Жаҳон | 23:11 / 21.12.2024
1919
2 дақиқада ўқилади

АҚШ президенти ҳукумат ишини молиялаштиришни узайтирувчи қонунни имзолади

Оқ уй матбуот хизмати Жо Байден федерал ҳукумат фаолиятини молиялаштиришни давом эттириш тўғрисидаги қонунни имзолаганини маълум қилди.

Фото: AFP

АҚШ президенти Жо Байден федерал ҳукумат фаолиятини молиялаштиришни давом эттириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизматига таяниб, CNN хабар берди.

Қонун АҚШ ҳукуматини 2025 йил 14 мартга қадар ҳозирги даражада молиялаштиришни сақлаб қолишга имкон беради. Шунингдек, у табиий офатлар оқибатларини бартараф этишга 100 миллиард доллардан зиёд маблағ ажратилишини назарда тутади.

АҚШ Конгресси Сенати 21 декабрга ўтар кечаси ҳукумат фаолиятини молиялаштиришни узайтирувчи қонун лойиҳасини ёқлаб овоз берган. Ҳужжатни Конгресс юқори палатасининг 85 аъзоси қўллаб-қувватлаган, 11 нафари қарши чиққан.

Федерал идораларни молиялаштириш муддати узайтирилмаса, АҚШ ҳукуматида ишни тўхтатиш (шатдаун) хавфи юзага келиши мумкин эди, аммо бундай бўлмади.

Қонун лойиҳасида ҳукумат молиялаш муддатини уч ойга узайтириш, табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун 110 миллиард доллар ва ҳукумат қарзининг чегарасини 2027 йил январигача икки йилга тўхтатиб туриш кўзда тутилганди. Қарз лимитини бекор қилиш сайланган президент Доналд Трампнинг талаби эди — бу унга сайлов кампанияси давомида ваъда қилинган солиқ ислоҳотини амалга ошириш, солиқларни кескин қисқартириш имконини беради.

Ҳужжат Доналд Трамп ва миллиардер Илон Маск Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон демократлар билан эриша олган аввалги икки партиявий келишувни танқид қилганидан кейин Республикачилар партияси томонидан шошилинч равишда таклиф қилинган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид