Иқтисодиёт | 19:16 / 12.12.2024
10293
2 дақиқада ўқилади

“Эски намунадаги 100 долларлик купюраларни айирбошлашда чекловлар йўқ” – Марказий банк

Регуляторга кўра, бирорта давлат ҳисоб-китобларида эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги банкнотларнинг қонуний тўлов воситаси сифатидаги мақоми ўзгармаган.

Фото: iStock

Ўзбекистон Марказий банки ҳозирги кунда мамлакат ҳудудида эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги (2009 йилгача эмиссия қилинган) банкнотларни банклар томонидан сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ амалиётлар ҳеч қандай муаммоларсиз амалга оширилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, бирорта давлат ҳисоб-китобларида эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги банкнотларнинг қонуний тўлов воситаси сифатидаги мақоми ўзгармаган.

Марказий банк аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликка чақириб, фақат расмий манбаларга таянишни тавсия этади.

Шунингдек, агар тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчалари томонидан эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги банкнотларни қабул қилишда қийинчиликларга дуч келинганда, Марказий банкнинг “Ишонч телефони” (71 200-00-44) ёки ҳудудий бошқармаларга мурожаат этиш мумкинлиги қўшимча қилинди.

Ўз навбатда, Марказий банк бу борада вазиятни доимий равишда кузатиб боришини маълум қилади. “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, мамлакат ҳудудида резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш фақат маҳаллий банклар орқали амалга оширилади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид