Жаҳон | 19:05 / 12.12.2024
2919
3 дақиқада ўқилади

Meta компанияси Трампнинг инаугурациясига 1 млн доллар хайрия қилди

Ноябр охирларида Марк Цукерберг Трампнинг Флоридадаги қароргоҳига кечки овқатга таклиф этилган эди. WSJ манбасига кўра, инаугурация жамғармасига хайрия қилиш режаси ўшандаёқ маълум бўлган.

Фото: Getty Images 

Facebook, Instagram ва WhatsApp ижтимоий тармоқларига эгалик қилувчи Meta компанияси АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трампнинг инаугурация жамғармасига 1 миллион доллар хайрия қилди, деб ёзади The Wall Street Journal.

WSJ манбасига кўра, хайрия қилиш режалари ҳақида компания вакиллари ноябр ойида, Facebook асосчиси Марк Цукерберг Трампнинг Мара-Лаогидаги (Флорида) қароргоҳига кечки овқатга таклиф этилганида маълум қилган. Кечки овқат олдидан Цукерберг Трампга Meta томонидан яратилган Ray-Ban ақлли кўзойнакларини намойиш этган ва кейин уни президентга совға қилган.

Бундан ташқари, Цукерберг ҳамда унинг маслаҳатчилари Трамп давлат котиби лавозимига илгари сураётган сенатор Марко Рубио, шунингдек, Оқ уйнинг учта катта маслаҳатчиси — Стивен Миллер, Винс Хейли ва Жеймс Блэр билан учрашган. Meta’нинг сиёсий масалалар бўйича вакиллари Жоэл Каплан ва Кевин Мартин, шунингдек, республикачи стратег Брайан Бейкер Оқ уй аппаратининг янги раҳбари Сюзи Уайлс билан кўришган.

Газетанинг қайд этишича, Бейкер узоқ вақт Республикачилар партияси собиқ молия қўмитаси раиси Тодд Рикеттснинг оиласига узоқ вақт ишлаган. Манбаларнинг сўзларига кўра, Цукерберг ҳамда унинг рафиқаси Присцилла Чан Бейкерни 2021 йил кузда, уларга республикачилар билан муносабатларини яхшилашда ёрдам бериши учун ёллаган.

2021 йил 6 январ куни Капитолийга бостириб кирилганидан кейин Facebook Трампни блоклаб қўйганди. Бунга у ёзган постлар зўравонликни тарғиб қилгани айтилган. 2023 йил бошида собиқ президентнинг Facebook ва Instagramʼдаги аккаунтлари қайта тикланган, аммо маълум бир чекловлар билан. Июлда Meta ушбу чекловларни олиб ташлаган.

2024 йил августда Трамп ўзининг «Американи қутқариш» китобида Цукерберг билан учрашгани ва 2020 йилги сайловларда унга қарши «ҳақиқий фитнани режалаштиргани» ҳақида ёзган. Гап Цукерберг ва унинг рафиқаси Приссилла Чан бутун мамлакат бўйлаб ҳукумат сайлов комиссияларига ёрдам бериш учун иккита нотижорий ташкилотга 400 миллион доллар хайрия қилгани ҳақида кетмоқда. Ушбу китобида Трамп Цукербергга яна бир бор шу ишни такрорласа, у «умрининг охиригача қамоқда ўтириши»ни ваъда қилган.

Сайловолди кампанияси доирасида Цукерберг бирор-бир номзодни қўллаб-қувватлашдан бош тортиб, сайловларда қандайдир йўллар билан иштирок этишни «режалаштирмаётганини» айтганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид