Жаҳон | 12:25 / 09.12.2024
3532
2 дақиқада ўқилади

Олаф Шолц Сурияда Асад режими ағдарилганини олқишлади

Сурияда Асад ҳукмронлигининг тугаши яхши хабар. Суриядаги можарони сиёсий йўл билан ҳал қилиш ҳали ҳам мумкин, деди Германия канцлери Олаф Шолц.

Фото: bundeskanzler.de

«Башир Асад ўз халқига шафқатсизларча зулм қилди, у сон-саноқсиз одамлар ҳаёти учун жавобгардир, улар Сурияни тарк этишга мажбур бўлди, кўпчилиги Германияга кўчиб ўтди, шунинг учун Сурияда Асад ҳукмронлигининг тугаши яхши хабар», — Германия канцлери Олаф Шолцнинг ушбу баёноти 8 декабр, якшанба куни Германия ҳукумати матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Ҳозир Сурияда ҳуқуқ ва тартибни тезда тиклаш муҳим. Барча диний жамоалар ва озчиликлар ҳозир ва келажакда ҳимоя қилиниши керак. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2254-резолюциясига мувофиқ Суриядаги можарога сиёсий ечим топиш ҳали ҳам мумкин», — дейилади ҳужжатда.

Шолц қўшимча қилишича, Берлин бўлажак Сурия ҳукуматини барча сурияликларга муносиб ва ​​ўз тақдирини ўзи белгилаш имкониятини тақдим этиши ҳамда «Сурия суверенитетини учинчи томонлар ғаразли аралашувидан ҳимоя қилиши ва ўз қўшнилари билан тинч-тотув яшай олиши» юзасидан баҳолайди.

Сурияда исёнчилар ҳокимиятни эгаллаб олди

Қуролли гуруҳлар ноябр ойи охирида Сурия президенти Башар Асад ҳукумат кучларига қарши кенг кўламли ҳужум бошлади. Бир неча кун ичида улар бир қанча йирик шаҳарларни назорат остига олишга муваффақ бўлишди. 8 декабр куни Сурия исёнчилари давлат телевидениеси орқали пойтахт Дамашққа кириб, Башар Асад режимини ағдарганликларини эълон қилди. Дамашққа юриш билан бир вақтда исёнчилар иттифоқи мамлакатнинг шимоли ва шимоли-шарқига йўл олди.

Россия ТИВ маълумотларига кўра, Асад «президентлик лавозимини тарк этишга қарор қилган» ва Сурияни тарк этган. ТАСС агентлиги ўз манбаларига таяниб, у оиласи билан Москвада эканини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид