Жаҳон | 00:47 / 21.12.2024
3294
2 дақиқада ўқилади

Мексикада ҳар бир ходим иш жойида стулга эга бўлишини кафолатловчи қонун қабул қилинди

Мексикада қабул қилинган янги қонунга кўра, хизмат кўрсатиш соҳасидаги иш берувчилар энди ходимлар ўтириши учун иш жойларини стуллар билан жиҳозлаши шарт. Акс ҳолда улар 13 минг еврогача жаримага тортилади.

Фото: Bild

Мексикада савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ходимларга иш жойида ўтириш ҳуқуқини берувчи янги қонун қабул қилинди, деб хабар беради Bild.

Қайд этилишича, энди кассирлар, сотувчилар ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги бошқа ходимлар суяниш мумкин бўлган стулдан фойдаланиши ёки смена вақтида мунтазам танаффусга чиқиши мумкин.

Қонун иш берувчига олти ой муддатда иш зоналарини стуллар билан жиҳозлаш мажбуриятини юклайди. Агар иш тури ходимга ўтириш имконини бермаса, компаниялар иш жадвалига мажбурий танаффусларни киритиши керак. 

Мазкур талабни бузганлар 13 минг еврогача жаримага тортилади, қонунбузарлик қайта такрорланса, инспекция томонидан қўшимча назорат ўтказилади. 

Янги қонунни илгари сурган депутатлардан бири Патрисия Меркадонинг таъкидлашича, «ҳеч ким бутун иш куни давомида тик оёқда турмаслиги керак». Статистикага кўра, мексикалик ишчиларининг деярли ярми ўз сменаларини тик оёқда ўтказади, айримларида эса танаффус олиш имконияти ҳам йўқ.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид