Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москвага қочган Башар Асад, Сурияда ИШИД ва курдларга қарши зарбалар ва аннексияни кенгайтираётган Исроил — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Асад режимининг қулаши
Жаҳондаги диктатурага асосланган ҳокимиятлардан бири барҳам топди. Сурияда 57 йилдан буён ҳукмронлик қилиб келган Асадлар сулоласи ҳукмронлиги турли инқилобий кучларнинг ҳар томондан мамлакат пойтахти Дамашқни сиқувга олганига дош бера олмади.
Яқиндагина халқнинг 95 фоиз овози билан президентликка қайта сайлангани эълон қилинган Башар Асад эса Москвага қочгани маълум бўлди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди. Гарчи бунгача Башар Асад Дамашқдан қочаётиб, Ил-76 самолётида авиаҳалокатга учраган, деган асосланмаган хабарлар тарқалаётган эди.
Россия ва Эроннинг ёрдами билан тирик бўлиб турган Башар Асаднинг золим режими қулашини Суриянинг ўзида ва чет элда яшовчи сурияликлар катта шод-хуррамлик билан кутиб олишди. Айниқса суриялик қочқинлар сони кўп бўлган Туркия шаҳарларида мушакбозлик ва катта тантана билан қарши олинди.
Дамашқда одамлар Башар Асаднинг саройигача бостириб киришган. Бутун мамлакат бўйлаб қамоқхоналардан маҳкумлар озод қилинган.
Сурияда ИШИД объектларига зарба
АҚШ кучлари Суриянинг марказий қисмида ИШИДга тегишли 75 дан ортиқ объектга зарбалар берди. Марказий қўмондонлик (CENTCOM) операциянинг мақсади ИШИДнинг мамлакатдаги беқарор вазиятдан фойдаланишига йўл қўймаслик эканини маълум қилди. Ҳужумда B-52 бомбардимончи самолётлари ва F-15 ҳамда А-10 ҳужумкор ҳарбий самолётлари иштирок этди.
CENTCOM қўмондони Майкл Курилла: «ИШИД билан ҳамкорлик қилувчи ҳар қандай гуруҳ жавобгарликка тортилади», — дея огоҳлантирди.
Операция Асад режими қулагандан кейинги бўшлиқдан фойдаланишни тўхтатишга қаратилган. АҚШ президенти Жо Байден Асаднинг ҳокимиятдан кетишини «асосий адолат акти» деб атади, аммо бу вазиятда хавфли омиллар борлигини таъкидлади.
Сурияда курдларга қарши жанглар
Қуролли гуруҳлар Сурия шимолида курдларга қарши шиддатли жанглар олиб бормоқда.
Сурия шимолидаги Манбиж шаҳри учун Сурия миллий армияси (SNA) ва курдлар бошчилигидаги Сурия демократик кучлари (SDF) ўртасида шиддатли жанглар давом этмоқда.
Анқара томонидан қўллаб-қувватланаётган «Озодлик тонги» операцияси натижасида SNA кучлари шаҳарнинг айрим қисмларини эгаллади, аммо Манбиж ҳарбий кенгаши бу маълумотларни инкор этди.
Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси (SOHR) маълумотларига кўра, охирги тўқнашувларда Ҳарбий кенгашнинг 17 аъзоси ва SNA томонидан қўллаб-қувватланган туркпараст гуруҳларнинг 9 жангчиси ҳалок бўлган. Жангарилар Манбижни тўлиқ эгаллаганини эълон қилган бўлса-да, курдлар буни ёлғон деб атади. Ҳужумлар чоғида ҳалок бўлганларнинг сонини мустақил равишда текшириш имкони йўқ.
Аннексияни кенгайтираётган Исроил
Исроил Ғарбий соҳилда 2400 гектар ерни аннексия қилиб, яҳудий манзилгоҳларини кенгайтиришга тайёргарлик кўрмоқда. Бу сўнгги йиллардаги энг йирик ер эгаллашлардан бири бўлди.
Исроилнинг миллатчи молия вазири Бецалел Смотрич ушбу ҳудудларни «давлат мулки» деб эълон қилди. 1993 йилдаги Осло келишувидан буён бу Фаластин ерларидаги энг катта аннексия бўлиб, умумий «давлат мулки» деб аталган ҳудуднинг ярмини ташкил қилади. Халқаро ҳуқуққа кўра, ушбу ҳаракатлар ноқонуний ҳисобланади.
Айни пайтда Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилида жойлашган Фаластин ерларида 451 мингдан ортиқ яҳудийлар истиқомат қилади. Қуддуснинг шарқий қисмида яна 230 мингга яқин мустамлакачилар жойлашган.
Фаластинликларга тегишли ерлар мунтазам босиб олинаётгани ва ҳужумларга учраётгани уларнинг яшаш шароитларини ёмонлаштирмоқда.
2023 йил октябридан бери Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда 805 нафар фаластинлик, шу жумладан 167 бола, Исроил ҳужумлари қурбони бўлган.
Amnesty International Исроил ҳаракатларини геноцид деб баҳолаб, халқаро ҳамжамиятни вазиятнинг кескинлашувини тўхтатишга чақирмоқда. Ҳужжатда фаластинликларга нисбатан босим ва инфратузилмаларнинг йўқ қилиниши халқаро ҳуқуқни бузиш сифатида баҳоланган.
Зеленский Украинанинг йўқотишлари ҳақида
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг маълум қилишича, Россиянинг кенг кўламли уруш бошлаганидан бери Украина 43 минг ҳарбий хизматчисини йўқотган. Шунингдек, 370 минг киши яраланган, уларнинг ярмидан кўпроғи қайта сафга қайтган. Зеленский ҳалок бўлган ҳар бир инсон мамлакат учун қадрли эканини таъкидлади.
Президентга кўра, Россия 198 минг аскаридан айрилган, 550 мингдан ортиғи яраланган. Бу рақамлар АҚШ президенти сайланган Доналд Трампнинг Россия ва Украинанинг умумий йўқотишлари мос равишда 600 ва 400 минг киши деб баҳолаган маълумотлари билан мос келади.
Украина ва Россия қурбонларини мустақил баҳолашга қаратилган тадқиқотлар қурбонлар сони расмий маълумотлардан юқори эканини кўрсатмоқда. ualosses.org маълумотларига кўра, Украина қурбонлари 60 мингдан ортиқ бўлиши мумкин. НАТО маълумотларига кўра, Россия кунига ўртача 1270 аскарини йўқотмоқда.
Ҳар икки томон учун қурбонлар сони ортиб бораётгани урушнинг жиддийлигини кўрсатмоқда. Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина босқинга қарши ўз мустақиллигини ҳимоя қилишда давом этади. НАТО ва халқаро ҳамжамият Россия йўқотишлари ҳали ҳам давом этишини тахмин қилмоқда.
Россияда мигрантларга навбатдаги тақиқ
ЛДПР фракцияси депутатлари мигрантларнинг таълим муассасалари яқинида яшашини тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрламоқда. Қонунга мувофиқ, меҳнат мигрантлари мактаб ва боғчалардан камида 200 метр узоқликда яшаши лозим. Шунингдек, уларнинг таълим муассасаларида рўйхатдан ўтиши ҳам тақиқланади.
ЛДПР етакчиси Леонид Слуцкийнинг айтишича, бу чоралар «вояга етмаганларга хавфни камайтириш» мақсадида таклиф қилинмоқда. Амалдаги қонунчиликда меҳнат мигрантларининг яшаш жойлари бўйича чекловлар мавжуд эмас.
Аввал ЛДПР фракцияси Россия ҳукуматига мигрантларга уй-жойни шартнома асосида ижарага бериш ва унинг муддатини бир йил этиб белгилашни таклиф қилган эди.
Ҳаитидаги жодугарлик ортидан қирғин
Ҳаитидаги Сите-Солей туманида Monel «Микано» Феликс бошчилигидаги Wharf Jeremie тўдаси камида 110 кишини ўлдирди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тармоғига кўра, бу қирғинга тўда етакчисининг фарзандига жодугарлик орқали зарар етказилганига бўлган шубҳалар сабаб бўлган.
Жума куни 60 киши, шанба куни эса яна 50 киши тўда аъзолари томонидан мачете ва пичоқлар ёрдамида ўлдирилган. Барча қурбонлар 60 ёшдан ошган шахслар бўлган. Феликснинг фарзанди шанба куни вафот этгани ҳақида хабар берилди.
Сите-Солей — пойтахт Порт-о-Пренс порти яқинида жойлашган, мамлакатнинг энг қашшоқ ва хавфли ҳудудларидан бири.
Ҳаитида қуролли тўдаларнинг таъсири тобора кучайиб бораётгани орол давлатининг сиёсий ва ижтимоий муаммоларини янада оғирлаштирмоқда.
Япония: демографик инқирозга қарши чоралар
Токио ҳукумати демографик инқирозга қарши тўрт кунлик иш ҳафтасини тажриба сифатида жорий этди. Бу чора аёллар иш юкламасини камайтириш ва туғилиш даражасини оширишга қаратилган.
Японияда туғилиш саккиз йилдан буён камайиб, 2024 йилнинг биринчи ярмида 350 минг чақалоқ туғилгани қайд этилган, бу ўтган йилга нисбатан 5,7 фоизга кам.
Янги ташаббусга кўра, ишчилар ҳафтасига тўрт кун ишлаш, бола парвариши учун қисман таътил олиш ва иш вақтини қисқартириш имконига эга бўлади. Токио губернатори Юрико Коикэнинг айтишича, «аёллар иш ёки фарзанд тарбиялаш ўртасида танлов қилмасликлари керак».
Япония ҳукумати ўнлаб йиллардан буён туғилишни оширишга қаратилган чораларни кўриб келмоқда, аммо меҳнат маданиятининг ўзгармаслиги сабабли бу ҳаракатлар минимал натижа бермоқда.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025