Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сайёра қизиб боряпти, Европа музлаяпти. 2024 йилда иқлим бўйича антирекорд янгиланади
2024 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлади ва глобал исиш биринчи марта 1,5 градуслик чегарани босиб ўтади. 2015 йилги Париж иқлим конференциясида дунё мамлакатлари ушбу чегарани сақлаб қолишган келишганди. Европалик олимларнинг хулосасига кўра, йил охиригача қолган уч ҳафта ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Европа Иттифоқининг Коперник иқлим маркази (C3S) сайёрамизда бу йилги ноябр ойи тарихдаги энг иссиқ иккинчи ноябр бўлганини маълум қилди, деб ёзмоқда BBC (биринчиси 2023 йилда кузатилган).
“Энди 2024 йил тарихдаги энг иссиқ йил бўлишини тўлиқ ишонч билан айта оламиз”, — деди C3S раҳбари ўринбосари Саманта Бержесс. “Париж келишувида олдинга қўйилган мақсадлардан ҳали воз кечилмаган, аммо иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун бугун ҳар қачонгидан кўра қатъий чоралар талаб этилади”.
Бир сафар глобал қизиш 1,5 градусдан ошиб кетгани муаммо эмас, чунки келишув мақсади узоқ муддатга қўйилган аср охиригача давом этади. Бироқ иқлим бўйича илмий ҳамжамият бу чегарани сақлаб қолишдан умидини узди. Энди гап бутун дунёда атмосферага ажраладиган чиқиндиларни камайтириш чораларида қолмоқда. Чунки бундай чораларсиз Париж битимида белгиланган 2 градуслик иккинчи чегарани ҳам сақлаб қолиш имконсизга айланади.
Ҳозирча ишлар на у ёққа, на бу ёққа силжияпти. “Яшил” кун тартиби Ғарбда ўз аҳамиятини йўқотиб бормоқда, нефт ишлаб чиқарувчи мамлакатлар эса қайта тикланадиган энергия манбалари фойдасига қазилма ёқилғидан воз кечиш режаларига рози бўлмаяпти.
Иқлим ўзгариши инсониятни ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, биргина иссиқдан ҳар йили ярим миллион киши ҳалок бўлади, жаҳон иқтисодиёти эса триллионлаб зарар кўради. Бошқа оқибатлар ҳам бор.
Сайёрамиз исиши сув ва ҳаво айланиши тизимида бузилишларга олиб келмоқда. Бунинг оқибатида совуқ ва жазирама ўртасидаги об-ҳаво “тебранишлари” кучаймоқда, қурғоқчилик, қаттиқ совуқлар, бўронлар, ўрмон ёнғинлари ва тошқинлар тез-тез содир бўлмоқда.
Ноябр ойи бунинг яна бир тасдиғи бўлди.
Европада совуқ ва намгарчилик ошди
Бутун дунёда иссиқлик янги рекорд ўрнатаётган бир пайтда, ўтган ойда Европа ҳатто энг илиқ ноябрлар ўнталигига ҳам кирмади.
Ҳаддан ташқари кўп ёғингарчилик Испанияда вайронкор сув тошқинларига сабаб бўлди. Шарқий Европа аҳолисининг катта қисми, Болқон ва Греция жануби, Лондон ва Буюк Британия жанубида аҳоли одатдагидан ҳам кўпроқ намгарчиликни ҳис қилди.
Бундан ташқари минтақада шамоллар деярли кузатилмади. Оқибатда энергетика инқирози кескинлашди.
Европада электр энергияси ва иситиш нархлари кетма-кет тўртинчи қишда ҳам юқорилигича қолмоқда. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини оқибатида Европага Россиядан газ етказиб бериш кескин камайиб кетган.
Изғирин ноябрда Европанинг ер ости газ омборларидан газ олиш ҳажми ўтган ўн беш йил ичида энг юқори кўрсаткичга етди. Декабр бошида берилган маълумотларга кўра, бу омборларнинг атиги 86 фоизи тўла. Таққослаш учун, ўтган йили бу кўрсаткич 96 фоизни, икки йил олдин эса 93 фоизни ташкил этган.
Шу ҳолатда давом этса, иситиш мавсуми охирига келиб, захиралар тугаб қолиши мумкин. Бу европалик истеъмолчилар яна бир йил электр энергияси ва иситиш тизими учун ортиқча ҳақ тўлашга мажбур бўлишини англатади. Саноат корхоналари эса газ нархи беш баробар арзон бўлган Хитой ва АҚШ заводлари билан рақобатда ютқазиб қўяди.
BBC қайд этишича, янги ҳафтада ҳам вазият енгиллашмайди. Об-ҳаво прогнозларига кўра, Европада навбатдаги изғирин, Германия ва Шотландияда эса қор кутилмоқда. Фақат январ ва феврал одатдагидан бироз илиқроқ келишига умид қилинмоқда.
Мавзуга оид
21:37 / 05.11.2018
Европанинг энг ифлос шаҳарлари маълум қилинди
14:58 / 02.10.2018
“Париж битими” Ўзбекистонга нима беради?
10:41 / 27.09.2018
Ўзбекистоннинг Париж битимига қўшилиши нимани англатади?
08:19 / 03.05.2017