Ўзбекистон | 16:08 / 14.12.2024
6793
4 дақиқада ўқилади

“Боғча тўлови қисман қопланади, уйда қараш хизмати йўлга қўйилади” – видеоселектордан ваъдалар қандай?

Ўзбекистонда энди камбағал оилаларнинг фарзандлари учун боғча пуллари қисман қопланади, уйда ётиб қолган инсонларга қараш учун хизмат жорий қилинади. Бунинг харажатларини давлат бўйнига олади. 

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистонда камбағал оилаларнинг фарзандларига энди алоҳида эътибор қаратилади. Бундай оила фарзандлари таълим олиши ва касб ўрганиши учун имкониятлар кенгайтирилиши ваъда қилинмоқда.  Бу хусусида Президент 13 декабрь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди. Мирзиёев ва селекторда йиғилганлар ижтимоий ҳимоя сиёсатини муҳокамадан ўтказди, 2025 йил учун режаларни кўриб чиқди. 

Боғча тўлови қисман қопланади

Ўзбекистон ижтимоий давлат экани конституцияда белгиланган. Демак, бундай мамлакатда халқ ва унинг яхши яшашига маблағ ажратиш биринчи ўринда туриши керак. Президент нутқида келишича, барча ҳудудларда «Инсон» марказлари очилиб, 102 та ижтимоий хизматлар маҳаллаларда йўлга қўйилган. Уйма-уй юрган ходимлар 95 минг муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатди, 51 минг одамга ногиронлик белгилади, 26 минг нафар одамлар эса протезларга эга бўлди. Ётиб қолган 4 минг нафар кексалар аниқланиб, уларга ёрдам берилди, ногиронлиги бўлган 5 минг нафар болалар эса боғча, мактабга жойланди, дейди Президент ўз гапини давом эттираркан. Шунингдек, энди камбағал оилаларнинг фарзандлари учун боғча тўлови қисман тўлаб ҳам берилади. 

Уйида ётиб қолганларга қаров хизмати жорий қилинади

Бугун ўзи ҳаракатлана олмайдиган, ётиб қолган, ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир юртдошларимиз сони ҳам анчагина. Президентнинг маълум қилишича, худди шундай 23 минг нафар одамларга ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки болалари қараб ўтирибди. 2025 йил январидан уларнинг 19 мингига уйида, қолган 4 мингига эса кундузги қатнов асосида қараш хизмати йўлга қўйилади. Натижада бу ишларга банд бўлган 15 минг кишининг қўли бўшаб, ишлашга имкон топади. 

Ягона “ижтимоий карта” жорий қилинади

Камбағал оиладаги 460 минг одам тиббий ёрдамга, 6 мингта оила эса уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож. Шу боис келаси йили муҳтож одамларнинг жарроҳлик амалиёти учун Тиббий суғурта жамғармасига қўшимча 185 миллиард сўм ажратилади. “Ижтимоий дафтарлар” маблағи эса камбағал оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш ва даромадини оширишга сарфланади.

Ҳозирги кунда фуқаролар ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун 10 дан ортиқ ҳужжатни олиб юришга мажбур. Энди буларнинг ўрнини босадиган битта – “ижтимоий карта” жорий этилади. У билан жамоат транспортида бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш мумкин бўлади. Нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади, дейди Президент нутқини давом эттираркан. Шунингдек, Мирзиёев Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини «инсоф агентлиги» деб ҳам атади. 

Видеоселектор давомида Президент дунёнинг руҳлантирувчи 100 аёли рўйхатига киритилган сурхондарёлик аёл Дилором Йўлдошеванинг матонатига ҳам таҳсин айтди. 

Энергетик лойиҳалар тақдимоти

Куннинг иккинчи ярмида Президент энергетик лойиҳаларни амалга оширишга бағишланган тадбирда ҳам  қатнашди. Умумий қиймати 7,2 млрд долларлик жами 24 лойиҳани амалга ошириш кўзланмоқда. Шулардан умумий қиймати 3,7 млрд долларлик 18 та лойиҳа ишга туширилди, қолган 6 тасининг қурилишига эса старт берилди. Мирзиёев буни энергетика соҳасидаги тарихий воқеа, дея атади. 7-8 йил аввал худо берган неъмат қуёш ва шамолдан энергия олиш биз учун эртакдек эшитиларди ва ҳеч ким бунга ишонмаган. Шу кунларга келдик, дейди давлат раҳбари. Мирзиёев режасига кўра, 2030 йилга бориб, давлат ЯИМ 200 млрд доллардан ошади, шу йилнинг ўзида 110 млрд долларга етмоқда.

Мавзуга оид