Жаҳон | 14:21 / 11.12.2024
3388
9 дақиқада ўқилади

Сурияда алмашган ҳукумат, Нетаняҳуга қарши суд жараёнлари ва Россияда мигрант болаларга тақиқ — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Сурияда ҳукумат алмашмоқда

Сурия бош вазири Муҳаммад Ғози ал-Жалолий ҳокимиятни Башар Асад режимига қарши ҳаракат қилган исёнчилар етакчиларига топширишга тайёр эканлигини маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters. У бу жараён бир неча кун давом этиши мумкинлигини айтди.

Мухолифат етакчиси, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўланий 9 декабрь кечаси бош вазир билан учрашиб, ўтиш даври ҳукумати ташкил этиш масалаларини муҳокама қилган.

Al Jazeera телеканали маълумотларига кўра, янги ўтиш даври ҳукуматини Муҳаммад ал-Башир бошқаради. У ҳозирда янги вазирлар маҳкамасини тузиш бўйича иш олиб бормоқда.

Муҳаммад ал-Башир 2024 йил январидан бери «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» томонидан Идлибда ташкил қилинган «Сурия нажот ҳукумати»ни бошқариб келган. У гуруҳ етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жўланийнинг яқин ҳамкори сифатида танилган.

Туркия Сурия билан чегарани очади

Туркия Башар Асад режими ағдарилгандан кейин суриялик қочқинларни ватанларига ихтиёрий ва хавфсиз қайтариш учун 2013 йилдан бери ёпиқ бўлган Яйладағи чегара пунктини очишини маълум қилди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған «Сурияда янги саҳифа очилди» дея таъкидлаб, бу ўзгаришлар қочқинлар манфаати учун бўлишини қайд этди.

2011 йилдан бери Туркия Суриядан 3 миллионга яқин қочқинни қабул қилган. Асад режими ағдарилгандан кейин юзлаб сурияликлар чегарага келиб, ўз ватанларига қайтишни бошлади.

Германия ва Австрия сурияликлар бошпанаси учун мурожаатларни кўриб чиқишни вақтинча тўхтатди. Ушбу қарор бошқа Европа давлатлари, жумладан, Британия, Италия, Швеция ва бошқа мамлакатлар томонидан ҳам кўриб чиқилмоқда. Австрия ҳатто репатриация ва депортация дастурларини ишлаб чиқишни бошлаганини маълум қилди.

Европанинг қочқинларга нисбатан бундай кескин чоралари суриялик қочқинлар тақдирига жиддий таъсир ўтказиши мумкин.

Туркиянинг курдларга қарши жанги

Туркия қўлловидаги суриялик исёнчилар Манбиж шаҳрига юриш қилмоқда. Бу шаҳар курдларнинг назоратида бўлиб, Ҳалабдан шимоли-шарқда жойлашган. Reuters хабарига кўра, 9 декабрда Туркия қўлловидаги кучлар Манбижни эгаллаган.

Курдлар эса шаҳар қўлдан кетганини рад этмоқда. Сурияда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази (SOHR) маълумотига кўра, жанглар натижасида 26 киши ҳалок бўлган ва 40 киши яраланган.

Курдлар ИШИДга қарши курашда АҚШнинг муҳим ҳамкорлари бўлган. Улар Сурия шимолида катта ҳудудни назорат қилмоқда. АҚШ курдларни қўллаб-қувватлаш учун 900 нафар ҳарбий юборган.

Туркия курдларни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди ва Сурияда уларга қарши жанг олиб бораётган кучларни қўллаб-қувватлайди. Туркия ўз чегаралари яқинида курд жангариларининг мавжудлигини таҳдид сифатида кўради.

Туркия ва АҚШ Суриядаги вазият бўйича яқиндан мулоқот қилмоқда, бироқ курдлар масаласида уларнинг манфаатлари фарқли. Анқара курдларга қарши буфер зона яратишга ҳаракат қилмоқда.

Нетаняҳу устидан суд жараёни

10 декабр куни Исроилда бош вазир Бинямин Нетаняҳу устидан фирибгарлик, ишончни суиистеъмол қилиш ва пора олиш айбловлари бўйича суд жараёни бошланди. У Тел-Авив судида гувоҳлик бериши кутилмоқда. Айбловларга кўра, Нетаняҳу учта жиноий иш бўйича жавобгарликка тортилмоқда.

  • «1000-иш»: Нетаняҳу Ҳолливуд продюсери Арнон Милчан ва миллиардер Жеймс Пакердан 196 минг долларга яқин қимматбаҳо совғалар олганликда айбланмоқда.
  • «2000-иш»: У «Едиот Аҳронот» газетаси эгаси Арнон Мозес билан тил бириктириб, рақобатчи нашрга зарар етказиш эвазига ижобий материаллар ёзишга келишган.
  • «4000-иш»: Bezeq компаниясига регулятор имтиёзлари бериш эвазига, Walla янгиликлар сайтида ўзига нисбатан ижобий материаллар эълон қилишни ташкил қилган.

Нетаняҳу барча айбловларни рад этиб, уларни сиёсий қасд деб атамоқда. Унинг таъкидлашича, айбловлар «ёлғон ва уйдирма» бўлиб, суд жараёни орқали ўзини оқлашга интилади.

Суд жараёни Ғазо уруши сабаб бир йилдан ортиқ вақтга кечиктирилган эди, аммо ўтган ҳафта судялар жараённи бошлашга қарор қилишди.

Путин «Орешник» ракетаси ҳақида

Россия президенти Владимир Путин «Орешник» ракетаси ядро қуролидан фойдаланиш эҳтиёжини сезиларли даражада камайтиришини маълум қилди. Унга кўра, янги қурол тизимлари мудофаа муаммоларини ҳал қилишда ядровий қурол имкониятларига тенг бўлган кучга эга.

«Биз ядровий доктринани кучайтирмаяпмиз, уни такомиллаштиряпмиз. Аммо энди «Орешник» каби замонавий қурол тизимлари етарли даражада мавжуд бўлган ҳолда, ядро қуролидан фойдаланиш эҳтиёжи деярли йўқ», — деган Россия президенти.

Путиннинг таъкидлашича, бундай ракета билан бериладиган зарбалар куч жиҳатидан ядро қуролига тенг, бироқ радиоактив ифлосланиш хавфидан холи.

Жанубий Корея президенти ҳибсга олинади

Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси 3 декабр куни президент Юн Сук Йолни ҳарбий ҳолат эълон қилишдаги иштироки учун «зудлик билан» ҳибсга олишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Yonhap агентлигининг хабар беришича, резолюция 190 овоз билан қабул қилинди, 95 депутат унга қарши овоз берди.

Қонун лойиҳаси ҳарбий ҳолат эълон қилишга алоқадор 8 кишини ҳибсга олишни кўзда тутади. Улар орасида президент Юн Сук Йол, собиқ мудофаа вазири Ким Ёнг Ҳён ва собиқ ички ишлар вазири Ли Сан Мин бор.

Аввалроқ президентга импичмент эълон қилиш уринишлари етарли овоз тўпланмагани сабаб муваффақиятсиз якунланганди. Бу сафар мухолифат ҳибсга олиш ташаббусини кун тартибига қўйиб, уни қабул қилдирди.

Юн Сук Йол мухолифатни «давлатга қарши фаолият» билан айблаб, ҳарбий ҳолат эълон қилганди. Бироқ парламент уни бекор қилди ва президент бу қарорга бўйсунди. Шунингдек, Юн Сук Йолга нисбатан «давлатга хиёнат» иши юритилаётгани сабабли унга мамлакатдан чиқиш тақиқланди.

Россияда мигрант болалар учун тақиқ

Россия Давлат Думаси рус тилини билмайдиган мигрант болаларни мактабга қабул қилмаслик тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Бу қонунга кўра, мактабга киришдан олдин болалар рус тили бўйича имтиҳондан ўтади. Имтиҳон тартиби Таълим вазирлиги томонидан белгиланади.

Дума спикери Вячеслав Володиннинг таъкидлашича, рус тилини билмаган болаларга таълим олиш ва ижтимоий мослашиш қийин бўлади. Унинг сўзларига кўра, Россияга келганлар рус тилини билиши, маданият ва қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши шарт.

Бундан ташқари, мактабга қабул жараёнида боланинг Россияда қонуний яшаши ҳам текширилади.

2024 йилда Россия ҳукумати мигрантларга нисбатан янги чекловлар жорий қилди. Тожикистонлик мигрантлар айбланган терактдан сўнг, ноқонуний миграция учун жазони кучайтириш, депортациянинг янги тартиблари ва мигрантларга оид бошқа чекловлар киритилди.

Иқлим бўйича антирекорд янгиланди

2024 йил иқлим кузатувлари тарихида энг иссиқ йил бўлиб қолиши аниқ. Европа Иттифоқининг иқлим маркази маълумотига кўра, ноябр ойи глобал миқёсда рекорд даражада иссиқ бўлди. Бироқ Европада ноябр бу борада энг илиқ ойлар ўнталигига ҳам кира олмади.

Европада изғирин ва намгарчилик кучайиб, Испанияда сув тошқинлари, Лондон ва Шарқий Европада шамолсиз совуқ об-ҳаво кузатилди. Бу энергия ресурсларига бўлган талабни янада оширди.

Иқлим борасида яна бир муҳим янгилик.

БМТ ҳисоботига кўра, қурғоқчилик ер юзасининг 40,6 фоизини қамраб олган. Бу ҳудудлар майдони Ҳиндистондан каттароқ бўлиб, 3 миллиарддан ортиқ аҳоли сув тизимларига бўлган юкламадан азият чекмоқда. Агар бу тенденция давом этса, аср охирига келиб, 5 миллиард киши қурғоқчилик ҳукмрон ҳудудларда яшаши мумкин.

Иқлим ўзгариши глобал ҳарорат кўтарилишига олиб келмоқда. Бу илгари ям-яшил бўлган ўрмонларни қуруқ яйловларга айлантириб, ҳаёт ва қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган намликни йўқ қилмоқда. АҚШнинг ғарбий қисми, Европа, Бразилия, Шарқий Осиё ва Марказий Африка энг кўп зарар кўрган ҳудудлар сирасига киради.

Глобал исиш ҳали Париж битимида белгиланган 1,5°C ва 2°C чегараларини бузмаган бўлса-да, мутахассислар иқлим ўзгариши оқибатида инсониятга ҳалокатли таъсирлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Тадқиқотчилар қурғоқчиликка қарши кураш учун углерод чиқиндиларини камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш каби чораларни таклиф қилмоқда. Улар вазиятни яхшилаш мумкинлигига ишонишмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид