Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Асад режими қулагач, Россиянинг Суриядаги ҳарбий базалари тақдири нима бўлади?
Путин Суриядаги фуқаролар уруши давомида Башар Асадни қўллаб-қувватлади ва 2015 йил сентябридан бошлаб бу ерда Россиянинг йирик ҳарбий контингенти жойлаштирилди. Тахминларга кўра, 2024 йил бошига келиб, бу контингент сони 7,5 минг кишига яқинлашган. Асад режими қулагач, контингент тақдири катта савол остида қолди.
BBC рус хизмати Россия ўз ҳарбийларини Суриядан хавфсиз олиб чиқа олиши ёки йўқлиги хусусида таҳлилий мақола эълон қилди.
Суриядаги Россиянинг икки энг йирик ҳарбий объекти — Тартусдаги ҳарбий-денгиз базаси ва Латақиядан тахминан 20 км жануби-шарқда жойлашган Ҳмеймим ҳарбий-ҳаво базасидир. Россия томони таъкидлашича, Тартусдаги объект тўлиқ қийматли база эмас, балки кемаларга техник хизмат кўрсатиш пункти ҳисобланади.
Ушбу икки йирик объектдан ташқари, уларнинг атрофида турли ёрдамчи позициялар ва блокпостлар жойлаштирилган бўлиши мумкин.
2017 йилда Москва ва Дамашқ Тартус ва Ҳмеймим базаларидан 49 йил давомида — 2066 йилгача фойдаланиш бўйича келишув имзолаганди. Бироқ ҳозирги вазиятда улар Россия ихтиёрида қоладими-йўқми, бу ҳақда аниқ гапириш қийин.
Россия раҳбарияти ушбу базалардан фойдаланишни давом эттириш бўйича аниқ режалар қурмаётганини билдирмоқда. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков душанба куни Москва уларнинг тақдирини Дамашқдаги янги ҳукумат билан муҳокама қилишини айтди.
Бундан сал аввалроқ Россия Туркиядан Суриядаги ҳарбий кучларини хавфсиз эвакуация қилишда ёрдам сўради, деб хабар берди CNN Turk. Бироқ гап йирик базалар эмас, балки мамлакатнинг турли ҳудудларида жойлашган алоҳида позициялардаги ҳарбийлар ҳақида кетмоқда.
Бир неча ҳафта муқаддам Россия қўшинлари Суриянинг турли нуқталарида жойлашганди. Бу объектлар ўртасидаги масофа юзлаб километрни ташкил қилган. Ҳозирда Россиянинг айрим бўлинмалари асосий кучлардан узилган ҳолда қолган бўлиши мумкин.
Бир томондан, Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раиси Андрей Картаполов Россиянинг Суриядаги ҳарбий базалари ва контингенти хавф остида эмаслиги ва Сурияда изоляцияланган ҳарбий қисмлар йўқлигини таъкидлаган. Бошқа томондан, ижтимоий тармоқларда Россия ҳарбийлари томонидан туширилгани айтилган кадрлар пайдо бўлмоқда, уларда қўшинлар базалардан узилгани иддао қилинади. Бундай хабарлар ҳаққонийлигини текшириш қийин.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Россия техникаси Сурия йўлларида ҳаракатланаётганини кўрсатувчи видеолар тарқалган. Ушбу видеолар ва Россия қўшинлари билан боғлиқ ҳеч қандай воқеалар хабар қилинмаётганига асосланиб, Россия қўшинлари узоқ ҳудудлардан чиқишга ҳаракат қилаётганини тахмин қилиш мумкин.
Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин маълум қилишича, Россия Суриядаги янги ҳукумат билан ўз фуқаролари хавфсизлиги юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Бироқ, бу биринчи навбатда дипломатлар ва бошқа ваколатхоналар ходимларига тегишли.
Россия ҳарбийларининг Суриядаги жойлашуви
Россиянинг асосий ҳарбий базалари — Ҳмеймим авиабазаси ва Тартусдаги денгиз хизмат кўрсатиш нуқтаси — Сурия ғарбида, Ўрта Ер денгизи бўйида жойлашган.
Камроқ аҳамиятга эга объектлардан бири – шимолдаги Қамишли шаҳрида жойлашган бўлиб, у ердаги аэропортдан Россия ҳарбий вертолётлари учун фойдаланилган. Шунингдек, Россия авиацияси Сурия ҲҲҚнинг энг йирик базаси — Т-4 аэродромидан ҳам фойдаланган. Бу база Палмирадан тахминан 50 км ғарбда жойлашган.
Россиялик ҳарбий эксперт Виктор Мураховский маълум қилишича, Т-4 аэродроми яқинидаги Россия ҳарбийлари Суриядаги исёнчиларнинг тезкор ҳужумлари натижасида асосий кучлардан узилган.
Шунингдек, Россия ҳарбийлари Ружава минтақасидаги блокпостларда, шимол ва шимол-шарқдаги курдлар назоратидаги ҳудудларда патруллик қилишда иштирок этган. Эксперт Борис Рожиннинг телеграм-каналида Россия ҳарбий техникаси эвакуация қилиниши акс этган суратлар жойлаштирилди. Унда Россия қўшинлари Ружавадаги фойдасиз бўлиб қолган базаларни тарк этаётгани таъкидланган.
Бундан ташқари, Россия қўшинлари Дайр-аз-Зор шаҳрида ҳам бўлган. Буни Россиянинг ҳарбий каналларидан бири тасдиқлаб, зирҳли техникалар (БТР) Қамишлига қараб ҳаракатланаётгани тасвирланган суратларни эълон қилди.
Сўнгги вақтларда Россия ҳарбий полицияси Исроил-Сурия чегарасидаги Жўлан тепаликларида ўз ҳозирлигини кенгайтирган эди. Ҳозирда бу ҳудудда Исроил ҳарбийлари демилитаризация қилинган буфер зонасини назоратга олган бўлиб, 1974 йилда тузилган келишув исёнчилар ҳужуми натижасида бекор бўлганини маълум қилган.
Мувофиқлаштириш масалалари
Агар CNN Turk телеканали хабарига ишонилса, Россия қўмондонлиги Туркия билан қўшинларни олиб чиқишда ёрдам бериш бўйича музокаралар ўтказган ва бу Россия қўшинларини айрим узоқ ҳудудлардан эвакуация қилишни енгиллаштириши мумкин. Бироқ бу барча ҳудудларга тааллуқли эмас.
Туркия кучлари назорат қилувчи ҳудудлардагина ёрдам самарали бўлиши мумкин. Россия қўшинлари Суриянинг турли минтақаларида, жумладан, Туркиянинг таъсири йўқ жойларда ҳам жойлашган.
Қўшинларни Тартус ёки Ҳмеймимга олиб келиш учун турли кучлар билан музокаралар олиб боришга тўғри келади. Бу вазиятда россиялик ҳарбий блогерлар Америка ёки Исроил авиацияси ҳужумлари Россия қўшинлари учун катта хавф туғдираётганини таъкидламоқда.
Исроил экстремистлар қўлига тушмаслиги учун Сурия армиясининг қурол-яроғ ва ракеталар ишлаб чиқариш ва сақлаш нуқталарига ҳужум қилаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, АҚШ авиацияси ҳам Сурия ҳукумати қулаганидан кейинги сиёсий ва ҳарбий беқарорликдан фойдаланишининг олдини олиш мақсадида ИШИД етакчилари ва жангарилари жойлашган 75 дан ортиқ нуқтага зарба берганини эълон қилди.
Бунинг учун Россия қўшинларини узоқ жойлардан эвакуация қилиш кўп томонларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштиришни талаб қилувчи мураккаб вазифадир.
Кенг миқёсли эвакуация
Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати ҳозирча Тартус ва Латақиядаги ҳарбий базалар тақдири қандай бўлишини аниқ билмайди. Шу сабабли, Россия ўз ҳарбий қўшинларини эвакуация қилишга тайёргарлик кўриши керак.
Бу вазифани бажариш осон бўлмайди. Россия қўшинлари таркибида 7,5 минг ҳарбий билан бирга кўплаб қурол-яроғ ва ҳарбий техника ҳам бор. Бу, айниқса, Ҳмеймим авиабазасига тегишли. База ҳудудида зирҳли техника, зенит-ракета мажмуалари ва муҳандислик ускуналари мавжуд. Эвакуация бошланган тақдирда, бу жараён катта эътиборни тортиши мумкин.
Бундан ташқари, Россия контингенти таркибида оғир асосий жанговар танклар ҳам борлиги ҳақида хабар қилинган эди. Барча техника, жумладан, танкларни Ан-124 каби оғир юк ташувчи самолётлар орқали Ҳмеймим авиабазасининг учиш-қўниш йўлагидан фойдаланиб эвакуация қилиш мумкин. Аммо бу бир неча юз Ан-124 ва Ил-76 самолётлари қатновини талаб қилади.
Денгиз орқали Тартус базасидан эвакуация қилиш ҳам осон эмас. Кема ёрдамида кўп юк ва одамни ташиш мумкин бўлса-да, улар Туркиянинг Босфор ва Чаноққалъа бўғозлари орқали Қора денгизга ўтишга рухсат ололмайди. Россиянинг Украинага босқини бошланганидан сўнг, Туркия Монтрё конвенцияси доирасида урушаётган давлат кемалари учун бўғозларни ёпган.
Шунинг учун, Тартусдан кемаларни эвакуация қилиш мумкин бўлса ҳам, уларни Узоқ йўл — Ўрта Ер денгизи орқали Гибралтар, Европани айланиб, ё Болтиқ денгизига, ёки Норвегия ва Баренц денгизлари орқали Россия шимолий портларига етказиш керак бўлади.
Шундай қилиб, Россия ўз қўшинларини Суриядан эвакуация қилишга қарор қилса, бу операция жуда катта харажатли ва кўламли бўлиши кутилмоқда.
Россия учун Суриядаги базаларни йўқотиш хавфи
Россиянинг Суриядаги ҳарбий базалари фақат Асад режимига қўллаб-қувватлаш учун эмас, балки Яқин Шарқдаги ҳарбий мавжудлигини сақлаш ва Африкадаги манфаатларини амалга ошириш учун ҳам муҳим бўлган. Айниқса, Ҳмеймим ҳаво базаси Россиянинг Африкадаги лойиҳалари, жумладан, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси учун асосий логистика нуқтаси вазифасини ўтаган.
Агар Россия Суриянинг янги ҳукумати билан базаларни сақлаш бўйича келишувга эришса, бу янги ва тубдан фарқли шартнома бўлиши мумкин. Асад ҳукумати Россияга кучли равишда боғлиқ эди, янги ҳукумат эса Москвадан ёрдам учун маълум тўлов ёки имтиёз талаб қилиши эҳтимоли бор.
2015 йилда Путин Асадга ёрдам учун минглаб ҳарбийларни юбориш орқали Россия ўзини глобал ўйинчи давлат сифатида кўрсатишга ҳаракат қилганди. Бу унинг собиқ совет иттифоқидан ташқари ҳудудларда Ғарбнинг қудрати ва устунлигига жиддий чақируви эди.
Аҳён-аҳёнда Россиянинг Суриядаги миссияси муваффақиятли кўринган бўлса ҳам, айни вазиятда Суриядаги кўп йиллик ҳарбий мавжудлик натижалари шубҳа остига қўйилмоқда.
Мавзуга оид
14:56 / 26.05.2025
Сурия расмийлари: Асад даврида 8 млн киши кузатув остида бўлган
16:19 / 24.05.2025
АҚШ Молия вазирлиги Сурияга қарши санкциялар юмшатилганини эълон қилди
15:40 / 22.05.2025
Сурия Исроил билан муроса қиладими?
23:00 / 20.05.2025