Жаҳон | 09:20 / 19.12.2024
1351
2 дақиқада ўқилади

Чехия парламенти россияликлар учун фуқаролик олиш ҳуқуқини чеклади

Янги қонунга кўра, россияликлар Чехия фуқаролигини фақат Россия паспортидан воз кечиш орқали олишлари мумкин бўлади. Агар қонун лойиҳаси Сенат томонидан қўллаб-қувватланса, у 2025 йил февралидан кучга киради.

Фото: vinegret.cz

Чехияда парламент аъзолари учинчи ўқишда россияликларнинг Чехия фуқаролигини олиш имкониятини чекловчи Lex Ukrajina VII қонун лойиҳасини маъқулладилар. Чехиянинг Novinky интернет нашри 18 декабр, чоршанба куни тушунтирганидек, энди Чехия паспортини олиш учун улар Россия фуқаролигидан воз кечишлари керак бўлади.

Ёзилишича, «ўзгартириш шунингдек, 15 ёшдан ошган россияликлар учун Чехия фуқаролигини олиш учун барча аризаларни, шу жумладан илгари берилган аризаларни номаълум муддатга тўлиқ музлатишни назарда тутади».

«Чехиядан бошпана олган шахслар, шунингдек, мамлакат расмийларининг фикрича, у учун катта аҳамиятга эга бўлганлар учун истиснолар қўлланилади», — дея аниқлик киритади нашр.

Украиналиклар учун вақтинчалик ҳимоя муддатини узайтириш

Қонуннинг яна бир қоидаси Украинадан келган қочқинларни вақтинчалик ҳимоя қилиш муддатини узайтиради. Шу пайтгача унинг муддати 2025 йил 31 мартда тугаши кутилган эди. Энди бу муддат яна бир йилга орқага сурилиши мумкинлиги билан бир йилга қолдирилди.

Шу билан бирга, барқарор иш жойи бўлган ва давлатдан ёрдам олмаган қочқинлар узоқ муддатга махсус яшаш учун рухсатнома олишлари мумкин бўлади. Нашрнинг қайд этишича, беш йилдан сўнг улар доимий яшаш ҳуқуқи учун ариза беришлари мумкин бўлади.

Ўз навбатида, Чехия ички ишлар вазири Вит Ракушан «оташкесим мавжуд бўлганда, уруш тугаши билан вақтинчалик ҳимояни таъминлаш тўхтатилиши кераклигини» таъкидлади. Шу билан бирга, ҳозирги вақтда вақтинчалик ҳимояни олган қочқинларнинг мақоми сақланиб қолади. Бошқа барча бошпана изловчилар бундан буён «стандарт механизмлардан» ўтишлари керак, деди у. Novinky'га кўра, ҳозирда Чехияда 380 минг украиналик қочқин истиқомат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид