Жаҳон | 12:04 / 16.12.2024
1155
2 дақиқада ўқилади

Латвияда ФБК даъволари текширилгач коррупция аниқланмади

Латвия Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси идоравий текширув ўтказди ва коррупцияга оид далил топмади, деб хабар беради Delfi портали.

Фото: DW

Латвия Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси (KNAB) Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК) ҳужжатли филмида келтирилган айбловларни ўрганиб чиқди ва Латвия расмийлари орасида коррупцияга оид далил топмади. Бу ҳақда 15 декабр, якшанба куни Delfi портали прокуратурага таяниб хабар берди.

KNAB идоравий текширув ўтказди ва давлат полицияси ва прокурорлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни кўрсатувчи фактларни аниқламади.

Мухолифатчи Алексей Навалний жамоаси Латвия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ЮКОС нефт компанияси раҳбариятининг собиқ вакили Леонид Невзлинга пора эвазига россиялик мухолифатни таъқиб қилишда ёрдам бераётганини даъво қилди.

Навалний тарафдорларининг филми

Навалнийнинг тарафдорлари филмида айтилишича, Леонид Невзлин ФБК россиялик мухолифатчиларга ҳужум ташкилотчиси деб ҳисоблаган адвокат Анатолий Блинов билан бирга Латвияда ФБК собиқ бош директори Владимир Ашурковга нисбатан пора эвазига жиноий иш очмоқчи. 

Латвиянинг LTV телеканалига кўра, Блинов Латвия фуқароси бўлмаган шахснинг сохта паспортидан фойдаланиб, Европа Иттифоқи бўйлаб ҳаракатланган. Шу муносабат билан Латвия Ички ишлар вазирлиги давлат котиби Дмитрий Трофимов полиция «ҳужжатларни қалбакилаштириш эҳтимоли бўлган фактни текшириш учун барча зарур чораларни кўришини» ваъда қилди.

ФБК порахўрлик айбловларига ишонмаслигини таъкидлади, бироқ Ашурковнинг ўзи уларга март ойида у гўё Лондон полициясига гувоҳ сифатида чақирилганини, у ерда уни Латвия полицияси терговчилари ва Рига туман прокурори британияликлар билан бирга сўроқ қилишганини айтди, деб ёзади Delfi.

Портал маълумотларига кўра, Ашурковнинг ўзи Латвия ОАВга бошқа маълумотларни, яъни Латвия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қаср сотиб олингани ҳақида сўроққа тутилганини айтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид