Жаҳон | 19:27 / 07.01.2025
3165
2 дақиқада ўқилади

Туркия ва Қатар Сурияга иккита сузувчи электр станция юборади

Суриянинг аксарият ҳудудларига ҳозирда бир кунда икки-уч соат электр энергияси берилмоқда. Янги ҳукумат икки ой ичида электр таъминотини суткасига саккиз соатга етказишга ваъда берган.

Фото: AP

Туркия ва Қатар Сурияга электр таъминот билан боғлиқ вазиятни яхшилаш мақсадида иккита сузувчи электр станциясини юборади. Бу ҳақда Сурия электр таъминоти идораси бош директори Холид Абу Дай маълум қилди.

«Олдинги режим вақтида ишлаб чиқариш объектлари, трансформатор нимстанциялари ва электр узатиш тармоқларига етказилган зарар жуда юқори. Электр энергиясини узатиш учун уларни қайта тиклаш ниятидамиз», — дейди у.

Аммо Холид Абу Дай электр станция кемалари Сурияга қачон етиб келишига ойдинлик киритмаган. Шунингдек, у мазкур икки кема суриялик истеъмолчилар учун қанча вақт ишлашини ҳам айтмаган.

Таъкидланишича, Суриянинг аксарият ҳудудларига ҳозирда бир кунда икки-уч соат электр энергияси берилмоқда. Мамлакатнинг янги администрацияси икки ой ичида электр таъминотини суткасига саккиз соатга етказишга ваъда берган.

6 январ куни АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси Сурия ўтиш даври ҳукумати вакилларига мамлакатда молиявий фаолиятни кенгайтириш учун умумий лицензия берди. Бош лицензия 7 июлгача «Сурияга баъзи энергия операциялари ва шахсий пул ўтказмалари»га рухсат беради.

Аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Суриянинг қайта тикланишига ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамият ундан санкцияларни олиб ташлаши кераклигини маълум қилганди. «Олдинги режимга қарши жорий этилган санкциялар имкон қадар тезроқ олиб ташланиши керак», — деган Фидан Суриянинг янги раҳбари Аҳмад ал-Шаръа билан ўтказилган матбуот анжуманида.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид