Жаҳон | 13:52 / 06.12.2024
3347
8 дақиқада ўқилади

Хон Юнусдаги навбатдаги қирғин, Ҳама шаҳридан айрилган Башар Асад ва терговга тортилган Жанубий Корея президенти — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил Ғазо марказидаги Хон Юнус шаҳрининг Ал-Мавасий туманида қочқинлар тўпланган ҳудудлар ва озиқ-овқат омборларига авиазарбалар берди. Ҳужумлар давомида Шайх Радвон ва Ан-Нафақ туманларидаги турар жой бинолари ҳам нишонга олинди.

Маҳаллий шифокорларнинг маълум қилишича, ҳужумларда камида 10 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, яна ўнлаб одамлар яраланган.

Шимолий Ғазо «фалокат зонаси» деб эълон қилинган. Жабалия, Байт Ҳанун ва Байт Лаҳия ҳудудларидаги ер, денгиз ва ҳаводан ҳужумлар жиддий ҳуманитар кризисга сабаб бўлмоқда.

Фаластинликлар геноциди 426 кундан буён давом этмоқда. Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бу даврда 44 минг 580 нафар инсон ҳалок бўлган. Уларнинг 17,5 мингдан зиёди ёш болалар. 105 минг 739 киши яраланган. Ўтган суткада 5 та оммавий қатл содир этилган, 48 киши ҳалок бўлган ва 201 киши яраланган.

Фаластин ерларини бошқариш

Фаластиннинг ҲАМАС ва ФАТҲ ҳаракатлари Қоҳирада ўтказилган музокаралар давомида Ғазо секторидаги урушдан кейинги бошқарувни амалга ошириш учун қўшма қўмита тузишга келишиб олдилар, деб хабар бермоқда AFP агентлиги.

Келишувга кўра, қўмита 10-15 нафар сиёсий жиҳатдан мустақил технократлардан иборат бўлиб, уларнинг аксарияти Ғазо секторида туғилган. Қўмита таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, ҳуманитар ёрдам ва ҳудудни тиклаш каби соҳаларни бошқариш учун масъул бўлади.

Ноябрь ойида ҲАМАС ҳаракати бундай қўмита тузиш ғоясини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган эди, аммо қўмита ҳудуддаги барча соҳаларни тўлиқ назорат қилиши шартлигини таъкидлаган. Бу таклиф Миср томонидан илгари сурилган бўлиб, ҲАМАС уни ижобий қабул қилган.

Суриядаги вазият

Суриядаги Ҳама шаҳри мухолифат қўлига ўтди. Асад режимига қарши исён кўтарганлар Ҳалабдан бошлаб Дамашқ томон юришда давом этмоқда. Сурия армияси шиддатли тўқнашувлардан сўнг шаҳардан чекинганини тасдиқлади. Ҳама — стратегик аҳамиятга эга бўлиб, у ҳукумат назоратида қолган эди. Исёнчилар шаҳар қамоқхонасидан маҳбусларни озод қилиб, шаҳар марказига яқинлашмоқда.

Ҳама — Ҳалабдан Дамашққа қадар йўлнинг учдан бир қисмидир, унинг эгалланиши мамлакатдаги яна бир йирик шаҳар Ҳомс томон йўл очади. Ҳомс эса Суриянинг аҳоли энг кўп яшовчи регионларини, хусусан, пойтахтни Ўрта Ер денгизи соҳилларида, Россия базалари жойлашган Тартус ва Латақия билан боғловчи йўллар чорраҳасида жойлашган.

Суриянинг катталиги бўйича бешинчи шаҳри ҳисобланадиган Ҳама фуқаролик уруши давомида Асад ҳукумати қўлида бўлган муҳим шаҳарлардан бири эди. Унинг қулаши Асад ҳукумати ва унинг Россия ва Эрон каби иттифоқчилари учун жиддий зарба бўлди. Туркия томонидан қўллаб-қувватланувчи мухолифат гуруҳлари ҳам ушбу юришда иштирок этмоқда.

Россия ва Эрон Асад ҳукуматини қўллаб-қувватлашни давом эттиришини маълум қилди. АҚШ эса исёнчиларнинг кутилмаган юришига алоқаси йўқлигини билдирди. Яқин Шарқ минтақаси беқарорликка янада яқинлашмоқда.

НАТОнинг Украина бўйича стратегияси ўзгарди

Bloomberg хабарига кўра, НАТО Украина бўйича стратегиясини ўзгартириб, унинг урушда ғалаба қозонишидан кўра, тинчлик музокараларида яхшироқ позицияга эга бўлишига эътибор қарата бошлаган. Энди алянс Россия босқинини тутиб туриш ва Украинага хавфсизлик кафолатлари бериш каби вариантларни муҳокама қилмоқда.

НАТОга аъзо давлатлар Украинага қурол-яроғ етказишни кучайтирган, бироқ можаро Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни сақлаб қолиш шарти билан музлатилиши мумкинлигини инобатга олмоқда. Шунингдек, демилитаризация зоналарини яратиш ҳақидаги сценарийлар ўрганилмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский Киевдаги матбуот анжуманида Украина ҳеч қачон Россия оккупациясини тан олмаслигини ва мамлакат ҳудудининг қайсидир қисмини НАТОга аъзо бўлиш эвазига қурбон қилмаслигини маълум қилди. Москва томонидан урушни якунлаш бўйича музокарага тайёрлик белгиси ҳозирча кўринмаяпти.

Корея президенти терговда

Жанубий Корея полицияси президент Юн Сук Ёлга нисбатан «давлатга хиёнат» ва «исён» айбловлари бўйича тергов бошлади.

Шикоятлар мухолифат партиялари ва фаоллар томонидан тақдим этилган. Президент ҳарбий ҳолат эълон қилган, аммо бу мухолифат ва фуқаролик жамияти томонидан конституцияга зид, деб баҳоланган.

Шикоятларда президентдан ташқари собиқ мудофаа вазири Ким Ёнг Ҳён, армия штаби бошлиғи генерал Пак Ан Су ва ички ишлар вазири Ли Сан Мин номи ҳам кўрсатилган.

Президент ҳарбий ҳолатни мухолифат мамлакатни инқирозга учратишга уринаётгани учун жорий қилганини айтган. Аммо Миллий ассамблея ҳарбий ҳолатни бекор қилиш резолюциясини қабул қилган ва ортидан президент қарорни бекор қилган.

Мухолифат Юн Сук Ёлга импичмент эълон қилишни талаб қилмоқда, фуқаролик ташкилотлари эса ҳукумат истеъфосини талаб қиляпти.

Франция ҳукумати истеъфога чиқди

Франция президенти Эммануэл Макрон мамлакат парламенти — Миллий мажлис томонидан ҳукуматга ишончсизлик вотуми билдирилганидан кейин бош вазир Мишел Барне ҳукуматининг истеъфосини қабул қилди. Барне янги бош вазир тайинлангунга қадар ўз лавозимида қолаверади. У замонавий Франция тарихида уч ойдан камроқ ишлаган биринчи бош вазир бўлди.

Миллий мажлисда 574 депутатдан 331 нафари ҳукуматга ишончсизлик билдириш учун овоз берган. Барне овоз бериш жараёнларини четлаб ўтиб, ижтимоий суғурта бюджети бўйича қонун қабул қилганидан кейин танқидга учраган эди.

Барне Франция ва Европа Иттифоқи даражасида катта сиёсий тажрибага эга. У Макрон давридаги бешинчи бош вазир ҳисобланади. Макрон сентябрь ойида Барнега бирлаштирувчи ҳукумат тузишни топширган эди.

Рубл қулашининг сабабларидан бири

Россия молия вазири Антон Силуанов рублнинг қулашига АҚШнинг «Газпромбанк»ка қарши қўллаган санкциялари сабаб бўлганини айтди. Унга кўра, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига янги ҳисоб-китоб имкониятлари топиш учун вақт керак ва курс яқин ҳафталарда барқарорлашади.

Силуанов шунингдек, рубл курсини мустаҳкамлаш учун валюта тушумларини сотиш меъёрларини оширишдан маъно йўқлигини таъкидлади.

Айни пайтда, Россия банки доллар учун расмий курсни 104,24 рубл атрофида белгилаган. Ноябр охирида курс 109,6 рублга чиқиб кетган эди, жумладан, Forex бозорида 1 доллар 114 рублдан ошган.

Марказий банк ички валюта бозорида чет эл валютаси харидини 2024 йил охиригача тўхтатганидан кейин курс тушишни бошлади. Владимир Путин вазият назоратда эканини ва валюта курси тебранишлари бир неча омилга боғлиқлигини маълум қилди.

Қирғизистон мадҳияни ўзгартирмоқчи

Қирғизистон 2025 йил май ойигача янги давлат мадҳиясини тасдиқлашни режалаштирмоқда. Парламент спикери Нурланбек Шакиевнинг таъкидлашича, янги мадҳия матни ва мусиқасини яратишда фуқароларни танловлар ва жамоатчилик муҳокамалари орқали жалб этиш зарур.

Шакиевнинг сўзларига кўра, амалдаги мадҳия Совет Иттифоқи давридаги Қирғизистон ССР мадҳиясига ўхшаш бўлиб, учинчи шахс номидан ёзилган. У янги мадҳия мамлакатнинг тараққиёт йўлини акс эттириши кераклигини таъкидлади. Президент Садир Жапаров ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, янги мадҳия ёшлар ва келажак авлодларга илҳом бағишлаши лозимлигини қайд этди.

Қайд этиш жоизки, 2023 йилда Қирғизистон давлат байроғига ўзгартиш киритилган бўлиб, унда қуёш нурларининг шакли тўғри чизиққа ўзгартирилган эди.

Шунингдек, янги мадҳияни яратиш жараёнида фуқароларнинг фаол иштироки таъминланиши режалаштирилган. Бу орқали янги мадҳия барча ёшдаги фуқаролар томонидан осон куйланадиган ва мамлакатнинг мустақиллик давридаги ютуқларини ифода этувчи рамзга айланиши кўзда тутилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид