Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маҳаллий фармацевтика корхоналарига берилган божхона имтиёзлари 2028 йилгача узайтирилади
Шавкат Мирзиёев фармацевтика корхоналари раҳбарлари билан мулоқотда соҳада 1 млрд долларлик лойиҳалар шакллантирилишини белгилади. Шунингдек, энди фармацевтика тармоғида Илғор лойиҳалар инвестиция жамғармаси ташкил қилинади.
Шавкат Мирзиёев 18 декабр куни Tashkent Pharma Park инновацион кластерида фармацевтика соҳасидаги корхоналар раҳбарлари билан мулоқот қилди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, охирги етти йилда фармацевтикада ишлаб чиқариш 2 карра ошган. Экспорт 11 баробар кўпайган. 750 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, корхоналар сони 3 баробар ўсган.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда 3,5 минг турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилаётгани, лекин бу талабни тўла қопламаслиги таъкидланди. Шу боис давлат раҳбари кўп турдаги дориларни маҳаллийлаштириш ва экспортни кенгайтириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Асака банк ва Фармацевтика агентлигига йирик маҳаллий корхоналар билан бирга 2025 йилда кенг истеъмол қилинадиган 200 турдаги дори воситаларини ўзлаштириш ҳамда ишлаб чиқаришни 2 баробар ошириш бўйича дастур тайёрлаш топширилди. Бундай лойиҳаларга хориждан жалб қилинган 400 миллион доллар қулай шартларда йўналтирилади.

Энди фармацевтика тармоғида Илғор лойиҳалар инвестиция жамғармаси ташкил қилинади. Бу жамғарма биофармацевтика, ҳужайра технологиялари, онкология каби йўналишлардаги лойиҳаларга улуш билан киради, уларга катализатор бўлади.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан Асакабанкка соҳани ривожлантириш учун 100 миллион доллар кредит линияси очилган. Энди бу малағ лизинг учун ҳам берилади.
Асака банк томонидан фармацевтика соҳасида янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 миллион долларлик венчур компания очилади. Стартап лойиҳа четдан қанча маблағ жалб қилса, мазкур компания шунча пулни қўшимча экспертизасиз беради.
Янги ишланмалар учун Инновация жамғармасидан 20 миллиард сўм грант ажратилади. Бу олимлар яратаётган янги маҳаллий дори ишланмаларини тижорат лойиҳасига айлантириш ва стартаплар учун йўналтирилади.
Маҳаллий фармацевтика корхоналарига 2025 йил 1 январгача берилган божхона имтиёзлари муддати яна 3 йилга узайтирилади.

Мамлакат корхоналари етакчи хорижий фармацевтика компаниялари технологияси ва рецепти асосида дорилар чиқаришга тайёр. Лекин бундай кооперация учун ҳуқуқий асос яратилмагани сабабли ҳар бир дорини янги маҳсулот каби клиник тадқиқот ва рўйхатдан ўтказишга тўғри келяпти. Бунга кўп вақт кетади. Шу боис бу тартибни соддалаштириш муҳимлиги айтилди.
Тадбиркорларнинг экспорт бозорларини кенгайтириш учун АҚШнинг Озиқ-овқат ва дори воситалари сифати назорати бошқармаси (FDA) ҳамда Европа тиббиёт агентлиги сертификатларини олиш харажатлари бюджетдан қоплаб берилади.
Мамлакатда ўсимликларни саноат усулида етиштириб, қайта ишлаш орқали субстанция ва косметик компонент олиш ривожланяпти. Шунга мувофиқ, Асака банк иштирокида келгуси йилда ҳар бири 5 гектардан бўлган доривор ўсимликлар плантацияси барпо этилиб, уларни қайта ишлаш бўйича 5 та намунавий лойиҳа бажарилади.
Фармацевтикада 1 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилиши белгиланди. Улар талаб юқори дори воситаларини чет элникидек сифатда ишлаб чиқариб, бозорда рақобат яратиб, нархларни арзонлаштиришга қаратилган.
Мавзуга оид
15:12 / 15.05.2025
Еврокомиссия Pfizer билан вакциналар бўйича ёзишмалар ишида ютқазди
16:46 / 02.05.2025
Ўзбекистон ва Қозоғистон Хитойга дори-дармон хомашёси экспорти бўйича етакчилар қаторига кирди
21:39 / 22.04.2025
Дори воситаларининг рухсат этилган максимал нархлари қайта кўриб чиқилади
14:08 / 10.04.2025