Жаҳон | 14:04 / 12.12.2024
6431
9 дақиқада ўқилади

Сурияда осойишталик сари қадамлар, Россия ҳарбий базалари тақдири ва Қозоғистонда келин ўғирлашга кучайтирилган жазо — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Сурия: осойишталик сари қадамлар

Сурияда ўтиш даври ҳукумати раҳбари Муҳаммад ал-Башир, Асад режими ағдарилганидан сўнг, мамлакатда «осойишталик ва барқарорлик» даври бошланганини таъкидлади. Куни-кеча «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи ва унинг иттифоқчилари уни 2025 йил мартига қадар муваққат ҳукумат бошлиғи этиб тайинлади.

Сешанба куни ал-Башир янги ҳукумат аъзолари ҳамда Асад давридаги собиқ мулозимлар иштирокида йиғилиш ўтказиб, ҳукуматни топшириш ва муассасалар фаолиятини қайта тиклаш масалаларини муҳокама қилди. Унинг таъкидлашича, бу йиғилишлардан асосий мақсад — халқка хизмат қилиш йўлидаги қадамдир.

Идлибдан ташқарида у кенг оммага танилмаган бўлса-да, ал-Баширнинг айтишича, янги ҳукумат нафақат минтақадаги ҳудудларни, балки бошқа ҳудудларда ҳам барқарорликни таъминлашга тайёр.

«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жўланий Асад даври мулозимларининг жиноятлари учун жавобгарликка тортилишига ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, Дамашқда ҳаёт нормаллашмоқда, дўконлар ва транспорт тикланган, вакиллар кўчаларни тозалаяпти. Шунга қарамай, Исроилнинг авиазарбаларига норозилик сақланиб қолмоқда.

Бу вақтда Дайр-аз-Зор шаҳри ҳам исёнчилар назоратига ўтди. Бу нефтга бой ҳудуд бўлиб, янги ҳукумат учун стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади.

Ҳофиз Асад мақбарасига ҳужум

Суриянинг Қардоҳа шаҳрида оломон собиқ президент Ҳофиз Асад мақбарасига бостириб кириб, унинг жасади бўлган тобутни ёқиб юборди. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар берди. Мақбарада Асад оиласининг бошқа аъзолари, жумладан Башар Асаднинг акаси Басил ҳам дафн этилган.

Ҳофиз Асад 1930 йилда Латақия вилоятининг Қардоҳа шаҳрида туғилган. У 1971 йилдан 2000 йил вафотигача Сурияни бошқарган. Унинг вориси сифатида тўнғич ўғли Басил кўриладиган эди, бироқ Басил 1994 йилда автоҳалокатда вафот этган. Шундан сўнг, иккинчи ўғли Башар Асад ҳокимиятга келган.

Башар Асад Сурияни 2024 йил декабригача бошқариб, 13 йил давом этган фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, мамлакатни тарк этди.

Асадни қутқарган Россия

Кремл 2011 йилда Муаммар Қаззофийга нисбатан қилинган шафқатсизликлар ҳақидаги видеолардан таъсирланиб, Башар Асадни қутқаришга қарор қилган. Россия Асад режимини қўллаб-қувватлашдан воз кечиб, унинг омон қолиш имкони йўқлигини тан олди.

Мухолифат кучлари Дамашққа яқинлашганда, Россия Асадга мағлубият муқаррарлигини англатиб, уни ва оиласини хавфсиз олиб чиқишни таклиф қилди. Асаднинг қочишини россиялик разведка ходимлари ташкиллаштирган. Уларнинг маълумотларига кўра, Асад Россиянинг Суриядаги авиабазаси орқали олиб чиқилган, бу пайтда самолёт транспондери ўчирилган бўлиб, кузатувнинг олди олинган.

Bloomberg’нинг ёзишича, Путин Асаднинг ҳукуматига нисбатан кучайган таҳдидлар нега ўз вақтида аниқланмагани бўйича разведкадан тушунтириш ҳам талаб қилган.

Суриядаги ҳарбий базалар тақдири

Башар Асад режими Сурияда тезда қулаганидан сўнг, Россия Тартус порти ва Ҳмеймим авиабазасидан маҳрум бўлиши мумкин. Бу мамлакатнинг хориждаги ягона ҳарбий-денгиз базаси ҳамда Кремл сўнгги 9 йил ичида юз миллиардлаб рубль сармоя киритган ҳарбий активлари учун катта йўқотиш бўлади.

Россиянинг ҳарбий контингенти мухолифат кучлари Тартус ва Ҳмеймим жойлашган ҳудудларни тўлиқ назоратга олгач, қамал ҳолатига тушиб қолган. Кремл мухолифат, Туркия, Исроил, АҚШ ва Британия билан дипломатик музокаралар олиб бориб, агар бу ҳудудларда Россия кучларига таҳдид туғилса, авиация ва ракеталар ёрдамида жавоб қайтаришини маълум қилди.

Карнеги марказининг Россия-Евросиё бўлими раҳбари Александр Габуевнинг фикрича, бу вазият Россиянинг Африка корпусини таъминлаш логистикасига ва минтақавий таъсирига салбий таъсир кўрсатади. Жазоир каби муқобил базалар топилиши мумкин, бироқ улар Кремл учун осон ечим эмас.

Экспертларнинг таъкидлашича, бу мағлубият авваламбор Эрон учун оғир бўлди, чунки Теҳрон Сурияга кўпроқ сармоя киритган. Шу билан бирга, Россиянинг Яқин Шарқдаги ва Ғарбдаги таъсири пасайиши мумкин.

Асад режими қулаши Кремлнинг «ўз одамларини ташлаб қўймаслик» имижини ҳам йўққа чиқарди. Россиядаги расмийлар эса Суриядаги ҳарбий ресурслар энди Украинадаги урушга йўналтирилишини таъкидламоқда.

Россия нефтига қарши янги санкция

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Доналд Трампнинг қайта сайланиши эҳтимоли олдидан Россия нефт экспортига янги чекловлар киритишни кўриб чиқмоқда. Bloomberg'нинг маълум қилишича, санкциялар Москва экспорт қоидаларини четлаб ўтиш учун фойдаланаётган соядаги танкерлар флотини қамраб олиши мумкин.

Энергия нархларининг ошишидан хавотирланган Байден маъмурияти бу қадамни узоқ вақт орқага сурган. Бироқ нефт нархининг пасайиши ва Трампнинг Россияга ён босиши мумкинлиги каби хавотирлар янги чекловларни тезроқ жорий этиш эҳтимолини оширди.

Янги санкциялар яқин ҳафталарда жорий этилиши кутилмоқда, бу Европа Иттифоқи томонидан кўриладиган чоралар билан уйғунлашиши мумкин. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши ва Молия вазирлиги ҳозирча изоҳ беришдан бош тортди.

The Washington Post'нинг хабар беришича, Россиянинг «Геран-2» дронлари техник носозликлар туфайли ҳавода назоратдан чиқмоқда. Баъзилар қулаган ёки ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари томонидан осон йўқ қилинган. Ғарб таҳлилчилари бу муаммоларни паст сифатли компонентлар, айниқса мотор билан боғлашмоқда. Бу Москвага нисбатан жорий қилинган санкцияларнинг самарадорлигини кўрсатади.

Рублнинг курси яна пасая бошлади

Рублнинг икки ҳафталик барқарорлиги тугаб, унинг курси яна пасайишни бошлади. Чоршанба куни доллар курси 7 рублга ошиб, 108,72 рублга етди, евро 114 рублга, юан эса илк бор 14 рублдан ошиб кетди.

Bloomberg маълумотларига кўра, АҚШ Россия нефт экспортига нисбатан Эрон даражасида чекловлар жорий этишни кўриб чиқмоқда. Бу рублнинг қадрсизланишига олиб келган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Шунингдек, Reuters маълумотларига кўра, рублга бўлган талаб чет эл компанияларининг Россия бозорини тарк этиши билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли бор, аммо кимларнинг кетгани ҳали маълум эмас.

Таҳлилчиларга кўра, рублнинг қадрсизланиши Россия иқтисодиётидаги тизимли муаммоларнинг давом этаётганини кўрсатмоқда.

 

 

439 млрд доллар бойликка эга Илон Маск

Tesla ва SpaceX раҳбари Илон Маскнинг бойлиги 439 млрд долларга етди. У дунёнинг энг бой одамлари орасида Bloomberg рейтингида биринчи ўринда туради. SpaceX қиймати 350 миллиард долларга етиб, дунёдаги энг қиммат стартапга айлангач, Маскнинг капитали 50 миллиард долларга ошди.

Маск бойлик бўйича Amazon асосчиси Жефф Безос ва Meta раҳбари Марк Цукербергни ортда қолдирди. 2021 йилда у Безосни орқада қолдириб, тарихдаги энг бой одамга айланган эди.

Ҳисоб-китобларга кўра, Маск бойлиги йилига ўртача 110 фоизга ўсмоқда ва 2027 йилга бориб дунёдаги доллардаги илк триллионерга айланиши мумкин. Шунингдек, 2028 йилда ҳиндистонлик Гаутам Адани, Nvidia бош директори Женсен Ҳуанг ва индонезиялик Пражого Пангесту ҳам триллионерлар сафига қўшилиши мумкин.

Келин ўғирлашга кучайтирилган жазо

Қозоғистонда келин ўғирлаш ҳолатларига қарши жазони кучайтирувчи қонунчилик тузатишлари тайёрланмоқда. Парламент спикери Эрлан Кошановнинг маълум қилишича, президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Миллий қурултойдаги топшириғига биноан, бундай ҳолатларга жиддий ҳуқуқий баҳо бериш режалаштирилган.

Тўқаев март ойидаги чиқишида келин ўғирлашни «хурофот» деб атаган ва бу амалиётни прогрессив жамиятнинг қадриятларига зид, деб баҳолаган. Президент ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари устувор эканлигини таъкидлаб, келин ўғирлашга қонун доирасида чек қўйиш зарурлигини айтган.

Шунингдек, феврал ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссар Артур Ластаев Чимкентдаги келин ўғирлаш билан боғлиқ шов-шувли ҳодиса ҳақида баёнот берганди. Унинг таъкидлашича, мажбуран турмушга чиққан қизлар кўпинча жисмоний ва руҳий зўравонлик қурбонига айланмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид