Жаҳон | 10:52 / 30.12.2024
1096
4 дақиқада ўқилади

Германия Сурияни қайта тиклаш учун 60 млн евро ажратади

Берлин Суриядаги гуманитар ташкилотлар фаолияти учун маблағ ажратади. Хусусан, бу маблағ мактабларни тиклашга йўналтирилади.

Фото: Mohamad Chreyteh

Германия федерал ҳукумати Сурияга ёрдам берадиган бир қанча лойиҳаларда иштирок этади. Бу мақсадлар учун жами 60 миллион евро ажратилади. Бироқ пуллар Сурия расмийларига тўғридан тўғри юборилмайди, деди Германиянинг иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазири Свеня Шулце 30 декабр, душанба куни чоп этилган Redaktionsnetzwerk Deutschland (RND) нашрига берган интервюсида.

Шулценинг сўзларига кўра, Сурияда Башар Асад режими қулагандан кейин гуманитар вазият «ҳалокатли» – мамлакат аҳолисининг 90 фоизи қашшоқликда яшайди ва инсонпарварлик ёрдамига боғлиқ. 2011 йилдан бери давом этган фуқаролар уруши пайтида маҳаллий инфратузилманинг катта қисми вайрон қилинган.

Берлин иштирок этадиган Сурияни қайта тиклаш лойиҳалари нодавлат ва халқаро ташкилотлар орқали амалга оширилади. Хусусан, 25 миллион евро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармасига (ЮНИСEФ) йўналтирилиши керак, у бошқа ишлар қаторида мактабларни таъмирлаш билан шуғулланади. Бундан ташқари, маблағ урушдан жабр кўрган болаларга ёрдам бериш учун сарфланади. Маҳаллий мактабларни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш учун эса 6 миллион евро ажратилади.

Яна 19 миллион евро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (UNDP)га йўналтирилади, у бошқа нарсалар қатори ички кўчирилганлар учун ишларни ташкил қилади. Суриялик аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни қўллаб-қувватловчи БМТ жамғармаси 3 миллион евро олади, қолган етти миллион эса «турли аҳоли гуруҳлари ўртасида ярашув» билан шуғулланувчи маҳаллий нодавлат ташкилотларга ажратилади.

Шулценинг қайд этишича, айни дамда Берлин мамлакатдаги ҳокимиятнинг «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) гуруҳига ўтиши фонида Сурияда нима бўлишини олдиндан айтолмайди. «Аммо ижобий ривожланиш учун имконият мавжуд ва энди биз уни қўллаб-қувватлаш учун ҳамма нарсани қилишимиз керак», деди немис вазири.

«Биз умидларимизни аниқ белгилаб олдик: мафкурадан, дискриминациядан ва четланишдан холи таълим тизими, агар тараққиёт тўғри йўналишда кетса, биз бошқа соҳаларда ҳам кўп ишларни қилишга тайёрмиз», деди Шулце.

Собиқ исёнчи гуруҳлар Сурия Мудофаа вазирлигини назорат қилмоқчи

24 декабр куни Суриянинг амалдаги раҳбари, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) радикал гуруҳи етакчиси, Абу Муҳаммад ал-Жулоний номи билан танилган Аҳмад ал-Шара ва исёнчи гуруҳларнинг собиқ раҳбарлари уларни тарқатиб юбориш ва кейинчалик мамлакат Мудофаа вазирлиги раҳбарлигида бирлаштириш тўғрисида келишиб олди. Бу ҳақда Reuters агентлиги иқтибос келтирган Суриянинг янги ҳукумати баёнотида айтилади.

Ўтган ҳафта Сурия бош вазири Муҳаммад ал-Башир Мудофаа вазирлиги қайта ташкил этилишини ва бу жараёнга собиқ исёнчи гуруҳлар, шунингдек, Башар Асад армиясидан қочиб кетган зобитлар жалб этилишини айтди, дея аниқлик киритади агентлик. Энди Аҳмад ал-Шара олдида кўплаб қуролланган собиқ исёнчилар гуруҳлари ўртасидаги тўқнашувларнинг олдини олиш вазифаси турибди, дея таъкидлайди Reuters.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид