Жаҳон | 19:19 / 13.12.2024
1602
2 дақиқада ўқилади

Amazon ҳам Трампнинг инаугурацияси учун 1 млн доллар хайрия қилади

Кейинги ҳафта Amazon компанияси асосчиси Жефф Безос Трамп билан унинг Мар-а-Лагодаги қароргоҳида учрашади.

Фото: AP

Amazon компанияси АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трампнинг инаугурация жамғармасига 1 миллион доллар хайрия қилишни режалаштирмоқда, деб хабар беради The Wall Street Journal.

Нашр манбаларининг сўзларига кўра, кейинги ҳафта компания асосчиси Жефф Безос Трамп билан унинг Мар-а-Лагодаги (Флорида) қароргоҳида учрашади. Amazon, шунингдек, ўзининг Prime Video стриминг сервисида 2025 йил 20 январ куни бўлиб ўтадиган Трамп инаугурациясини трансляция қилиш ниятида.

Аввалроқ Facebook, Instagram ва WhatsAppʼга эгалик қилувчи Meta компанияси Трампнинг инаугурациясига 1 миллион доллар хайрия қилгани маълум бўлганди.

Доналд Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида Жефф Безор ва АҚШдаги бошқа йирик технологик компаниялар раҳбарлари билан очиқ зиддиятга бориб келган. Хусусан, у Безосга тегишли The Washington Post газетасини ўз маъмурияти сиёсатини холисона ёритмагани учун қоралаган.

2024 йилги президентлик сайловлари аввалида анъанавий равишда АҚШ Демократлар партияси тарафида чиқиш қилиб келадиган The Washington Post ярим асрдан бери биринчи марта давлат раҳбарлиги лавозимига номзодларнинг ҳеч бирини қўллаб-қувватламаслигини ва Трампнинг рақиби Камала Ҳаррис тўғрисидаги тайёр мақолани чоп этмаслигини маълум қилганди. Ушбу қарорга изоҳ берар экан Безос номзодларни қўллаб-қувватлаш «нохолислик ҳиссини» юзага келтиришини, сиёсий позицияни ошкор этмаслик эса The Washington Post обрўсини оширишини айтган. Аммо бунинг ўрнига газета юз минглаб обуначиларидан айрилди. Сайловлардан кейин Безос Трампни ғалабаси билан табриклаб, унинг иккинчи президентлик муддатига оптимизм билан қарашини таъкидлади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид