Жаҳон | 13:23 / 08.12.2024
11671
18 дақиқада ўқилади

Мадҳияни янгилаётган Бишкек, сайлов белгилаган Душанбе ва Остонани тарк этаётган АҚШ элчиси — минтақа ҳафта ичида

Kun.uz ўтган ҳафта давомида Марказий Осиё ва унинг қўшниси Афғонистонда содир бўлган муҳим воқеалар тафсилоти билан ҳафталик таҳлилномада таништиради.

Қозоғистон президенти Саудия Арабистонига борди

Қозоғистон президенти ўтган ҳафта россиялик ҳамкасби Путиннинг давлат ташрифи  ҳамда Остонадаги  Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитини якунлаб олгач, бу ҳафта ишчи сафари билан Саудия Арабистонига борди. 3 декабр куни Ар-Риёдда Оне Ватер Суммит – Ягона сув саммити ўтказилди ва унда президент қатнашиб, нутқ сўзлади. Дунё давлатларидан йиғилган лидерлар олдида у сувни кўз қорачиғидек тежаш кераклигини гапирди. Сув хавфсизлиги барқарор ривожланиш, иқтисодий тараққиёт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш асоси, дейди Тўқаев Ар-Риёддаги саммитда.

«Дунё бўйлаб 2 миллиарддан ортиқ одамлар ҳали ҳам сифатли ичимлик сув билан таъминланмаган. 4 миллиарддан ортиқ аҳоли эса жиддий сув танқислигига дуч келган. Бугунги муаммолар барқарор келажагимиз учун ягона глобал жавоб чораларини талаб қилади. Саудия Арабистони қиролига сувдан азоб чекаётган давлатларга ёрдам режаси учун раҳмат айтаман. Кенг ҳудуд ва денгизга чиқиш имкони йўқ Қозоғистон сувнинг қадрини яхши билади. Сув чексиз бойлик эмас, уни кўз қорачиғидек асраш керак, барқарор тарақиёт шу билан» – Қосим-Жўмарт Тўқаев

Қозоғистоннинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш бўйича асосий приоритетларидан бири – сув ресурслари. Сув танқислиги бу давлатда ҳам озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, саноат ривожига таҳдид солмоқда. Сувни тежайдиган қишлоқ хўжалиги техникаларига ўтиш ва қайта тикланадиган энергия манбалари учун инвестиция экологик босимни бироз бўлса-да камайтириши мумкин. Қозоғистон сув лойиҳаларини амалга ошириш учун маблағ муҳим деб ўйлайди, иқлим масалалари бўйича бирламчи давлатлар билан мулоқотни кенгайтиришни истайди. 2026 йилда БМТ кўмагида Бутунжаҳон иқлим конференцияси ҳам Қозоғистонда ўтказиладиган бўлган.

Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳам Ар-Риёдда бўлди

Ягона сув саммитида шунингдек, Туркманистон Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳам қатнашиб, нутқ сўзлади. У ўз чиқишида сув ресурсларидан тенг ва адолатли фойдаланиш ҳақида гапирди.

«Сув масалалари кўп томонлама мулоқотнинг асосий мавзусига айланган. Бироқ икки асосий қоидага сўзсиз содиқ бўлиш керак: сувдан оқилона фойдаланиш ва адолатли фойдаланиш. Сув ресурслари – умумий мулкдир, ундан фойдаланишда ҳам халқаро стандартлар амал қилиши керак. Қабул қилинадиган қарорлар эса минтақанинг ҳар бир давлати манфаатларига мос тушиши керак».

Ўзбекистонда қонунчилар ҳукуматнинг ортиқча харажатларини регистрация қилди

Минтақанинг энг кўп аҳолисига эга Ўзбекистон ҳафта охирида бош қомуси қабул қилинган кунни нишонламоқда. 1992 йилда қабул қилинган Конституцияга бир неча бор ўзгартиришлар киритилган, хусусан 2023 йилда референдум билан давлат бош ҳужжати 65 фоизга ўзгарганди. Бу ҳафта республикада энг кўп муҳокамада бўлган мавзулардан яна бири давлат бюджети. Ўзбекистоннинг чиқими киримидан кўп, ҳукумат харажатларни камайтириш тарафдори, лекин шу харажатлар чегарасига яна амал қилолмади. Қонунчилик палатаси эса ташқи қарз лимитини кўтарди. Йил бошида қонун билан давлат кафолати остида 5 млрд доллардан ортиқ маблағ жалб қилинмаслиги белгиланган бўлса-да, энди бу чегара 7,3 млрд долларгача оширилди. Парламент қуйи палатаси 3 декабр куни давлат бюджети тўғрисидаги қонуннинг ташқи қарз лимитини ошириш қисмини бирданига уч ўқишдаёқ маъқуллади. Ҳужжатни Сенатга юборди. Овоз беришда эса на қаршилар, на бетарафлар топилмади. Депутатлар вазирлик ва идораларнинг 775,8 млн долларлик қўшимча сарф-харажатларини регистрация қилди, халқ вакиллари ҳужжатни муҳокама ҳам қилмай, 9 дақиқадаёқ жараёнга якун ясади, харажатлар қонунийлаштириб берилди. Харажатларни ошириш сабабларини эса асослайдиган одам топилмади.

Кореядаги сиёсий инқироз пайтида Жапаров Сеулда эди

Қирғизистон президенти бу ҳафта Кореяда бўлди. Ташриф билан Сеулга борган Жапаров президентлигидаги бу сафарини унутмаса керак. Сабаби Жанубий Кореядаги хаос ва сиёсий инқироз бошланган кунда Жапаров рафиқаси ҳамда делегацияси билан Сеулда эди. Корея президенти телевидение орқали мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди, бу эса мухолифатнинг қаттиқ қаршилигига учради. Парламент аъзолари, 190 депутат розилиги билан спикер ҳарбий ҳолатни бекор қилди ва президентдан ҳам уни бекор этишни талаб қилди. Асосий назоратни қўлига олишни режалаган Юн Сок Ёл 4 декабр тонгида ҳарбий ҳолатни бекор қилишга мажбур бўлди. Ўша саналарда Жапаров делегацияси Кореяда эди. 3 декабр куни асосий музокаралар ўтган, икки томонлама ҳужжатлар имзоланган бўлса, эртаси кунигаёқ ҳукуматга ишончсизлик даражаси ортиб, президент маъмурияти аъзолари бирин-кетин истеъфо бера бошлади. Қирғизистон медиаси президент ахборот хизматига асосланиб, Жапаров ва унинг делегацияси хавфсиз жойда экани ва уларга нисбатан хавф сезилмаганини ёзди. 4 декабр куни делегация сафарни якунлаб, ортга қайтган. Бундан ташқари, Кореядаги ҳарбий ҳолат ва ундан кейин сиёсий инқироз фонида Қозоғистон ва Корея мудофаа вазирларининг музокаралари ҳам бекор қилинган.

 Тожикистонда парламент сайлови бўлади

Тожикистонда эса президент Имомали Раҳмон навбатдаги парламент сайловлари санасини белгилади, бу 2025 йилнинг 2 март санаси. Мажлиси Олийнинг янги аъзоларини сайлаш бўйича сайлов кунини белгилаш хусусида қарор чиқарилди. Парламентнинг юқори палатаси учун сайлов эса 28 март санасида ўтказилади. Тожикистонда охирги марта парламент сайловлари 2020 йилнинг 1 мартида ўтказилганди. Парламентдаги 63 ўриннинг 47 таси ўшанда Тожикистон ХДПга насиб этган. Етти сиёсий партия қатнашган сайлов натижаларига мувофиқ Аграр партия 7 мандат, Иқтисодий ислоҳотлар партияси 5 та, Коммунистик партия 2 та, Демократик ва социалистик партия эса биттадан мандатга эга бўлганди. Социал-демократик партия эса белгиланган 5 фоизлик чегарадан ўта олмай, парламентда жойсиз қолганди.

Душанбедагилар ҳам 2025 йил учун давлат бюджетини тасдиқлади

Якунига етаётган ҳафтада Тожикистон парламенти қуйи палатаси ҳам 2025 йил учун давлат бюджети ҳамда 2026-2027 йиллар учун прогнозларни кўриб чиқиб, бу тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Лойиҳани депутатларга тақдим этган Молия вазири Файзулло Қаҳҳорзода келгуси йили бюджет даромадлари 15 фоиз ортишига ишонтирмоқда. Президент Раҳмон 2025 йил учун давлат бюджети кўрсаткичларини ошкор қиларкан, ички солиқ тушумларидан 22,7 млрд сомоний, божхона тушумларидан 10 млрд сомоний кўпроқ фойда олинишини маълум қилди. Инвестиция лойиҳаларига Тожикистон жами 11,2 млрд сомоний жалб қилмоқчи. Лекин бу давлат пулидан эмас, 60 фоизи халқаро грантлар, 40 фоизи эса кредит ҳисобига.

Туркманистон пахта мавсумини якунлади

Ўтган ҳафта давлат пахта мавсумига якун ясади. Республикада маҳаллий ҳокимият идоралари давлат сектори ходимларини сентябр ойидан бери йиғим-терим ишларига мажбуран сафарбар қилганди. Давлатга оппозицион руҳдаги нашр Turkmen.news хабарига кўра, пахтага чиққанлар на турар жой, на озиқ-овқат билан таъминланган. Теримчилар нотурар жойларда тунаб, озиқ-овқатига ўзи бош-қош бўлган. Маданият муассасалари, таълим ва ҳаттоки болалар боғчалари тарбиячилари ҳам пахтага чиққан. Мавсумга республиканинг шимолий Дошовуз вилояти нуқта қўйди. Бу ҳудудда «Дошовуз нефтгазстрой», «Дошовузтрансгаз» ходимлари ҳам пахтага чиқарилган. Далага боришни истамаганлар ўз шахсий маблағлари ҳисобидан теримчи ёллаган. Пахта мавсумида пул йиғди-йиғдилар ҳам кўпайган, касаба уюшмалари ўқитувчиларнинг ўзидан 10-12 марта 50 манатдан жами 500-600 манат ундирган. Бу жами 25-30 доллар дегани. Пахтага мажбурлаб чиқариш Халқаро меҳнат ташкилотининг Туркманистон қабул қилган мажбурий меҳнатга қарши йўл харитасига зиддир. Чунки ҳужжатда мулкчилик шаклидан қатъий назар корхоналарда ишлаётган шахсларни ва 18 ёшга тўлмаганларни пахтага мажбурлаб чиқариш тақиқланган эди. Халқаро меҳнат ташкилоти туркманларнинг пахта мавсумини жиддий кузатди. Расмий учрашувларда эса қатнашувчилар синчковлик билан танлаб олингани айтилади. Дошовуз ҳокими Довлетгелди Бабаев президент Сердар Бердимуҳаммедовга ахборот бераркан, пахтани сўнгги йиғиштириб олиш ишлари ўз жойида кетгани, теримчилар терган ҳаққи пулсиз қолмаётганини айтган.

 Садир Жапаров 56 ёшни қарши олди

6 декабр – Садир Жапаровнинг туғилган куни. Тракторчиликдан кейин сиёсий фаолиятини 2005 йилда бошлаган Жапаров 2021 йилдан бери Қирғизистон президенти. Инқилоб ортидан лавозимини тарк этган Сооранбай Жеэнбековдан кейин у президентликка сайланганди. 2005 йилги Лола инқилобидан сўнг Жапаров сиёсатда фаоллаша бошлаган. У собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг тарафдорларидан бўлган. 2012 йил кузида Қумтор олтин конини миллийлаштириш тарафдори бўлган намойишчилар Бишкекдаги президент қароргоҳини эгаллашга уринган. Суд эса намойишчилар етакчилари сифатида Ташиев ва Жапаровни айбдор деб топиб қамаган. Бироқ 2013 йилда улар оқланди. 2017 йилда Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида ушланган Жапаров 11 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Бироқ партия тарафдорлари Жапаровнинг қамалишига қарши норозилик намойишларини ўтказган. 2020 йил октябрдаги парламент сайлови натижалари Қирғизистонда яна намойишлар бошланишига сабаб бўлди. Ўшанда Жапаров озод қилингач, бош вазир лавозимини талаб қилди. Президент Жеэнбеков Жапаров номзодини рад этди, парламентдан қайта овоз беришни сўради. Жапаров яна муваффақиятли бош вазир лавозимига тасдиқланди, сўнгра Жеэнбеков истеъфо беришга мажбур бўлди. 2021 йил январидаги сайлов билан Жапаров Қирғизистон президентлигига сайланган. Уни туғилган куни билан ҳамкасби Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев табриклади.

Қозоғистонда бу йили 4 терактнинг олди олинган

Қозоғистонда 2024 йилда 4 та терактга тайёргарликнинг олди олинди. Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари бу хусусида президент Тўқаевга ҳисобот берди. Бундан ташқари, қўмита раиси Эрмек Сагимбаевнинг очиқлашича, яна 84 нафар шахс терроризм ва диний экстремизмда гумонланиб, судланган, 44 нафар шахс ҳибсга олинган. Терроризм ва экстремизмга алоқадор бўлган 824 нафар хорижликларнинг Қозоғистонга кириши олди олинган. Маълум бўлишича, террористик характердаги актларни содир этганликда гумонланиб қидирувда бўлган 6 нафар қозоғистонлик Сурия ва Туркиядан экстрадиция қилинган.

Шунингдек, ҳафта давомида президент Тўқаев Евросиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Бахитжон Сагинтаевни қабул қилиб, Қозоғистонда ўтадиган олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишига тайёргарликнинг бориши ҳақида ахборот олди. Президентга 26 декабр куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган саммит ҳақида ҳам ҳисобот берилди. 5 декабр куни Тўқаев АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп билан телефон орқали суҳбатлашди, уни ғалабаси билан яна табриклади. Акорда хабарига кўра, сиёсатчилар савдо, инвестициялар, ядро қуролларини тарқатмаслик бўйича ҳамкорликдан гаплашган. Тўқаев халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан Остонанинг позицияларини билдирган. Шундай қилиб Қозоғистон раҳбари минтақа президентлари ичидан биринчи бўлиб сайланган Трамп билан гаплашди. Эслатиб ўтиш жоизки, ҳозиргача бирор АҚШ президенти Марказий Осиёга келмаган. Байден 5 президент билан БМТ бош ассамблеяси доирасида минтақавий диалог С5+1 форматида кўришган. Шу йил охиригача Байден ё Қозоғистон ёки Ўзбекистонга ташриф буюриши мумкинлиги айтилганди, бироқ Байден ҳам минтақага келмайдиган бўлди.

АҚШнинг аввал Ўзбекистондаги, сўнгра Қозоғистондаги элчиси бўлган Дениел Розенблюм ўзининг 28 йиллик дипломатик фаолиятини якунлашини маълум қилди. У Қозоғистондаги элчи сифатида 2025 йилнинг 20 январида миссиясини тўлиқ якунлайди. Дипломат 2022 йилнинг 28 октябридан эътиборан бу давлатда Вашингтоннинг вакили бўлиб келаётганди.

Қирғизистонда аёл вазир ишдан кетди

Қирғизистонда ҳукумат таркибида бўлган саноқли аёллардан бири – Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазири Жилдиз Пўлатова лавозимидан кетди, сабаб сифатида эса унинг бошқа ишга ўтаётгани кўрсатилди. Пўлатованинг ишдан олинишидан кейин ҳукуматда 2 аёл вазир қолмоқда, булар Рақамли тараққиёт вазири – Нурия Кунтаева ҳамда маориф вазири Догдуркул Кендирбаева. Қирғизистонда ҳам раҳбарлик лавозимида ишлаётган аёллар кам. Ўтган йили парламент депутати Динара Ашимова давлат идораларида гендер балансини сақлаш учун комиссия тузишни талаб қилганди.

Бундан ташқари, Қирғизистон ҳақида яна бир янгилик шуки – республика ўз мадҳиясини янгиламоқчи. Бишкекдагилар фикрича, ҳозирги мадҳия собиқ иттифоқни эслатади. Парламент спикери Нурланбек Шакиев мадҳияни апрелгача ёзиб тугатиш кераклигини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, мадҳияни ўзгартириш масаласини кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиш керак бўлади.

«Мадҳия матни учун танлов ташкил этиш керак. Сўнгра уни халқ орасида кенг муҳокама қилиш зарур. Бунинг учун махсус комиссиялар тузиш талаб этилади».

Парламент матбуот хизматига кўра, йиғилиш иштирокчилари мадҳияни янгилаш ташаббуси бўйича бир хил эмас, турли фикрларга эга бўлган.

«Мавжуд мадҳиянинг қўшиқ қайтарма қисми Қирғиз ССР мадҳиясига ўхшаш экани ҳақида мисоллар келтирилди. Шунингдек, жамиятда мадҳиянинг учинчи шахс номидан ёзилгани борасида танқидий фикрлар мавжуд», –дейилади парламент матбуот хизматида.

Ҳафтанинг яна бир хабари шуки, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегаралари участкаларининг тавсифини тўлиқ якунлади. Қирғизистон томони бир неча ойдан сўнг масала бутунлай ҳал бўлишини таъкидламоқда. Икки давлат вакиллари 4 декабр куни Баткен шаҳрида кўришган. Ташиев ва Ятимов ишчи гуруҳларга давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича якуний ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини бошлашни топширди. Энди буёғига расмийлаштириш, парламентлар орқали ратификация қилиш ва президентларнинг имзолаши қолди, дейди Қирғизистон вакили. Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ва Тожикистон умумий чегараси 972 километрдан ошиқ. Ўнлаб баҳсли ҳудудлар туфайли вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар бўлиб туради. Икки томондан ҳам ҳар гал ўнлаб қурбонлар берилади.

Туркманистон президенти ДХК йиғилишини ўтказди

4 декабр куни президент Бердимуҳаммедов Давлат хавфсизлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказди. Унда Туркманистон кучишлатар ва ҳуқуқ-тартибот органларининг 1 йили муҳокама қилинган. Давлат медиаси ва асосан президент сиёсатини оқлайдиган Олтин асрнинг хабар қилишича, мажлисда хавфсизлик кенгаши котиби, бундан ташқари давлат мудофаа вазири сўзга чиқиб, тизимни рақамлаштиришни гапирган. Туркманистонда фуқароларни навбатдаги муддатли ҳарбий хизматга чақирув кўриб чиқилган. Сердар Бердимуҳаммедов эса соф мудофаа характеридаги Ватан ҳарбий доктринасини ҳаётга жорий қилиш бўйича вазифаларни белгилаб берган. Эътиборли жиҳати шуки, йиғилишда Туркманистоннинг бетараф эканига қайта-қайта тўхталишган. Мустақил ва бетараф ватанимизда қонун ва тартибни мустаҳкамлашга шу тузилмалар жавобгар, деган президент.

«Толибон» бошқарувидан ҳаракат аъзоларининг ўзи ҳам ташвишда

Афғонистонда «Толибон» ҳокимиятга келганидан 3 йил ўтиб, ҳаттоки ҳаракат аъзолари ҳам бошқарувдан ташвишда. Бу ҳақида афғон медиаси, хусусан машҳур нашр «Ҳашт-э субҳ» ёзди. Унда келишича, «Толибон» орадан 3 йил ўтса-да, барибир халқаро ташкилотлар ва турли давлатларнинг террорчилар рўйхатида қолмоқда. Тўғри, «Толибон» биринчи ва иккинчи марта ҳокимиятни эгаллашида сиёсат фарқ қилади. Биринчи гал ҳокимиятга келган толиблар ўта радикал бўлиб, инсониятга қарши жиноятлар ва оммавий қирғинларни ўтказган. Бироқ 2021 йил августда ҳокимиятга келганлар даврида ҳам собиқ хавфсизлик кучларини ўлдириш, муайян этник гуруҳларни мажбуран кўчириш, жинсий зўравонлик, қийноқлар, давлат ва хусусий мулкни талон-торож қилиш, ғайриинсоний чекловлар, хусусан, аёлларни нишонга олиш каби жиноятлар давом этмоқда. Нашрнинг ёзишича, 2021 йил Кобулга кириб келган «Толибон»нинг ташвиқотчилари гуруҳ ваҳшийликдан воз кечганини реклама қилган бўлса-да, бугунга келиб ҳатто ҳаракат аъзолари ичида ҳам бошқарувдан ташвишга тушаётганлар бор. Хусусан, 2024 йилнинг охирги чорагига келиб, Канада, Германия, Австралия ва Голландия «Толибон»га қарши инсон ҳуқуқлари ва аёлларга зўравонлик бўйича халқаро иш очтиришини маълум қилган. 20 та давлат буни маъқуллади, кейинчалик яна 6 давлат Испания, Франция, Люксембург Чили, Коста Рика, Мексика «Толибон»ни текширишга чақирди. Охирги 3 йилда «Толибон» қамоқхоналарида сақланганларга ғайриинсоний қийноқлар ҳамда жинсий зўравонлик қўллангани ҳам халқаро текширувларга сабаб бўлиши мумкин. Ўтган ҳафта Ўзбекистонга келган толиблар делегацияси эса асосан ҳамкорликни муҳокама қилгани айтилади. Афғон медиаси «Tolo news»га кўра, Афғонистон муваққат ҳукумати бош вазири ўринбосари Абдусалом Ҳанафий Ўзбекистон бош вазири Арипов билан мулоқот чоғида икки қўшни давлат яхши муносабатда эканини айтган. «Толибон» Тошкент билан турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш истаги борлигини қўшимча қилган.

«Толибон» матбуот котиби ўринбосари Ҳамдулла Фитрат сўзларига кўра, икки томон Афғонистон ва бошқа мамлакатларда савдо, транзит ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирган. Трансафғон лойиҳасини амалга ошириш алоҳида кўриб чиқилган. 

Ўзбекистон ва Хитой ўзаро визасиз режим жорий этди

Ўзбекистон ва Хитой ўзаро визасиз режимни жорий этди. 1 декабр куни Ченду шаҳрида икки давлат ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистон ва Хитой ҳукумати ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги битимни имзолади. Бу шартнома билан икки давлат фуқаролари икки ҳудудга визасиз тартибда кириб чиқади. Битимга мувофиқ давлат ҳудудларига кириб чиқиш ҳамда транзит ўтиш учун визасиз режим фақат 30 кун учун амал қилади. Ташқи ишлар вазирлигига кўра, мазкур шартнома икки давлат ички тартиб таомилларини бажарганидан сўнг кучга киради.

 Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид