Жаҳон | 13:37 / 14.12.2024
11435
9 дақиқада ўқилади

Башар Асаднинг қочишдаги ёлғони, АҚШдан Украинага тарихий ёрдам ва Эронга зарба беришни кўзлаётган Трамп — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Суриядаги вазият

Сурия бош вазири Муҳаммад ал-Башир Дамашқдаги Уммавийлар масжидида жума маърузасини ўқиди. Туркия разведкаси бошлиғи Иброҳим Қалин ва «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» етакчиси Муҳаммад ал-Жўлоний ҳам шу масжидда жума намози ўқигани айтилмоқда.

Шунингдек, мухолифатнинг «Оқ каскалилар» гуруҳи ҳам Уммавийлар масжидида жума намозида қатнашган. Суриядаги фуқаролик уруши бошланганидан бери «Оқ каскалилар» қутқарув ва излаш ишларида, шунингдек, Асад режими томонидан амалга оширилган қатлиомларни ёритишда иштирок этиб келмоқда.

Муҳаммад ал-Жўлоний эса халқни инқилоб ғалабасини нишонлаш учун майдонларга чиқишга чақирди:

«Мен барча сурияликларни қўрқмасдан ва ўқотар қуролларсиз майдонларга чиқиб, инқилобимизнинг ғалабасини нишонлашга чақираман. Бунинг ортидан эса биргаликда мамлакатимизни тиклаш учун ҳаракат қиламиз», деди у.

Сурия пойтахти Дамашқда аэропортга олиб борувчи йўлда 100 га яқин инсон жасадлари қолдиқлари топилди. Жабрланганларнинг шахсини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Жасадлардан баъзилари форс тилидаги ёзувлар туширилган қопларда бўлган, қолганлари эса атрофга сочилиб ётган ҳолда топилган. Ҳукумат бу бўйича расмий терговни бошлади.

Башар Асаднинг қочишдаги ёлғони

Суриянинг собиқ президенти Башар Асад қочишидан аввал ҳарбийларни Россиядан ёрдам келаётганига ишонтирган ва ҳатто қариндошларини огоҳлантирмасдан яширинча аэропортга жўнаб кетган.

Reuters агентлигига кўра, Асад қочишидан бир неча соат олдин Мудофаа вазирлигида армия ва хавфсизлик етакчиларини йиғиб, уларга Россия ҳарбий ёрдами йўлда эканини таъкидлаб, позицияларни ушлаб туришни буюрган. Кейин у президент саройидаги бошқарувчига уйга қайтаётганини айтган, аммо аэропортга йўл олган.

Асаднинг Дамашқдан Ҳмеймим базасига, у ердан Москвага учиб кетгани хабар қилинди. Унинг рафиқаси Асмо ва уч фарзанди ўша пайтда Москвада бўлган. Асад ҳатто укаси Моҳир ва амакиваччаларини ҳам ташлаб кетган. Моҳир Ироққа қочган бўлса, Иҳоб Махлуф ўлдирилган, Иёзнинг тақдири эса номаълум.

Эрдўған Асад даври ҳақида

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Сақаря шаҳрида чиқиш қилар экан, Сурия инқилобини танқид қилаётган ва Башар Асад режими даврини мадҳ этувчи шахсларга энг яхши жавоб Дамашқдаги ерости қамоқхоналари эканини таъкидлади.

Эрдўған Сурияга ёрдам бериш бўйича саъй-ҳаракатлари давомида Туркия катта босим, айбловлар ва фитналарга дуч келганини билдирди.

«Биз суриялик ака-укалар ва опа-сингилларимиз олдидаги биродарлик бурчини адо этдик», — дея қайд этди Эрдўған.

Украина-Россия зарбалар алмашди

Украина қуролли кучлари 11 декабрга ўтар кечаси Таганрог шаҳридаги ҳарбий аэродромга Американинг ATACMS ракеталари билан ҳужум қилганини билдирган эди.

Россия томони баёнотига кўра, олтита ракета учирилган бўлиб, иккитаси «Панцир» тизимлари ёрдамида уриб туширилган, қолганлари эса радиоэлектрон кураш воситалари билан мўлжалдан оғдирилган.

Ҳужум туфайли аэродромдаги бинолар, ҳарбий машиналар ва автотураргоҳдаги фуқаролик автомобиллари енгил шикастланган. Шунингдек, шахсий таркиб орасида жароҳатланганлар борлиги қайд этилган, аммо қурбонлар сони очиқланмаган.

Россия кучлари бунга жавобан 13 декабрга ўтар кечаси Украинага ракеталар ва дронлар ёрдамида кенг кўламли ҳужум уюштириб, энергетика объектларига зарба берди. Бу бутун мамлакат бўйлаб ҳаво ҳужуми хавфи сигналларини келтириб чиқарди. Киев, Одесса, Лвив, Черкасск, Хмелницкий, Харкив ва Ивано-Франковск областларида портлашлар қайд этилди.

Ҳужумнинг асосий нишонлари энергетика объектлари бўлган. Киев ва Тернопил областларида фавқулодда электр ўчириш чоралари кўрилган, Одессада электр транспорти ва сув таъминоти тўхтатилган. Харкивда дроннинг турар жой биноси томига тушиши туфайли ёнғин келиб чиққан.

Украинага тарихий ёрдам

АҚШ президенти Жо Байден Украинага қурол-яроғ етказиб беришни сезиларли даражада ошириш бўйича ташаббусни амалга оширади. Яқин беш ҳафта ичида АҚШ Украинага юз минглаб артиллерия снарядлари, мингдан зиёд ракеталар, юзта зирҳли техника ва бошқа ускуналарни юборади.

CNN хабарига кўра, Байденнинг миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жейк Салливан ушбу ёрдамни мувофиқлаштиришда асосий рол ўйнамоқда. Пентагон денгиз ва ҳаво йўналишларидан фаол фойдаланиб, барча ускуналар ўз вақтида етказилишини таъминлайди.

Бироқ манбанинг таъкидлашича, Украина учун асосий муаммо қурол эмас, балки тирик жонларнинг етишмаслиги бўлиб қолмоқда. АҚШ Украина аскарларини мамлакат ташқарисида ўқитишга тайёрлигини билдирган. Аммо кенгайтирилган сафарбарлик қарорини Украина ўзи қабул қилиши лозим.

12 декабр куни Байден Украинага 500 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлаган эди.

Европадан Украинага хавфсизлик кафолатлари

Германия ва унинг европалик ҳамкорлари Украинани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва Россия билан потенциал тинчлик келишувида хавфсизлик кафолатларини беришга тайёрлигини таъкидлади. Германия, Франция, Полша, Италия, Испания ва Буюк Британия Украинага узоқ муддатли ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олди.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок йиғилишда Европа хавфсизлигини таъминлаш ва Россияга қатъий сигнал бериш зарурлигини таъкидлади. Музокаралар АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампнинг Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиши эҳтимолига тайёргарлик кўриш мақсадида ўтказилди.

Шунингдек, Венгрия бош вазири Виктор Орбан Россия ва Украинага ўт очишни тўхтатиш ҳамда маҳбуслар алмашинувини таклиф қилди. Аммо Украина президенти Володимир Зеленский буни рад этиб, тинчлик сари ҳаракатлар Европа бирлиги ва АҚШ қатъияти билан мувофиқлаштирилишини таъкидлади.

БАА банкларидан Россияга чеклов

АҚШнинг янги санкцияларидан сўнг БАА банклари россиялик компанияларнинг тўловларини текшириш ва ушлаб туриш амалиётини кескин кучайтирди. Бу Россиянинг асосий хорижий молиявий «ҳаб»ларидан бири бўлган БААда бизнес юритувчи компанияларга жиддий таъсир кўрсатмоқда.

РБКнинг хабар беришича, ноябр ойидан бошлаб Дубай банклари орқали тўловларни амалга ошириш вақти бир неча баробарга ошиб кетган. Январ ойида 1–3 кун давомида амалга оширилган тўловлар эндиликда икки ҳафтадан 30 кунгача кечикади. Айрим ҳолларда маблағлар банклар ўртасида йўқолиб қолмоқда ёки қайтарилмоқда.

Бундай чекловлар АҚШ санкциялари таъсирида жорий қилинган, чунки банклар иккинчи даражали санкцияларга дуч келишни истамайди. Мазкур вазият Россиянинг ташқи савдо ва молиявий операциялари учун катта қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

НАТО ва Россиянинг эҳтимолий уруши

НАТО бош котиби Марк Рютте алянс давлатларини Россия билан 5 йил ичида бўлиши мумкин бўлган урушга тайёргарлик кўришга чақирди. У ҳозирги мудофаа чораларини етарли эмас деб баҳолаб, «Украинадаги воқеалар келажакда НАТО ҳудудида ҳам содир бўлиши мумкин», деди.

Рютте Россия томонидан ҳозирча бевосита таҳдид йўқлигини тан олган ҳолда Кремл узоқ муддатли қарама-қаршиликка тайёрланмоқда, деб таъкидлади. У ҳарбий харажатларни оширишни таклиф қилиб, буни урушнинг олдини олиш учун зарур чора сифатида кўрсатди. «Агар ҳозир сарфламасак, кейин триллионлаб евро йўқотишимиз мумкин», — деди Рютте.

Октябрда Германиянинг Федерал зарведка хизмати Россиянинг 2030 йилгача НАТОга ҳужум қилиш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирганди. Шунга ўхшаш таҳдидлар ҳақида Чехия разведкаси ҳам маълум қилган.

Эронга зарба беришни кўзлаётган Трамп

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Эроннинг ядро қуроли яратиш имкониятини чеклаш мақсадида унга зарба бериш вариантларини кўриб чиқмоқда. The Wall Street Journal нашрига кўра, Трамп жамоаси Эрон ядровий иншоотларига зарбалар бериш масаласини жиддий ўрганмоқда.

Эроннинг минтақадаги таъсири заифлашгани ва ядровий дастурнинг фаоллашаётгани бу муҳокамаларни кучайтирган. Мунозаралар Натанз, Фўрду ва Исфаҳон ядровий объектларига эҳтимолий зарбаларни ҳам ўз ичига олади. Бироқ бу иншоотларнинг кўпчилиги ер остида жойлашгани туфайли операция муваффақиятли бўлиши ҳақида ишонч йўқ.

Трамп маъмурияти Эронга нисбатан максимал босим ўтказиш стратегиясини ҳам тайёрламоқда. Дастлаб қўшимча ҳарбий кучлар Яқин Шарққа жўнатилади, Исроилга замонавий қурол-яроғ берилади ва санкциялар кучайтирилади. Иккинчи босқичда эса санкциялар ва ҳарбий таҳдид орқали Эрон музокараларга мажбурланади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид