Жаҳон | 21:59 / 08.01.2025
7104
3 дақиқада ўқилади

БМТ Арктика музликларининг эриши хавфли қадимий микробларни уйғотишидан огоҳлантирди

Бугунги кунда Арктика ернинг бошқа нуқталарига нисбатан тўрт баробар тезроқ исимоқда. Шунингдек, музликларда қарийб 1500 гигатонна углерод сақланади — бу атмосферадаги углероддан тахминан икки баробарга кўп.

Фото: Pexels

Айрим тадқиқотчилар Арктика музликларининг эриши потенциал ўлим микробларини «озод қилиши» мумкин деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда БМТ сайтида эълон қилинган мақолада сўз боради.

Тадқиқотлардан бирида келтирилишича, 2016 йилда ёз фасли одатдагидан иссиқ келганида Сибир куйдиргисини чақирувчи бактерия Ямал яриморолида 2,5 мингдан зиёд буғунинг ўлимига сабабчи бўлган. Олдинлари абадий музликда «ухлаган» патоген охир-оқибат одамлар орасида ҳам тарқалиб, 12 ёшли боланинг ўлимига олиб келган.

Айрим тадқиқотчилар ушбу эпидемияни келажакдаги воқеаларнинг хабарчиси дея ҳисоблайди. Иқлим ўзгариши туфайли Арктикада ҳаво ҳарорати тезда илимоқда ва музликларнинг эриши юзлаб йиллар давомида музлар орасида «ухлаб» ётган, замонавий инсоннинг уларга қарши иммунитети бўлмаган кўплаб хавфли микробларни озод этиб юбориши мумкин.

Бу турдаги хавф ҳақида БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНEП ва Халқаро илмий кенгаши ҳисоботида ҳам сўз боради.

«Ушбу микроблар ҳозирда абадий музликда экани боис қанчалик тарқалиши ёки хавфли бўлишини олдиндан айтиш қийин. Аммо хавотирлар учун сабаблар бор», — дейди ЮНEП бош илмий ходими Андреа Хинвуд.

Бугунги кунда Арктика ернинг бошқа қисмларига нисбатан тўрт баробар тезроқ исимоқда.  Environmental Sustainability журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, ҳар йили 4 секстиллион микроб озод бўлмоқда.

Таъкидланишича, касалликларнинг тарқалиши — Арктика музликларининг эриши билан боғлиқ ягона муаммо эмас.

Музликларда қарийб 1500 гигатонна углерод сақланади — бу атмосферадаги углероддан тахминан икки баробарга кўп демак. Музликларнинг эриши натижасида углерод атмосферага тарқалиб, карбонат ангидрид ёки метан ҳосил қилади. Ушбу иссиқхона газлари сайёрани янада қиздириб, музликлар эришини тезлаштиради.

Хинвуднинг айтишича, халқаро ҳамжамият назорат қилиб бўлмайдиган иқлим ўзгаришининг олдини олиш учун глобал исишни юзага келтираётган парник газлари чиқишини қисқартириши керак.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид