Жамият | 08:58 / 12.12.2024
13290
3 дақиқада ўқилади

Kun.uz суриштирувидан сўнг: “Halal Auto Leasing” фирибгарлик схемасига нисбатан тергов бошланди

Тошкент шаҳридаги “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ мансабдорлари терговга тортилди. Айни пайтда фирма фаолият юритмаяпти ва офиси муҳрлаб кетилган. Фирма ходимлари тўғридан тўғри завод билан ишлашларини айтиб, одамларни осон шартларда машина олиб беришга ишонтириб келаётганди. Kun.uz огоҳлантирувига қарамай уларнинг ёлғонига қисқа муддатда юзлаб инсонлар чув тушган бўлиши мумкин.

2024 йил 31 октябр куни Тошкент шаҳрида давлат рўйхатидан ўтказилган “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ мансабдорларига жиноят иши очилди. 5 декабр куни фирма офиси ИИВ Тергов департаменти томонидан муҳрлаб кетилди.

Бошланғич 20 фоизли тўлов, йиллик 7 фоиз устама ва завод билан “прямой” алоқа – “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ одамларни шу шартлар асосида машина олиб беришга ишонтириб келаётганди. “Ислом молия талаблари асосида” фаолият юритишини айтаётган фирма менежерлари мижозларни ҳатто “Хитойдаги автомобил компаниялари билан алоқамиз бор”, дея ишонтиришган. 

Фирманинг Иброҳим исмли менежери Ўзбекистон шароитидаги иқтисодий қоидаларга мутлақо мос келмайдиган йиллик 7 фоизли устамани компанияга чет элдан 1 фоизли инвестиция киритилгани, шунинг ҳисобига фирма машинани заводдан ўзи тўлиқ пулини тўлаган ҳолда сотиб олиб, мижозларга бериши билан изоҳлаган эди. МЧЖ кам фоизли устама ва шартномада пеня мавжуд эмаслигини “Ислом молия талаблари асосида” деган ниқобга ўраб, одамларга тақдим қилган. 

Kun.uz суриштируви эълон қилинган пайтда давлат рўйхатидан ўтказилганига 16 кун бўлган “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ аллақачон 100 нафардан ортиқ мижоз билан машина олиб бериш бўйича шартнома имзолаб улгурганди. Буни фирма менежери Иброҳим маълум қилган. Тергов ҳаракатлари бошланиб, фирма офиси муҳрлангунга қадар улар сони яна ошган бўлиши мумкин.

2 та Damas машинасини олиш учун қарийб 43 млн сўм тўлаганман. 5 кундирки телефонлари ўчирилган. Иброҳим дегани билан гаплашиб тургандим, жавоб бермаяпти. Фирма ишлаяптими ёки ёпилганми, хабарим ҳам йўқ”, дейди Kun.uz’га мурожаат қилган Андижон туманида яшовчи фуқаро.

Самарқандлик яна бир фуқаро эса Kia Sonet машинаси учун шартнома тузиб, 50 млн сўм бошланғич тўловни амалга оширганини, бироқ фирма ходимлари йўқолиб қолганини билдирди.

“Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ мансабдорларига нисбатан очилган жиноят иши ИИВ Тергов департаменти терговчиси Шаҳриддин Ҳожимуродов иш юритувида экани Kun.uz’га маълум. Бу офис муҳрида ҳам келтирилган ва терговчининг рақами (+99894-604-50-66) ёзиб қўйилган. ИИВ масъуллари жиноят иши тафсилотларига оид Kun.uz сўровларини жавобсиз қолдирди.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид