Жаҳон | 22:01 / 06.12.2024
4185
2 дақиқада ўқилади

Reuters: ЕИга аъзо давлатлар элчилари Россияга қарши санкцияларнинг 15-пакетини келиша олмади

Санкциялар пакетининг қабул қилинишини иккита давлат блоклаган, аммо улар қайсилар эканига аниқлик киритилмаган. Янги пакет Россия нефтини ташувчи танкерларга қарши санкцияларни ҳам ўз ичига олган.

Фото: Getty Images 

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчилари Россияга қарши санкцияларнинг 15-пакетини келиша олмади. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўзининг дипломатик манбаларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, санкциялар пакетининг қабул қилинишини иккита давлат блоклаган, аммо улар қайсилар эканига аниқлик киритилмаган. Бунга Европа компаниялари Россиядан ўз инвестицияларини олиб чиқиб кетишига боғлиқ муддатни узайтириш борасидаги келишмовчилик сабаб бўлган.

Бундан ташқари, баҳс Чехияга Россия нефтидан олинган ва Словакия нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилган дизел ёнилғиси ҳамда бошқа маҳсулотларини импорт қилиш имконини берувчи имтиёзни узайтириш масаласи муҳокама қилинган вақтда ҳам юзага келган.

Reuters маълумотларига кўра, Чехия Россия ёнилғисини импорт қилишга рухсат берадиган имтиёз узайтирилишига интилмаётганини маълум қилган, Словакия эса аксинча, муддати 5 декабр куни тугаган битимни сақлаб қолиш ниятида.

15-пакет ўз ичига Россия нефтини ташувчи танкерларга қарши санцияларни ҳам олган. Агентликнинг ёзишича, ЕИ аъзолари келишувга кейинроқ қайтади.

Эслатиб ўтамиз, Россияга қарши санкцияларнинг 14-пакети 2024 йил июнда маъқулланган эди. Ушбу пакет билан Россия суюлтирилган газининг Европа портлари орқали транзитига чекловлар киритган ва учинчи мамлакатларда «шуъба» корхоналари бўлган компанияларга икки томонлама мақсадларга мўлжалланган технологияларни Россияга қайта экспорт қилишга рухсат бермаслик мажбуриятини юклаган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид