Жаҳон | 23:36 / 14.12.2024
7725
2 дақиқада ўқилади

Reuters: Россия Суриядаги иккита асосий базасидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетмоқчи эмас

Россия Сурия шимолидаги фронт чизиғидан ўз қўшинларини қисман олиб чиқмоқда, аммо Тартус ва Ҳмеймин базаларидаги ҳарбийлари жойида қолади.

Фото: Reuters

Россия ўз қўшинларини Сурия шимолидаги фронт чизиғи ва Алавит тоғларидаги постлардан қисман олиб чиқмоқда, аммо иккита асосий база — Тартусдаги ҳарбий-денгиз базаси ва Латақиядан тахминан 20 километр жануби-шарқда жойлашган Ҳмеймим ҳарбий-ҳаво базасидаги ҳарбийларини қолдиряпти. Бу ҳақда суриялик тўрт нафар амалдорга таяниб, Reuters хабар берди.

Суриялик ҳарбийлар ва хавфсизлик соҳасидаги манбаларнинг хабар беришича, Россия оғир техникалар ва катта офицерларининг бир қисмини олиб чиқиб кетмоқда, улар Москвага йўл олади. Аммо иккита асосий базадаги қўшинлар жойида қолади. Манбаларнинг сўзларига кўра, Россия у ердан қўшинларни олиб чиқмаган ва бундай қилиш ниятида ҳам эмас. Reuters суҳбатдошларининг айтишича, мақсад — жойларда юз берган воқеалар ривожига мос равишда қайта гуруҳланиш ва дислокацияни ўзгартиришдан иборат.

Сурияликларнинг янги муваққат маъмуриятига яқин бўлган юқори мартабали вакилнинг таъкидлашича, Россия қўшинларининг Сурияда қолиши ва Башар Асад ҳукумати ҳамда Москва ўртасидаги олдинги битимлар муҳокама қилинмаган. «Бу бўлажак музокаралар масаласи ва охирги гапни Сурия халқи айтади», — дейди агентлик суҳбатдоши.

Россиядаги манба ҳам Суриянинг янги ҳукумати билан музокаралар давом этаётгани ва РФ ўз контингентини базаларидан олиб чиқиб кетиш ниятида эмаслигини тасдиқлаган.

2017 йилда Москва ва Дамашқ Тартус ва Ҳмеймим базаларидан 49 йил давомида — 2066 йилгача фойдаланиш бўйича келишув имзолаганди. Россия қўшинлари таркибида 7,5 минг ҳарбий билан бирга кўплаб қурол-яроғ ва ҳарбий техника ҳам бор. Бу, айниқса, Ҳмеймим авиабазасига тегишли. База ҳудудида зирҳли техника, зенит-ракета мажмуалари ва муҳандислик ускуналари мавжуд. 

Аввалроқ Россия ҳукумати Суриянинг янги раҳбарияти билан мамлакатдаги иккита ҳарбий базани сақлаб қолиш бўйича музокаралар олиб бораётгани тўғрисида хабар берилганди.

 

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид