Ўзбекистон | 20:13 / 24.12.2024
4299
2 дақиқада ўқилади

Россияда жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароларининг вояга етмаган фарзандлари ватанга қайтарилди

Россиядаги жазони ижро этиш муассасаларида жойлашган болалар уйидан ўзбекистонлик ёш болалар ватанга қайтарилди. Таъкидланишича, бу каби репатриация қилиш тадбири биринчи марта амалга оширилган.

Фото: dunyo.info

Қозон шаҳридаги Бош консулхона саъй-ҳаракатлари билан Волгабўйи федерал округи Мордовия жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароларининг вояга етмаган фарзандлари ватанга қайтарилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Бош консулхона дипломатлари томонидан олиб борилган музокаралар натижасида ўзбекистонлик болаларни Мордовиядаги жазони ижро этиш муассасаси ҳудудида жойлашган болалар уйидан олиш бўйича келишувга эришилган.

«Вояга етмаган юртдошларимиз дипломатлар, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва мамлакатимиз тиббиёт ходимлари ҳамроҳлигида қабул қилиб олинди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Россиядаги жазони ижро этиш муассасаларида жойлашган болалар уйидан ўзбекистонлик ёш болаларни репатриация қилиш тадбири амалиётда биринчи марта амалга оширилди.

Аввалроқ Новосибирскда оғир вазиятга тушиб қолган ёш оила Ўзбекистонга қайтарилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Пекиндаги элчихонаси дипломатларининг саъй-ҳаракатлари билан ХХРда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган 11 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатга қайтарилган эди.

Мавзуга оид