Жаҳон | 20:20 / 12.12.2024
3438
3 дақиқада ўқилади

Россия 2024 йил охиригача 20 дан зиёд Superjet 100 ишлаб чиқариши керак эди, аммо у еттитадан ошмади

2022 йил февралида Украинада уруш бошланганидан бери Россия етти дона Sukhoi Superjet 100 йўловчи самолёти ва иккита «Ил-96-400М» ҳамда «Ил-114» тажриба самолётларини йиғди. BBC’нинг ёзишича, авиацияни ривожлантириш лойиҳасига кўра, 108 та самолёт ишлаб чиқарилиши керак бўлган.

Фото: Getty Images 

Қайд этилишича, журналистлар ҳисоб-китобларни амалга оширишда норасмий реестрлар, агрегаторлар ва ОАВдаги хабарларни ўрганиб чиққан («Росавиация» 2024 йил июн ойида Россия авиаташувчилар паркларида самолётларнинг расмий реестрини яшириб қўйган).

Янги самолётларини яратиш режаси ҳукумат томонидан 2022 йилда тасдиқланган ва 2030 йилга қадар мўлжалланган авиация соҳасини ривожлантириш тўғрисидаги комплекс дастурга киритилган. Унга кўра, 2022 йил охирига қадар 14 та кичик ўлчамли «Л-410», 2023 йилда — 25 та (жумладан, иккита Superjet ҳам), 2024 йил охирига қадар эса 69 та (20 таси Superjet) ишлаб чиқарилиши керак эди. 2030 йилга қадар жами 1036 та самолёт, жумладан, 142 та Superjet ишлаб чиқариш режа қилинган.

Мазкур дастурга камида икки маротаба ўзгартириш киритилган, муддатлар сурилган, 2024 йил августда эса «Коммерсант» аудит давомида «миқдорий кўрсаткичларни қайта кўриб чиқиш» бўйича тавсиялар берилганини ёзган. Нашр манбаларининг маълум қилишича, гап олдинги стратегияга ўзгартириш киритиш ўрнига янгисини ишлаб чиқиш ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.

«Ушбу режани ишлаб чиққанларнинг ҳеч бири бунга иш учун бевосита қўлланма сифатида қарамаган. Яъни балки тепадаги кимдир бу режа амалга ошади ва 2030 йилгача мингта самолёт ишлаб чиқарилади деб ҳисоблагандир, аммо аслида бу шунчаки иш кетаётганини кўрсатиш учун имитация бўлган холос», — дейди BBC рус хизматининг Россия авиация соҳасидаги манбаси.

Натижада Украинага қарши бошланган урушдан кейин етти дона Superjet 100, шунингдек, синовлар учун мўлжалланган «Ил-96-400М» ва «Ил-114» ишлаб чиқарилган. «Л-410»дан (бу Урал фуқаролик авиация заводида йиғилган Чехия самолёти) нечта ишлаб чиқарилгани номаълум, бироқ комплекс дастурнинг сўнгги таҳририда у Россия — Беларус лойиҳаси бўлган ва «фақат компютер графикаси кўринишидагина мавжуд» «ЛМC-192» билан алмаштирилган.

Таъкидланишича, 2019 йили Россияда 11 та авиалайнер, 2020 йилда — 12 та, 2021 йилда — 13 та, жумладан, битта тажрибавий «МC-21» ишлаб чиқарилган.

«Дунёнинг энг йирик ишлаб чиқарувчилари билан рақобат қилиш учун етарли бўлмаса ҳам, ўзининг самолёт ишлаб чиқариш саноатини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга етади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Россиянинг энг йирик авиаташувчиси — «Аэрофлот» компанияси «Волга-Днепр» гуруҳидан бешта Boeing 737-800BCF юк ташувчи самолётини сотиб олишни режалаштираётгани тўғрисида хабар берилганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид