Жаҳон | 22:10 / 23.12.2024
2503
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади

Жо Байден администрацияси Хитойнинг олдинги авлод компютер чипларига нисбатан ташқи савдо терговини бошлади. Пекин АҚШнинг мазкур қароридан кескин норози эканини билдирди.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден администрацияси автомобиллар, маиший техникалар, алоқа тармоқлари ва қуролланишда фойдаланиладиган Хитойнинг олдинги авлод компютер чипларига нисбатан ташқи савдо терговини бошлади, деб ёзади The New York Times.

Тергов натижаларидан келиб чиқиб божлар жорий этилиши ёки Хитой чипларини АҚШга импорт қилишни блоклашга боғлиқ бошқа чоралар кўрилиши мумкин. Шу билан бирга, мазкур масала бўйича қарорни АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп администрацияси қабул қилади.

Бундай терговлар АҚШ расмийларига чет эл давлатларининг Америка маҳсулотларига нисбатан камситувчи сиёсатига қарши чора кўриш имконини беради. Экспертларнинг сўзларига кўра, улар одатда олти ойдан 1 йилгача давом этади.

Ўз навбатида Хитой ҳукумати АҚШ томонидан бошланган мазкур терговга нисбатан норозилик билдирди.

«Хитой Тижорат вазирлиги душанба куни АҚШнинг қарори юзасидан кескин норозилик билдирди», — дейилади хабарда. ХХР идорасининг қайд этишича, Вашингтон «халқаро қоидаларни ҳурмат қилиши ва ноқонуний ҳаракатларни дарҳол тўхтатиши» керак. Шунингдек, улар терговнинг кетиш жараёнини диққат билан кузатишларини ва ўз ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришларини қўшимча қилди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид