Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саудия Арабистонидаги кўзгусимон мегашаҳарни роботлар қуради
The Line кўзгусимон мегашаҳарни қуришга Европа компаниясининг роботлари жалб қилинади. Саудия томони компанияга сармоя киритгани маълум бўлди.
Саудия Арабистонини ривожлантиришга қаратилган улкан Neom дастури доирасида мамлакатнинг саҳро манзараси ўзгариб бормоқда. Энг диққатга сазовор лойиҳалар қаторига Epicon эгизак осмонўпар бинолари ва The Line мегашаҳри киради. Сўнгги маълумотларга кўра, уларни қуришда замонавий технологиялар ва автоматлаштирилган робототехникадан фаол фойдаланилади.
New Atlas хабар беришича, дастурнинг стратегик инвестиция бўлинмаси ҳисобланган Neom инвестиция фонди (NIF) Европанинг GMT Robotics компаниясига катта миқдорда сармоя киритган. GMT Robotics — робототехника бозоридаги ўйинчилардан бири. Компания қурилиш соҳасини автоматлаштириш ва роботлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Кўзгусимон The Line шаҳри ва бошқа Neom лойиҳаларини барпо этишда қандай роботлар ишлатилиши ҳозирча номаълум. Ишлаб чиқариш функциялари ошкор қилинмаяпти, бироқ асосий эътибор арматура ишлаб чиқаришга қаратилиши аниқ. Бу мантиқан тўғри, чунки ҳозирги кунда жаҳон пўлат етказиб бериш ҳажмининг қарийб 20 фоизи Саудия Арабистонидаги глобал қурилиш лойиҳасига сарфланмоқда.
“Сўнгги 30 йил давомида арматура саноатида турли усулларни синаб, пўлат арматура ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш учун робототехника ва автоматлаштириш тизимларини кенг кўламда жорий этиш даражасига етиб келганимиздан жуда ҳаяжондаман. Neom компаниясининг қурилиш жараёнини қайта кўриб чиқишга интилишларини қўллаб-қувватлаймиз ва бу соҳада инқилоб яратишга ҳисса қўшадиган самарали ҳамкорликни интиқлик билан кутамиз”, — деб таъкидлаган GMT Robotics компанияси бош директори Улриҳ Дайҳманн.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, қурилиш соҳасида робототехникани қўллашнинг афзалликлари кўп. Замонавий технологиялар ёрдамида самарадорликни ошириш, лойиҳалаш жараёнини оптималлаштириш, эксплуатация харажатларини камайтириш ва хавфсизлик техникасини яхшилаш мумкин.
GMT Robotics’га инвестиция киритилгани ҳақидаги хабарлар Neom’нинг бетон ишлаб чиқаришга маблағ йўналтиргани ва йирик бетон заводи қурилиши тўғрисидаги маълумотдан сўнг эълон қилинди. Бундан ташқари, Саудия Арабистони 2034 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган. Шу сабабли, кейинги ўн йилликда минтақадаги қурилиш ишлари янада жадаллашиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
07:52 / 28.05.2025
Саудия Арабистонида Қурбон ҳайити 6 июнь куни нишонланади
18:42 / 26.05.2025
Хитойда роботлар илк бор рингда бир-бири билан олишди
19:00 / 19.05.2025
Саудия Арабистони — жозибадор саргузашт ва ҳашамат мужассамлашган диёр
00:39 / 16.05.2025