Жаҳон | 23:57 / 13.12.2024
4355
2 дақиқада ўқилади

Гуржистон президенти янги парламент сайловларига қадар ўз лавозимини тарк этишдан бош тортди

Саломе Зурабишвили 14 декабр куни ўтказиладиган сайлов жараёнини «президентлик сайловларига пародия ва шармандалик» деб атаб, мамлакатда фақат у легитим ҳокимиятга эга эканини таъкидлади.

Фото: Getty Images

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили мамлакатда янги парламент сайловлари белгиланмагунга қадар ўз ваколатларини топшириш ниятида эмаслигини маълум қилди. У 14 декабр куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларини легитим эмас деб атади.

Давлат раҳбарининг фикрича, бугунги кунда Гуржистонда фақат у легитим ҳокимиятга эга. У бўлажак сайлов жараёнини «президентлик сайловларига пародия ва шармандалик» дея таърифлади. Президентнинг таъкидлашича, норозилик акцияларида иштирок этаётган фуқаролар ҳам унинг позициясига қўшилади.

«Мен сизларнинг чет элдаги, шунингдек, мамлакат ичидаги вакилингизман. Мамлакатга тинчлик, адолат ва келажакни қайтарадиган янги парламент сайловлари тайинланмагунга қадар шу ерда бўламан», — дейди Зурабишвили брифинг давомида.

Гуржистон президенти сайловлари сайловчилар коллегияси томонидан ўтказилади. Парламентнинг барча депутатлари, маҳаллий маъмурият раҳбарлари, шунингдек, Ажария ва Абхазия Олий кенгашлари вакиллари унинг ичига киради. Давлат раҳбарлиги учун ягона номзод собиқ футболчи Михаил Кавелашвилидир.

Аввалроқ Гуржистонда собиқ президентни давлат муҳофазасидан маҳрум этиш тўғрисидаги қонун қабул қилингани тўғрисида хабар берилган эди. Қайд этилишича, мазкур қонунни ёқлаб 85 нафар депутат овоз берган. Амалдаги қонунчиликка кўра, Гуржистон президенти, бош вазири, шунингдек, парламент спикери ваколат муддати тугаганидан кейин яна бир йил давомида давлат муҳофазасидан фойдаланиши мумкин. Агар юқоридаги мансабдор шахслардан бирига бирор хавф таҳдид солаётган бўлса, давлат муҳофазаси муддати узайтирилади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид