Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
Украина Мудофаа вазирлиги Олий рададан ҳарбий ҳолат даврида демобилизация тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлашни 2025 йил мартигача қолдиришни сўради.
Украина Мудофаа вазирлиги Олий раданинг Миллий хавфсизлик, мудофаа ва разведка бўйича қўмитасидан ҳарбий ҳолат даврида демобилизация шартлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлашни 2025 йил 18 мартгача кечиктиришни сўради. Бу ҳақда 24 декабр, сешанба куни «Украйинска правда» нашри мамлакат парламенти мудофаа қўмитасидаги манба ва Украина мудофаа вазири Рустем Умеровнинг журналистлар ихтиёрида бўлган хатига таяниб хабар берди.
«Бош штаб томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, агар ушбу қонун лойиҳаси амалга оширилса, хизматдан бўшаш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий хизматчиларнинг тахминий сони 108 минг кишини (шундан 14 минг нафари офицерлар) ташкил этади. Уларнинг бир вақтнинг ўзида ишдан бўшатилиши жанговар бўлинмалар шахсий таркиби сони сезиларли даражада қисқаришига олиб келади», дейилади мактуб матнида, деб ёзади «Украйинска правда».
Шу билан бирга, мамлакат Мудофаа вазирлиги демобилизация тўғрисидаги қонун лойиҳасининг иккита муқобил варианти устида ишлагани айтилмоқда. Улар ҳарбий ҳолат даврида 36 ой узлуксиз хизмат қилган ва камида 18 ой жанговар ҳудудда бўлган ҳарбий хизматчиларга икки ойгача реабилитацияга юбориш ва 30 кунлик таътил ёки 90 кунлик таътил беришни таклиф қилмоқда.
«Дронлар коалицияси» Украинага ўн минглаб УУА етказиб беради
АҚШ бошчилигидаги Рамштайн формати доирасида тузилган «дронлар коалицияси» ва «денгиз коалицияси» деб аталадиган давлатлар таркибига кирувчи йигирмадан ортиқ мамлакат 2025 йилнинг январ ойидан бошлаб Украинага ҳар хил турдаги «ўн минглаб» учувчисиз учоқлар етказиб беришни бошлайди. Бу ҳақда Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари Люк Поллард 19 декабр куни Лондонда Жамоатлар палатаси депутатлари олдидаги чиқиши чоғида маълум қилди, унинг сўзларини "Европейська правда" нашри келтирган.
«Тасдиқлашим мумкинки, январ ойида жиддий ўзгаришлар кутилмоқда – биз Норвегия ва Латвиядаги ҳамкорларимиз билан бирга етакчилик қилаётган денгиз ва учувчисиз учоқлар коалицияси орқали ўн минглаб дронларни етказиб беришни бошлаймиз», — дея Поллард сўзларидан иқтибос келтиради Украина нашри. «Британия ҳукумати Украина билан ҳамкорликни давом эттириб, унинг НАТОга аъзо бўлиш йўлидаги тараққиётига ёрдам беради». Расмий шунингдек, Буюк Британия «Украинага қурол-яроғ етказиб бериш суръатини ошириш ва Россия учун уруш олиб бориш харажатларини ошириш» мақсадида Рамштайн давлатлари билан ҳамкорликни давом эттираётганини таъкидлади.
Бундан ташқари, Полларднинг айтишича, 19 декабр куни эълон қилинган Украина учун янги 286 миллион долларлик (275 миллион евро) ҳарбий ёрдам пакети Буюк Британия томонидан бошқариладиган Украинага ёрдам бериш халқаро жамғармасининг 233 миллион долларини ўз ичига олади. Бу маблағлар асосий ҳарбий техника, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва уларнинг таркибий қисмларини сотиб олишга, шунингдек, Украина ҳарбий-денгиз кучларининг жанговар салоҳиятини мустаҳкамлашга йўналтирилади, дея аниқлик киритади «Европейська правда».
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025