Жаҳон | 21:25 / 28.12.2024
5015
3 дақиқада ўқилади

«Газпром» 1 январдан бошлаб Молдовага газ етказиб беришни тўхтатади

Россиянинг «Газпром» компанияси «Молдовагаз» томонининг 709 млн долларлик қарздорлиги сабаб 2025 йил 1 январдан Молдовага газ етказиб беришни тўхтатади. Ўз навбатида Молдова томони қарздорлик 8,6 млн долларни ташкил этишини ва мамлакат «мавжуд бўлмаган қарзларни» тўлаш ниятида эмаслигини билдирган.

Фото: Андрей Рудаков / Bloomberg

«Газпром» 2025 йил 1 январдан «Молдовагаз» томонининг қарздорлиги сабаб Молдовага газ етказиб беришни тўхтатади. Бу ҳақда Россия компанияси хабар берди.

«Газпром»нинг қайд этишича, Молдова томони етказиб берилган газ бўйича қарздорликни узишдан бош тортмоқда. Шу боис «Газпром» бу амалдаги шартномани «жиддий бузиш» экани ҳақида «Молдовагаз»га хабарнома юборган.

«Шу муносабат билан шартнома қоидалари ва Россия қонунчилигининг амалдаги нормаларидан келиб чиққан ҳолда, «Газпром» ОАЖ 2025 йил 1 январ куни Москва вақти билан соат 08:00 дан бошлаб Молдова Республикасига табиий газ етказиб беришга 0 метр кубгача чеклов жорий этади», — дейилади компания хабарида.

2021 йилда «Газпром» ва «Молдовагаз» беш йиллик шартнома имзолаган эди. «Коммерсант»нинг эслатишича, унинг шартларидан бири Молдова томонидан қарздорликни ёпиш бўлган. Россия компанияси қарздорликни жарима ва пенялари билан бирга 709 миллион долларга баҳоламоқда. Молдова бош вазири Дорин Речан 2023 йил сентябрда Кишинёв фақат 8,6 миллион доллар қарзи борлигини тан олиши ва «мавжуд бўлмаган қарзларни» тўлаш ниятида эмаслигини маълум қилганди. Ноябр ойида у яна Молдова Россияга 709 миллион доллар тўламоқчи эмаслигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Молдова президенти Майя Санду Россиянинг «Газпром» ширкати Молдова ҳукуматига 700 миллион доллар қарзи борлиги ва уни тўламагунча газ етказиб бериш бўйича янги шартнома имзоланмаслигини маълум қилгани ҳақида гапирганди.

«Молдовагаз» мамлакатдаги газ тақсимловчи компания бўлиб, «Газпром» унинг асосий акциядори ҳисобланади. Қисқаси, улар бизга сизнинг катта қарзингиз бор дейишди. Текширишимиз кераклигини айтдик, чунки бу қарзлар қаердан келганини билмаймиз. Тасдиқланмаган қарзга имзо чека олмасдик, чунки нарх аллақачон кўтарилган ва жуда баланд эди, лекин қарз ҳам бор эди. Шунинг учун, халқаро аудиторларни ёлладик. Аудиторлар эса қарз 700 миллион доллар эмас, балки 8 миллион доллар эканини кўрсатиб беришди», — деган эди Санду.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид