиятда немис қўшинлари ёки аскарлари Украинага юборилишини истисно қиламан», деди канцлер. Шу билан бирга, у агар шундай келишувларга эришилса, Берлин Украинада ўт очишни тўхтатиш режимини сақлаш учун хавфсизлик кучларида иштирок этиши мумкинми, деган саволга жавоб беришдан қочди, деб ёзади Reuters.

Германиядаги мухолифат Шолцнинг Киевга ташрифини танқид қилди

Германия мухолифат партиялари Германия канцлери Олаф Шолцнинг Украинага ташрифини кескин танқид қилди. «Шолц Украина халқи ҳисобидан сайловолди ташвиқотини олиб боряпти ва шу билан бирга, Россиянинг қўрқинчли баёнотларидан фойдаланяпти», деди Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ташқи сиёсати эксперти Родерих Кизеветтер 2 декабр куни Augsburger Allgemeine нашрига. «Бу нафақат уятли, балки Германияни тобора яккалаб қўяди ва бизнинг хавфсизлигимизга хавф туғдиради», дейди Кизеветтер.

Украинага қилган қисқа сафари билан канцлер «Германияда ўзининг масъулиятсиз сайлов кампанияси бўйича ўсиб бораётган танқидларни» камайтирмоқчи бўлди, дея қўшимча қилди христиан-демократ. Украина НАТОга зудлик билан таклиф қилишни, узоқ масофали ракеталар билан таъминлашни ва Россиядаги ҳарбий нишонларга Ғарб қуроллари билан зарбалар йўллашга рухсат беришни талаб қилмоқда, аммо Шолц бу талабларнинг барчасини қатъиян рад этади, деди Родерих Кизеветтер. «Канцлер Россия билан махсус тинчлик ўрнатиш орқали урушни бошқариши мумкинлигига ишониб, жамоатчиликни чалғитмоқда», деб таъкидлади ХДИ ташқи сиёсати эксперти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид