Австралиядаги лабораторияда ўлимга олиб келувчи вируслар солинган юзлаб флаконлар йўқолди
Маълум бўлишича, ҳодиса 2021 йилда содир бўлган, аммо расмийлар энди текширув ўтказяпти.

Фото: Getty Images
Австралиянинг Квинсленд штати Соғлиқни сақлаш вазирлиги маҳаллий лабораториядан вирус намуналари солинган 323 та флакон йўқолгани юзасидан текширув ўтказмоқда. 2021 йилда содир бўлган ҳодиса 2023 йил августига келибгина аниқланган, аммо шу пайтгача тергов ҳақида хабар берилмаганди, деб ёзмоқда ABC News.
Йўқолган намуналар орасида турли клиник хусусиятларга эга вируслар бўлган. Тахминан 100 та флаконда отлардан одамга юқадиган ва 57 фоиз ҳолатда ўлимга олиб келадиган Ҳендра вируси мавжуд эди. Бундан ташқари, 223 та флаконда лиссавирус ва иккита ҳантавирус намунаси аниқланган. Бу вирусларнинг ҳар бири жиддий тиббий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳодиса, чамаси, флаконлар сақланадиган музлаткич ишдан чиққандан сўнг юз берган. Ходимлар намуналарни янги музлаткичга кўчираётганда, флакондаги вирусларга оид керакли ҳужжатларни расмийлаштириб қўймаган.
“Биологик материаллар бу хавфсиз омборхонадан бошқа жойга олинган, йўқолган ёки бошқа сабабларга кўра бедарак кетган бўлиши мумкин”, — деди Квинсленд соғлиқни сақлаш вазири Тим Николс.
Маҳаллий ҳокимият вакиллари қасддан ўғирлаш ёки биологик қурол яратишга уриниш белгилари йўқ, деб ишонтирмоқда. Янги музлаткичга кўчириш пайтида флаконларнинг йўқолиши энг эҳтимолий сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Расмийлар махсус сақлаш шароитларидан ташқарида вирус намуналари тез бузилиши ва юқумлилик хусусиятини йўқотишини таъкидламоқда.
Юқиш хавфи йўқдек туюлса-да, тадқиқотчилар бу каби ҳодисалар илмий-тадқиқот лабораторияларида биологик хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш нақадар муҳимлигини кўрсатишини эслатмоқда. Квинсленд Соғлиқни сақлаш вазирлиги биологик хавфсизликни ошириш мақсадида комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бу тадбирлар ходимларни қайта тайёрлаш ва хавфли материаллар билан ишлаш тизимларини текширишдан иборат бўлади.
Мавзуга оид

23:24 / 01.04.2025
Австралияда сув тошқинлари оқибатида 100 мингдан ортиқ чорва нобуд бўлди

15:21 / 29.03.2025
Австралиянинг олис шаҳридаги ягона шифокор ишдан кетяпти. Янги номзодларга 400 минг доллар маош таклиф этилмоқда

14:40 / 14.03.2025
Австралияда вомбат боласини онасидан тортиб олган америкалик блогер депортация қилиниши мумкин

14:35 / 12.03.2025