Жаҳон | 14:42 / 10.12.2024
4298
2 дақиқада ўқилади

РФ Украинага Ил-76 қулашида ҳалок бўлганлар жасадини топширди

Киев Ил-76 қулашида ҳалок бўлган украиналик асирларнинг жасади Москва томонидан топширилганини тасдиқлади, бироқ қўшимча текширув ўтказиш зарурлигини билдирди.

Фото: ТАСС

Москва 2024 йил январида Белгород областида Ил-76 самолёти қулашида ҳалок бўлган украиналик ҳарбий асирларнинг жасадини Киевга топширди. Бу ҳақда 9 декабр, душанба куни чоп этилган РИА "Новости" агентлигига берган интервюсида Россия Федерациясининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова маълум қилди.

«Улар топширилди, бу содир бўлди ва мен иштирок этдим», деди Москалкова. У жасадлар айнан қачон топширилганига аниқлик киритмади. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Украина ўртасида ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашиш давом этмоқда ва асосий гуманитар мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.

Украина томонининг изоҳи

Украина ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб Россия жасадларни топширганини тасдиқлади, бироқ қўшимча текшириш зарурлигини билдирди.

«Украинага сўнгги репатриация тадбирлари давомида қурбонларнинг жасади тажовузкор давлатдан олиб келинган, бу шахсни қўшимча аниқлашни талаб қилади», — дейилади Мувофиқлаштириш штабининг Telegram-каналида.

«Сўнгги пайтларда бир қатор репатриация тадбирлари ўтказилди, улар давомида ҳалок бўлганларнинг жасад қолдиқлари Украинага топширилди», — деб ёзди Украина омбудсмани Дмитрий Лубинец ижтимоий тармоқларда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид