Жаҳон | 17:40 / 24.12.2024
3151
2 дақиқада ўқилади

Байден 2025 йил учун рекорд даражадаги АҚШ мудофаа бюджетини тасдиқлади

1,8 минг саҳифадан иборат ҳужжатда разведка соҳасидаги дастурларни амалга ошириш, Пентагон режалари, шунингдек, Энергетика вазирлиги лойиҳалари учун маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Фото: AP

АҚШ президенти Жо Байден мамлакатнинг 2025-молия йили учун (1 октябрдан бошланган) рекорд даражадаги мудофаа бюджетини 895 миллиард доллар миқдорида тасдиқлади, бу ўтган йилга нисбатан 9 миллиард долларга кўп. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилади.

1,8 минг саҳифадан иборат ҳужжатда разведка соҳасидаги дастурларни амалга ошириш, Пентагон режалари, шунингдек, Энергетика вазирлиги лойиҳалари учун маблағ ажратиш кўзда тутилган. АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси лойиҳани 11 декабрда, Сенат эса 18 декабрда маъқуллаган.

Бундан ташқари, Байден томонидан имзоланган актда Россия билан қазиб олинадиган ёқилғи соҳасида ҳамкорлик қилиш ва Стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш чора-тадбирлари тўғрисидаги шартнома (START) доирасида ахборот алмашиш тақиқланган. Мудофаа вазири ёки давлат котиби қонунчиларни Россия шу каби маълумотларни тақдим этгани ҳақида хабардор қилса, истиснога рухсат берилади.

Ҳужжат разведка хизматларини «Украинага қурол етказиб бериш тўхтатилганда ва Россия махсус операцияси муваффақиятли якунланган тақдирда АҚШ хавфсизлигига таъсир этувчи хавфларни» баҳолашга мажбур қилади. Разведкага Украина Қуролли Кучларига ҳарбий ва иқтисодий ёрдамни давом эттириш ёки тўхтатиш, шунингдек узоқ масофали қуроллар билан Россия ҳудудига зарба бериш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаш ёки бекор қилиниши билан жанговар қобилиятини сақлаб қолиш имкониятларини таҳлил этиш топширилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид