Жаҳон | 15:35 / 03.01.2025
3875
3 дақиқада ўқилади

Захарова: Россиядан Украина орқали газ етказишни тўхтатиш Европа иқтисодий салоҳиятини заифлаштиради

Россия газини етказиб беришни «бутунлай» тўхтатиш учун жавобгарлик АҚШ, Киев, шунингдек, Европа давлатлари расмийларига юклатилади — Россия ТИВ.

Фото: AFP

Россия газини Украина орқали етказиб беришнинг тўхтатилиши Европанинг иқтисодий салоҳиятини заифлаштиради ва Европа фуқароларининг турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатади. Бу фикрни Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Россия газининг Украина ҳудуди орқали транзити тўхтатилиши муносабати билан берган изоҳида билдирди.

Дипломатнинг эслатишича, «Газпром» ОАЖ ва Украинанинг «Нафтогаз» компанияси ҳамда Украина газ транспорти тизими оператори ўртасидаги келишув 2025 йил 1 январда тугаган ва Киев уни узайтиришдан бош тортган.

«Рақобатбардош ва экологик тоза Россия энергия ташувчисини етказиб беришни тўхтатиш нафақат Европанинг иқтисодий салоҳиятини заифлаштиради, балки Европа фуқароларининг турмуш даражасига ҳам жуда салбий таъсир кўрсатади. Киев режими қарорининг геосиёсий сабаби кўриниб турибди. Европа энергетика бозорини қайта тақсимлашдан асосий фойда олувчи ва Украина инқирозининг бош ҳомийси — АҚШ», — дейди Захарова.

Россия дипломатининг таъкидлашича, «уларнинг шафқатсиз стратегиясининг биринчи қурбони аллақачон Европанинг энг йирик иқтисодиёти — Германия бўлди, у «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2» газ қувурлари портлашидан кейин табиий газни сезиларли даражада юқори нархларда сотиб олишга мажбур бўлди».

«Энди илгари иқтисодий жиҳатдан муваффақиятли ва мустақил Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари Америка шафелиги учун нарх тўлаши керак бўлади», деди у.

«Россия газини етказиб беришни тўхтатиш учун жавобгарлик тўлиқ Қўшма Штатлар, Киев режими, шунингдек, Америка иқтисодиётини молиявий қўллаб-қувватлаш йўлида ўз фуқароларининг фаровонлигини қурбон қилган Европа давлатлари расмийлари зиммасига тушади», дея хулоса қилди Захарова.

1 январь куни Москва вақти билан соат 8:00 да Россиянинг «Газпром» энергетика ҳолдинги беш йиллик келишув муддати тугаши муносабати билан Украина орқали газ транзитини тўхтатди.

«2025 йил 1 январ, Москва вақти билан соат 8:00 да 2019 йил 30 декабрда имзоланган ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугади: «Газпром» ОАЖ ва Украинанинг «Нафтогаз» ўртасида Россия газини Украина ҳудуди орқали ташишни ташкил этиш бўйича келишув ҳамда Россия ва Украинанинг ГТС операторлари — «Газпром» ОАЖ ва «Оператор газотранспортной системы Украины» МЧЖ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома. Украина томонининг ушбу келишувларни янгилашни бир неча бор рад этиши сабабли, «Газпром» 2025 йил 1 январдан бошлаб Украина ҳудуди орқали транзит учун газ етказиб беришнинг техник ва ҳуқуқий имкониятидан маҳрум бўлди. Москва вақти билан соат 8:00 дан бошлаб Россия газини Украина ҳудуди орқали етказиб бериш амалга оширилмаяпти», — дейилади хабарда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид