Жаҳон | 13:47 / 21.12.2024
1395
4 дақиқада ўқилади

Еврокенгаш бош котиби: Тбилиси ташқи таъсирга оид қонунни ўзгартиришга ваъда берди

Европа кенгаши бош котиби Ален Берсе матбуот анжуманида Гуржистон ҳукумати ва мухолифати вакиллари билан учрашувлар ҳақида гапирди. Унга кўра, хорижий таъсирга оид қонунни ўзгартириш бўйича халқаро ишчи гуруҳ тузилади.

Гуржистон расмийлари хорижий таъсир тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритишга ваъда берди. Бу ҳақда Европа кенгаши бош котиби Ален Берсе 20 декабр, жума куни Тбилисида мамлакатга ташрифини якунлаган матбуот анжуманида маълум қилди. Унга кўра, қонунни ўзгартириш бўйича халқаро ишчи гуруҳ тузилади.

Европа кенгаши Бош котиби Ален Берсе (чапда) ва Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе
Фото: Гуржистон бош вазири матбуот хизмати / AP

Берсенинг таъкидлашича, бу жараён Гуржистоннинг тенглик, камситишларга қарши чоралар, овоз бериш ҳуқуқи ва қамоқхона тизими билан боғлиқ бошқа қонунларига таъсир қилиши мумкин. 

«Европа кенгашига аъзолик маълум мажбуриятларни олади. Европа кенгаши дам олиш клуби ҳам, курорт ҳам эмас. Бу демократия, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига бағишланган ташкилот. Ва бу, хусусан, барчани ҳурмат қилишни англатади. Биз биргаликда ишлаб чиққан матнлар, биринчи навбатда, бу инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясига тегишли. Гуржистон аъзо уни давлат сифатида имзолаган ва ратификация қилган. Бу унга кўплаб мажбуриятларни юклайди. Мен бундай ҳамкорлик амалга ошишига ишонаман», деди Берсенинг сўзларини келтиради DW мухбири.

Европа кенгаши бош котиби уч кунлик ташрифи доирасида ҳукумат аъзолари билан, жумладан, бош вазир Ираклий Кобахидзе, ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси асосчиси ва унинг фахрий раиси, миллиардер Бидзина Иванишвили, ҳукумат вакиллари, мухолифат, фуқаролик жамияти ва омбудсман билан учрашди.

Берсе, шунингдек, Тбилисида намойишчилар ва журналистларнинг калтакланиши билан кечган намойишларнинг куч билан тарқатилишига ҳам изоҳ берди. Унинг айтишича, бу ишлар билан Қийноқларга қарши қўмита комиссияси шуғулланмоқда. Уларнинг иш натижалари тез орада тақдим этилиши керак. Бош котибнинг таъкидлашича, Гуржистон ҳукумати маъмурий айблов билан ҳибсга олинган намойишчиларни озод қилишга рози бўлган.

«Ҳокимият билан учрашув чоғида мен асосий ҳуқуқлар – сўз, оммавий ахборот воситалари ва йиғилишлар эркинлиги тўлиқ ҳимоя қилиниши кераклигини ва ҳар қандай қоидабузарликларга, айниқса, журналистлар ва намойишчиларга йўл қўйиб бўлмаслигини аниқ айтдим», деди Ален Берсе. У Гуржистон ҳукумати ва фуқаролик жамияти ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди, аммо демократияни тиклаш ва мустаҳкамлаш масъулияти гуржи халқи ва маҳаллий институтлар зиммасига юклашини таъкидлади.

Британия Гуржистон ИИВ раҳбариятига қарши санкциялар киритди

Буюк Британия 19 декабр куни Гуржистон Ички ишлар вазирлигининг беш раҳбарига нисбатан инсон ҳуқуқларининг бузилиши, оммавий ахборот воситаларига босим ва мамлакатдаги тинч намойишларнинг кескин бостирилиши муносабати билан санкциялар жорий этилганини эълон қилди.

Британия ҳукумати сайтидаги баёнотда айтилишича, бу қадам Вашингтон билан келишилган. Чекловлар Гуржистон ички ишлар вазири Вахтанг Гомелаури, унинг ўринбосари Александр Дарахвелидзе, Тбилиси полиция бошқармаси бошлиғи Сулхан Тамазашвили, махсус топшириқлар департаменти директори Звиад Харазишвили ва унинг ўринбосари Милери Лагазаурига тааллуқлидир. Санкциялар Буюк Британияга саёҳат қилишни тақиқлаш, у ердаги активларни музлатиш ва Буюк Британияда иқтисодий фаолиятни амалга оширишни тақиқлашни ўз ичига олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид