Жаҳон | 19:29 / 20.12.2024
3304
2 дақиқада ўқилади

Reuters: Байден администрацияси Украинага охирги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилишга тайёрланмоқда

АҚШ президенти Жо Байден администрацияси Украина Хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси доирасида Киевга 1,2 млрд доллар ажратади. Бу амалдаги президентнинг Украинага кўрсатадиган тўғридан тўғри ёрдамининг охирги қадами бўлиши мумкин.

АҚШ президенти администрацияси яқин кунларда Украинага янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур ҳарбий ёрдам пакети Жо Байден администрациясининг Украинага кўрсатадиган тўғридан тўғри ёрдамининг охирги қадами бўлиши мумкин.

Манбаларнинг сўзларига кўра, АҚШ Украина Хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси (USAI) доирасида 1,2 миллиард доллар ажратади. USAI доирасида Пентагон ўз захираларидан техникалар ва қуролланишни тақдим этмай, ишлаб чиқарувчилар билан шартномалар тузади. Қуролларни етказиб беришга эса ойлаб ёки йиллаб вақт кетиши мумкин.

Reuters суҳбатдошларидан бирининг таъкидлашича, янги пакетдан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва артиллерия снарядлари ўрин олади. Давлат департаменти ва Пентагон мазкур хабарга изоҳ беришдан бош тортган.

Сўнгги ҳафталарда АҚШ Украинага кўрсатиладиган ҳарбий ёрдамлар тўғрисида кўпроқ хабар бера бошлади. АҚШда Украинага қурол ва бошқа ҳарбий ёрдам етказиш бўйича Конгресс томонидан ажратилган маблағлардан 5,6 миллиард доллар қолган. Пентагоннинг ҳисоблашича, Байден администрацияси маъқулланган барча ёрдамни кўрсатишга улгурмайди.

Украина ва айрим иттифоқчи давлатлар расмийларининг Bloombergʼга маълум қилишича, Киевга ҳарбий ёрдам ажратишни пайсалга солган Жо Байден позицияси туфайли Украина урушда ғалабага эришиш имкониятларини қўлдан чиқарган.

АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп аввалроқ 2025 йил 20 январ куни лавозимга киришиши билан Россия—Украина урушини 24 соат ичида якунлашини айтганди. Трамп маслаҳатчиларининг режаларидан бирига кўра, Украина Россия билан музокараларни бошламаса, АҚШ ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатиб қўяди.

Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан бери АҚШ Киевга 175 миллиард долларлик ёрдам йўллади — маблағларнинг 61,4 миллиард долларга яқини хавфсизлик соҳасига йўналтирилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид