Жаҳон | 23:32 / 03.01.2025
5169
2 дақиқада ўқилади

Полшада фермерлар норозилик намойишларини бошлади

Варшавада полшалик фермерлар Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти, шунингдек, Европа экологик нормаларига қарши норозилик акцияларини бошлади.

Фото: AP

Полшалик фермерлар Европа комиссиясининг Варшавадаги ваколатхонаси қаршисида норозилик акциясини ўтказмоқда. Қайд этилишича, 3 январ куни Еврокомиссиянинг Варшавадаги ваколатхонаси қаршисида аграр секторнинг бир неча минг вакили тўпланган. Намойишлар Полша 2025 йил ўрталарига қадар Европа Иттифоқи раислигини зиммасига олган вақтга тўғри келди.

Полшалик фермерлар Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти, Европа экологик нормалари, мамлакатда иқтисодий кўрсаткичлар қулашига қарши намойишлар бошлаган.

«Мамлакатимизда мавжуд барча қишлоқ хўжалиги ташкилотлари Европа Иттифоқининг зарарли сиёсатига, бизнинг фермаларимизни ёпилишга мажбур қиладиган ушбу сиёсатни бошлаган Урсула фон дер Ляйенга қарши ўтказмоқда», — дейди «Бирдамлик» касаба уюшмалари раҳбари Томаш Оканский.

Фермерлар намойишига, шунингдек, овчилик жамияти вакиллари ҳам қўшилган, улар ўрмонлардан фойдаланиш ва ов қилиш борасидаги ЕИ ҳамда ҳукумат сиёсатидан норози.

Акция Варшава марказидаги Ясная кўчасида бошланган ва у марказий кўчалар бўйлаб давом этади. Полша пойтахти полиция комендатураси фермерларнинг юриши сабаб қатор кўчаларда ҳаракат тўхтатилганини маълум қилди.

Ўз навбатида Полша Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги идора раҳбари Чеслав Секерский фермерларни иш жойида кутаётгани ва уларнинг талабларини тинглашга тайёр эканини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ноябр ойида полшалик фермерлар Украина билан чегарада жойлашган Медика — Шегини назорат-ўтказиш пунктидан ўтувчи йўлни юк машиналари ҳаракати учун тўсиб қўйганди. Ўшанда норозилик намойишлари икки сабабга кўра ўтказган — улар бевосита Украинага боғлиқ эмас. Биринчиси бу — 2024 йилда қишлоқ хўжалиги солиқларини 2023 йилги даражада сақлаб қолиш талаблари бажарилмагани. Иккинчиси — Европа Иттифоқи томонидан Жанубий Америка давлатлари — Бразилия, Аргентина, Парагвай ва Уругвай билан эркин савдо тўғрисида битим имзоланишига оид хавотир. Фермерлар солиқларни оширмаслик ва битим имзоланмаслигини талаб қилган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид