Жамият | 19:06 / 12.12.2024
2845
2 дақиқада ўқилади

Россияда мушкул аҳволга тушиб қолган бир оиланинг беш аъзоси Ўзбекистонга қайтарилди

Фарғоналик аёл тўрт нафар вояга етмаган фарзанди билан сентябр ойида вақтинча ишлаш мақсадида Свердловск областига борган, бироқ оғир молиявий аҳволга тушиб қолган.

Фото: dunyo.info

Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари кўмагида Россиянинг Свердловск областида мушкул аҳволда қолган бир оиланинг беш нафар аъзоси ватанга қайтарилди.

Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонасидан олинган маълумотларга кўра, Фарғона вилоятида туғилган Х.Р. фарзандлари билан оғир молиявий аҳволда қолгани сабабли амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Маълум бўлишича Х.Р. жорий йил сентябр ойида турмуш ўртоғи ва тўрт нафар вояга етмаган фарзанди билан вақтинча ишлаш мақсадида Свердловск областига келган.

Оила боқувчиси сифатида унинг турмуш ўртоғи Свердловск области Белоярск туманида якка тартибда қурилиш фирмаларида ёлланма ишчи бўлиб ишлаган. Свердловск области ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган рейд тадбири давомида эркак Россияда бўлиш қоидасини бузгани сабаб қўлга олинган ва унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ўрганишлар натижасида Р.Х.нинг турмуш ўртоғи вақтинча ишлаган қурилиш фирмасида бир ойлик иш ҳақи тўланмагани аниқланган ва у иш берувчидан олиб берилган. Шунингдек, Х.Р. ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзандларига Екатеринбург — Тошкент авиарейсига чипта сотиб олинган.

Оила 10 декабр куни Екатеринбург шаҳридаги Колсово халқаро аэропортидан Ўзбекистонга кузатиб қўйилган.

Бундан олдин Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Дубайдаги Al Rashid шифохонасида қийин аҳволга тушиб қолган ва консуллик-ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлган ўзбекистонлик ватанга қайтарилган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид