Фан-техника | 11:23 / 26.12.2024
4024
5 дақиқада ўқилади

Дунё электрсиз қолади, сунъий идрок одамлардан ўзиб кетади: Илон Маскнинг 2025 йил учун прогнозлари

Маскнинг таъбири бўйича 2025 йилда бизни нималар кутмоқда?

SpaceX ва Tesla асосчиси, тадбиркор ва миллиардер, дунёнинг энг таъсири кучли шахсларидан бири Илон Маск келажакка оид фикрлари, тахминлари билан ҳам машҳур. Унинг ҳамма айтганлари ҳам рўёбга чиқавермайди, аксинча, кўпчилиги фантастик туюлади. Автоном транспорт воситалари, робототехника, космос ва сунъий идрок — Илон Маскни энг кўп қизиқтирадиган соҳалардир. Hi-Теch Mail нашри тадбиркорнинг 2025 йилга мўлжалланган оптимистик прогнозларини ўрганиб чиқди.

Tesla сотуви 30 фоизга ошади

Tesla акциядорларининг йиғилишида компания бош директори Илон Маск 2025 йил учун жуда оптимистик башорат айтди. Унинг таъкидлашича, электромобиллар сотувининг ҳажми 20-30 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Фото: Unsplash

Бундай сезиларли ўсиш арзонроқ ва оммабоп моделларни ишлаб чиқариш, шунингдек, Model 3 ва Model Y туркумларига жиддий чегирмалар тақдим этиш ҳисобига юз беради. Tesla Cybertruck электр юк машинасининг арзонроқ версияларини яратиш ваъдасини бажарса, ушбу модел ҳам янада арзонлашиши мумкин.

Агар ҳаммаси режадагидек кетса, 2025 йилда янги ҳайдовчисиз Cybercab таксиларини ишлаб чиқариш тўлиқ йўлга қўйилади. Бу эса йилига қўшимча 2 миллион, 2026 йилга келиб ҳатто 4 миллион электромобилни ташкил этади. Tesla компаниясининг яқин келажакдаги улкан режалари ана шулардан иборат.

Сунъий идрок одамлардан ақллироқ бўлади

Сунъий идрок сайёрамиздаги энг ақлли инсонларни ортда қолдириш даражасига тобора яқинлашмоқда. Келаси йил охиригача исталган одамдан ақллироқ машиналар пайдо бўлади, 2029 йилга келиб эса бутун инсониятнинг билими жамланганда ҳам сунъий идрокка етолмай қолади, деган фикрда Маск.

Фото: Unsplash

Одамга хос ақлий қобилиятларга тақлид қилувчи сунъий идрокни ишлаб чиқиш суръатлари жадаллашмоқда. Бунинг оқибатлари бутун инсоният учун муҳим. Компютерлар ҳар қандай маълумотни қайта ишлашда инсонлардан кўра тезроқ, самаралироқ ва арзонроқ ишлашга қодир бўлади. Масалан, сунъий идрок янги технологияларни самаралироқ ихтиро қилади, болаларни яхшироқ ўқитади, беморларга аниқроқ ташхис қўяди, инсон хатолари эҳтимоли эса минимал даражага тушади.

Техник сабаблар туфайли бундай келажак бироз кечикмоқда.

Жаҳонда электр энергияси тақчиллиги кутилмоқда

Дунё сунъий идрокни ўқитиш учун чиплар етишмовчилиги муаммосига аллақачон дуч келмоқда. Nvidia компаниясининг сотувлари 265 фоизга ўсган бўлса-да, тақчиллик камайгани йўқ. Маск келгуси йилга келиб компютер чиплари учун электр энергияси етмай қолишидан огоҳлантирди.

Фото: Unsplash

Электромобиллар сонининг кўпайиши ҳам электр энергияси истеъмолини сезиларли даражада оширмоқда. Бундай суръатлар билан яқин келажакда замонавий дунё шам ёруғида яшашга мажбур бўлиши мумкин.

Қазилма ёқилғидан қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш орқали вазиятдан чиқиш мумкин, бу йўналишни ривожлантириш керак, деб таъкидлайди Илон Маск.

Ҳайдовчисиз таксилар йўловчи ташишни бошлайди

Маскнинг ваъдаларига кўра, тўлиқ автоном Cybercab роботаксилари 30 минг доллардан арзонроқ бўлади. Улар келаси йилданоқ Калифорния ва Техас кўчаларида ҳаракатланишни бошлайди. Кейинчалик эса Европа ва Хитой йўлларига ҳам чиқади. Ҳайдовчисиз транспортни ишга тушириш вақти тартибга солувчи органларнинг қарорига боғлиқ.

Фото: Tesla

Роботаксида рул ва педаллар бўлмайди, розетка ўрнига эса индуктив зарядлаш қурилмаси ўрнатилади. Одамлар йўлда ишлаши, ухлаши ёки филм томоша қилиши мумкин. Бундан ташқари, роботакси ҳайдовчи хатоларини бутунлай бартараф этади, натижада йўл-транспорт ҳодисалари, жароҳатланишлар ва ҳатто ўлим ҳолатлари сони камаяди.

Маск Cybercab’ни ишга туширишдан ташқари, келаси йил Калифорния ва Техасда Model 3 ҳамда Model Y автомобилларига автоматик бошқарув функциясини жорий этиш режаларини маълум қилган.

Tesla Optimus роботини ишлаб чиқариш 2025 йилнинг охиригача бошланади

Илон Маск Optimus роботларини ишлаб чиқаришни 2022 йилга ваъда қилганди. Бироқ ақлли машина ҳамон ишлаб чиқариш босқичида турибди. Янги башоратга кўра, келаси йили Tesla компанияси ўз объектларида ички фойдаланиш учун ҳуманоид роботларнинг кичик гуруҳларини яратишни бошлайди. 2026 йилга келиб бошқалар ҳам улардан фойдаланиш имконига эга бўлади. Илон Маскнинг башоратларига кўра, бу Tesla компаниясининг қийматини 25 триллион долларгача ошириши мумкин.

Фото: Geeky Gadgets

Bumblebee номли Optimus роботининг биринчи авлоди 2022 йил сентябр ойида яратилганди. Унинг бўйи тахминан 1,7 метр, оғирлиги эса 56 килограмм. У инсонларни зерикарли, бир хилдаги ва ҳатто хавфли ишларни бажаришдан қутқаришга мўлжалланган. Масалан, дастлабки ҳуманоид ёрдамчилар компания заводида металл стерженларни кўтариб юради, қутиларні ташийди ва гулларга сув қуяди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид