Жаҳон | 23:25 / 06.01.2025
2102
2 дақиқада ўқилади

Болтиқбўйи давлатлари ва Полша энергия тармоқлари ҳимоясига 600 млн доллар сармоя киритади

Биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида асосий эътибор барча турдаги, хусусан, дронлар орқали уюштириладиган ҳужумларнинг олдини олишга қаратилади.

Фото: Elering

Болтиқбўйи давлатлари ва Полша энерготармоқлар ҳимояси учун 600 миллион евро сармоя киришни режалаштирмоқда, деб хабар беради ERR.

«Эстония, Латвия, Литва ва Полшадаги электр тармоқларининг асосий операторлари муҳим энергетика инфратузилмалари хавфсизлигини оширишга йўналтирилган 600 миллион евролик турли лойиҳалар рўйхатини тузиб чиқди», — дейилади хабарда.

Elering энергетика компанияси бошқарув раиси Калле Кликнинг маълум қилишича, лойиҳалар Европа бирдамлик жамғармаси томонида қўллаб-қувватланиши кутилмоқда. Лойиҳалар доирасида асосий эътибор барча турдаги ҳужумларнинг олдини олишга қаратилади. «Elering компанияси дронларни аниқлаш ва уларнинг ҳужумларини қайтариш имкониятини яратмоқчи», — дейди Килк.

Унинг сўзларига кўра, «бу борада яхши ғоялар мавжуд ва улар тегишли муассасалар билан яқиндан ҳамкорлик олиб бормоқда».

Кликнинг таъкидлашича, Эстония ва Латвия ўртасидаги учта юқори волтли ҳаво тармоғи кучли назоратга олинади.

Лойиҳаларнинг айримлари сувости инфратузилмаларини кузатишга қаратилган. Килкнинг сўзларига кўра, лойиҳаларнинг умумий қиймати 600 миллион еврога баҳоланмоқда.

У маблағларнинг учдан бир қисми Эстонияга йўналтирилишини тасдиқлаган. Қолган маблағларнинг асосий қисми эса Латвия ва Литва ўртасида тақсимланади, инвестициянинг бир қисми Полшага йўналтирилади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид