Жаҳон | 23:28 / 30.12.2024
3531
2 дақиқада ўқилади

Молдова акцияларининг асосий қисми «Газпром»га тегишли «Молдовагаз»ни миллийлаштиради

«Газпром» 2025 йил 1 январдан Молдовага газ етказиб беришни тўхтатади. Мамлакат бош вазирининг айтишича, ҳозирда акцияларининг 51 фоизи «Газпром»га тегишли «Молдовагаз» қачонлардир тортиб олинган.

Фото: Point

Молдова бош вазири Дорин Речан ҳукуматга «Молдовагаз» компаниясини миллийлаштиришга тайёргаликни бошлаш бўйича топшириқ берди, деб ёзади Reuters. Ушбу компания акцияларининг назорат пакети (51 фоизи) «Газпром»га тегишли.

Ҳукумат йиғилишида Речан адлия вазирига қонунчиликка миллийлаштиришни амалга ошириш имконини берадиган ўзгартиришларни тайёрлашни буюрган. 

«Ушбу объектлар [«Молдовагаз»] ҳам биздан қачонлардир тортиб олинган. Ва биз уларни давлат ихтиёрига қайтаришимиз керак», — деган Речан.

Россия Молдовага ҳар йили 2 миллиард метр кубга яқин газ етказиб беради. «Газпром»дан ташқари «Молдовагаз» акциялари Молдова ҳукуматига (35,33 фоиз), шунингдек, тан олинмаган Днестрбўйи мулкларини бошқариш қўмитаси (13,44 фоиз) ва миноритарга тегишли.

28 декабр куни «Газпром» 2025 йил 1 январдан «Молдовагаз» томонининг қарздорлиги сабаб Молдовага газ етказиб беришни тўхтатишини маълум қилди. 2021 йилда «Газпром» ва «Молдовагаз» беш йиллик шартнома имзолаган эди. «Коммерсант»нинг эслатишича, унинг шартларидан бири Молдова томонидан қарздорликни ёпиш бўлган. Россия компанияси қарздорликни жарима ва пенялари билан бирга 709 миллион долларга баҳоламоқда. Молдова бош вазири Дорин Речан 2023 йил сентябрда Кишинёв фақат 8,6 миллион доллар қарзи борлигини тан олиши ва «мавжуд бўлмаган қарзларни» тўлаш ниятида эмаслигини маълум қилганди. Ноябр ойида у яна Молдова Россияга 709 миллион доллар тўламоқчи эмаслигини айтган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид