Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хушбўй шамлар ёнганда ўпка учун зарарли моддалар ишлаб чиқаради — экспертлар
Мутахассислар ароматик шам ишлаб чиқарувчи компаниялар кўпинча ўз маҳсулотлари таркибини яширишини таъкидлади.
Хушбўй ҳид тарқатувчи шамлардан фойдаланиш хонадаги ҳаво сифатига салбий таъсир кўрсатиши ва соғлиққа зарар етказиши мумкин. Бу ҳақда Ирландиянинг Корк университети коллежи ва Голуэй университети олимлари тадқиқотига таяниб, Daily Mail хабар берди.
Ҳидли шамлар ёнганида заҳарли газлар, жумладан, олтингугурт диоксиди, ис гази, азот оксидлари ва учувчан органик бирикмалар ажралиб чиқади. Бу моддалар йўталга, аксириш ва кўз қичишига сабаб бўлиши, шунингдек, астма хуружларини кучайтириши мумкин. Уларнинг узоқ муддатли таъсири эса юрак-қон томир касалликлари, ўпка саратони ва сурункали бронхит хавфини ошириши эҳтимоли бор.
Олимлар 2,5 микрометрдан кичик ўлчамдаги ифлослантирувчи заррачаларга (PM2,5) алоҳида эътибор қаратди. Хушбўй шамлар ёниши натижасида ажраладиган бундай заррачаларнинг концентрацияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) белгилаган меъёрлардан 15 бараваргача юқори бўлиши мумкин.
Маълумот учун, PM2,5 — ҳавода кўзга кўринмайдиган қурум заррачалари бўлиб, қонга киради ва ўпка тубига чўкади. Бундай заррачалар транспорт воситалари двигателлари ишлаганда, ёғоч ёқилганда ва тамаки чекилганда ҳам ажралиб чиқади.
Олимларнинг таъкидлашича, хушбўй шам ёнганида нафас йўлларига зарар етказиши мумкин бўлган формалдегид ажралиб чиқади. Хушбўй таёқчалар эса сигареталардан тўрт баробар кўп қаттиқ заррачалар чиқаради.
Мутахассислар ароматик шам ишлаб чиқарувчи компаниялар кўпинча ўз маҳсулотлари таркибини яширишини таъкидлади. Уларнинг айтишича, қадоқларда шам таркибидаги моддаларнинг атиги 10 фоизи кўрсатилади, улар ёнганда ажраладиган кимёвий моддалар эса тушунишга қийин шаклда қайд этилади. Америкалик ва европалик мутахассислар ҳатто табиий моддалардан тайёрланган шамлар ҳам хавфли моддаларни ажратиб чиқариши мумкинлигини тасдиқлади.
АҚШдаги пулмонологлар ассоциацияси ароматик шамлар саратон касаллигини келтириб чиқариши мумкин бўлган бензол, фталат ва формальдегид каби хавфли моддалар манбаи бўлиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, улар ифлослантирувчи моддалар нафақат ўпкага таъсир кўрсатишини, балки когнитив функцияларни пасайтириб, генетик ўзгаришларга ҳам олиб келиши мумкинлигини эслатди.
Шу ўринда бошқа тадқиқотлар шам ёнганда ажралиб чиқадиган кимёвий моддаларнинг миқдори жуда камлиги, уларнинг концентрацияси инсон саломатлигига ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини кўрсатган.
Мавзуга оид
17:23 / 14.05.2025
Жазирамада организмни қандай ҳимоялаш лозим? – ССВ тавсиялари
18:19 / 01.04.2025
Ўзбекистон аёллар саломатлиги глобал индексида уч поғона юқорилади
13:35 / 27.03.2025
Олимлар инсон қандай қаришини янгича усулда ўргана бошлади
16:55 / 25.03.2025