Жаҳон | 12:36 / 27.12.2024
2422
3 дақиқада ўқилади

Денгизда кабеллар узилиши: Финлар танкерни диверсияда гумон қилмоқда

Финландия ва Эстония ўртасидаги сувости кабелига зарар етказилганидан сўнг, Финландия ҳукумати Россия портидан чиқиб кетган ва эҳтимол, Россиянинг «соядаги флоти»га тегишли бўлган нефт танкерини диверсияда гумон қилмоқда.

Фото: AFP

Финландия ва Эстония ўртасидаги учта алоқа кабели шикастлангани сабабли Финландия ҳукумати Россия портларидан биридан Кук ороллари байроғи остида сузиб келган Eagle S нефт танкерини «жиддий диверсия»да гумон қилмоқда. Терговчилар кеманинг Россия Федерациясининг «соядаги флоти»га тегишли эканлиги ҳақидаги шубҳаларни ўрганмоқда, деди 26 декабр, пайшанба куни Финландия божхона хизмати директори Сами Ракшит, AFP агентлиги унинг сўзларидан иқтибос келтирган.

«Бизнинг патрул кемамиз ҳудудда эди ва кемада лангар йўқолганини пайқади», деди Финландия Чегара қўриқлаш хизмати вакили Маркку Ҳассинен ўша куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида. Шунинг учун, «ғалати нарса содир бўлганига ишониш учун аниқ асослар бор», дея қўшимча қилди у. Финландия бош вазири Петтери Орпо журналистларга воқеа «жуда жиддий» эканлигини айтди. «Ҳокимиятнинг қатъий ҳаракатлари бошқа судларга аниқ сигнал бериши керак: биз аралашамиз», деб огоҳлантирди у.

Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна Болтиқ денгизидаги муҳим сувости инфратузилмасига етказилган зарарни ҳисобга олиб, «бу бахтсиз ҳодиса ёки оддий манёврдаги хато эканлигига ишониш қийин», деб тушунтирди. Агар кема лангарини денгиз туби бўйлаб судраб кетган бўлса, буни бахтсиз ҳодиса деб ҳисоблаш қийин, деди у Финландия ҳукумати билан музокаралардан сўнг, дея хабар берди AFP.

Финландияда кабеллар узилишида жиноий мақсад аниқланмади

Финландия ва Швеция ўртасидаги иккита ерусти оптик толали кабеллардаги узилишлар қурилиш ишлари туфайли содир бўлган деб тахмин қилинган. Воқеа ортида жиноий мақсад йўқ. Бу ҳақда 3 декабр куни Финландия полициясига таяниб, Reuters агентлиги хабар берди.

«Кабелнинг шикастланиши билан боғлиқ иккита ҳолатда жиноий мақсадда гумон қилиш учун ҳеч қандай асос йўқ», дейилади баёнотда. Ўз навбатида, Финландия транспорт ва коммуникациялар вазири Лулу Ранне, бу афтидан, тасодиф эканлигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид